Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Шиша идишларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 7-сон, 100-модда)
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шиша идишларнинг хавфсизлигига қўйиладиган ягона талабларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шиша идишларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва у расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ойдан кейин амалга киритилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
2. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ техник регламентларнинг амалга киритилиши билан уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларни стандартлаштириш бўйича илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар мажбурийлик тусини йўқотиши ва белгиланган тартибда қўллашнинг ихтиёрийлигига эга бўлиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Ўзстандарт» агентлиги ваколатли органлар билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган Умумий техник регламент белгиланган тартибда амалга киритилган кундан бошлаб шиша идишларни стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда мажбурийлик тусини бекор қилиш ва ихтиёрийликни таъминлаш чораларини кўрсин.
4. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти, «Ўзстандарт» агентлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда аҳоли, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари тасдиқланган Умумий техник регламентнинг мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида кенг хабардор қилинишини таъминласинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У. Розукулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 16 февраль,
86-сон