О дополнительных мерах по реализации программы «Обод қишлоқ» в 2018 году

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

«ОБОД ҚИШЛОҚ» ДАСТУРИНИ 2018 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

«Обод қишлоқ» дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;

«Обод қишлоқ» дастури доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

«Обод қишлоқ» дастури доирасида ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ ва электр энергиясини аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб бериш префернциялари татбиқ этиладиган асосий турдаги қурилиш материаллари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

«Обод қишлоқ» дастури амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус штабларнинг намунавий таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. «Обод қишлоқ» дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 6-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;

қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашнинг бориши юзасидан тизимли мониторинг юритиш;

келгуси йиллар учун «Обод қишлоқ» дастурини тайёрлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар — буюртмачиларнинг таклифлари асосида тасдиқланган дастурнинг тегишли параметрларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бажариладиган иш турлари ва ҳажмлари ҳамда молиялаштириш манбаларига келишилган ҳолда аниқлик киритиш.

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти Республика комиссиясининг Ишчи органи этиб белгилансин ҳамда унга келгуси йиллар учун «Обод қишлоқ» дастурини ишлаб чиқиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилсин.

Республика комиссияси (Раматов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб, ўн кун муддатда маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли вазирлик (идора)лар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган туман ва қишлоқлар кесимидаги манзилли рўйхатларни тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йил Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш дастури параметрларини шакллантиришда «Обод қишлоқ» дастури доирасида 2019 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун зарурий марказлашган капитал қўйилмалар лимити кўзда тутсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик-коммуникациялари қурилиши учун халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун лойиҳанинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини (лойиҳаолди ҳужжатини) ўн беш кун муддатда тайёрлаб, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботлари (лойиҳаолди ҳужжатлари) асосида «Обод қишлоқ» дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматларнинг молиялаштирувчи ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган ҳар бир туман (шаҳар) ва қишлоқ бўйича махсус штабларни шакллантириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйсин, шунингдек, ҳар бир объект кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқласин ва мониторинг натижаларини ҳар ой якуни билан Республика комиссиясига тақдим этиб борсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзқурилишматериаллари» АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари «Обод қишлоқ» дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозлари билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсинлар.

«Ўзқурилишматериаллари» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзмахсусмонтажқурилиш» АК, «Ўзэлтехсаноат» АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб бериш учун жойларда савдо шохобчалари — корхоналарнинг фирма дўконлари ва филиалларини комплекс тарзда ташкил этсинлар.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси «Давергеодезкадастр» қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат автомобиль йўллари қўмитаси, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларини хатловдан ўтказиб, уларнинг натижаларига кўра:

мавжуд уй-жойлар, бино-иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансинлар ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини;

техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино-иншоотлар ва қурилмаларнинг бузилишини;

ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимликларининг ер захира фондларига олинишини таъминласинлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат автомобиль йўллари қўмитаси «Обод қишлоқ» дастури доирасида туман марказидан қишлоқларгача бўлган йўлларни, қишлоқларнинг марказий кўчаларини ва асфальт билан қопланган йўлларни таъмирлаш, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларини қум-шағал қоришма ётқизиш ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари асосида амалга оширсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга оширишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида лойиҳа ташкилотларини бириктириб, улар томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиши таъминлансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКлар билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида чиқинди йиғиш пунктларини барпо этиб, тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш ва утилизация қилиш ишлари ташкил қилсин ҳамда мазкур ишларни бажарадиган корхоналарни зарурий транспорт воситалари, техника ва машина-механизмлар билан таъминлаш юзасидан чоралар кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлиги оширилишини таъминласин.

Бунда, мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш турган бино-иншоотларда ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш ҳамда уларнинг тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва С.Р. Холмуродов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 29 март,

ПҚ-3630-сон

Файл
Дата регистрации: 29.03.2018 г.
Номер: ПП-3630
Скачать файл
Размер: 1.97 MB




Комментарии (0)
Комментарии отсутствуют
Только зарегистрированные пользователи могут оставлять комментарии.
Войдите, пожалуйста.

Нажмите чтобы прослушать выделенный текст! Powered by GSpeech