Ekskavatorlar va gusenitsali texnikani ta’mirlash zavodini qurish to‘g‘risida

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 23-сон, 263-модда; 2017 й., 2-сон, 31-модда)

Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш ҳамда уларнинг муттасил кенгайиб бораётган паркини қайта тиклаш учун технологик жиҳатдан юқори даражада жиҳозланган замонавий ишлаб чиқариш базасини шакллантириш ва шунинг асосида улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида:

Олдинги таҳрирга қаранг.

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг 2017-2018 йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Ўзтемирйўлмаштаъмир» УКнинг Сирдарё шаҳрида жойлашган вагон-ғилдирак устахоналари негизида экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича мўлжалдаги қиймати 29,0 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2719-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 2-сон, 31-модда)

2. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси бир босқичли тартибда, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиққан ҳолда амалга оширилади;

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъул ҳисобланади;

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг шахсий маблағлари лойиҳани молиялаштириш манбаи ҳисобланади.

3. Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ — буюртмачи;

«Боштранслойиҳа» АЖ — бош лойиҳа ташкилоти;

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг таркибий бўлинмалари — бош пудратчи ташкилотлар этиб белгилансин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

4. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 2017 йил 1 апрелига қадар муддатда экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланишини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2719-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 2-сон, 31-модда)

5. Истисно тариқасида, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига:

Олдинги таҳрирга қаранг.

2017 йил 1 июлга қадар экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводи қурилишини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга;

(5-бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2719-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 2-сон, 31-модда)

ишлаб чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари) билан, тендер савдолари ўтказмасдан, импорт қилинаётган товарларни ортиб жўнатишдан олдин албатта текшириб кўрган ҳолда, асбоб-ускуналар ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узелларни энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида етказиб бериш тўғрисида шартномалар тузишга рухсат берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги белгиланган тартибда:

«Ўзқурилишматериаллари» АК, «Ўзбекнефтгаз» МХК ва «Ўзметкомбинат» АЖ билан биргаликда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ буюртманомаларига кўра лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган цементни — тартибга солиб туриладиган нархларда, ёнилғи-мойлаш материалларини — шартномавий нархларда ва металл прокатини — биржа котировкаларини ҳисобга олган ҳолда ажратилиши ҳамда тўғридан тўғри шартномалар бўйича етказиб берилишини;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда — лойиҳанинг Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги ва кейинги йиллардаги Инвестиция дастурига киритилишини таъминласин.

7. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ кафолат муддати даврида республикада ишлатилаётган экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга тегишли лицензия ёки сертификатларни хорижий ишлаб чиқарувчилардан олишни таъминласин.

8. Экскаваторлар ва гусеницали техникани таъмирлаш заводини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Олдинги таҳрирга қаранг.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан бажариладиган қурилиш-монтаж ишлари ҳажми — қўшилган қиймат солиғидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига, Бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

(8-бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2719-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 2-сон, 31-модда)

республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган машина ва ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, асбоблар ва технологик жиҳозлар — бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Белгилаб қўйилсинки, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан унинг бўлинмалари ўртасида бепул асосда топширилаётган мол-мулк қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.

(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2719-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 2-сон, 31-модда)

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг буюртманомаларига кўра ушбу лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 3 июнь,

ПҚ-2543-сон

Файл
Ro’yxatdan o’tish muddati: 03.06.2016 y.
Raqam: ПҚ-2543-сон
Yuklab olish
Hajmi: 152.81 KB




Kommentariylar (0)
Kommentariylar yo’q
Faqatgina ro’yxatga olingan foydalanubchilar izoh qoldirishlari mumkin.
Kiring , marhamat.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech