Xalqaro sifat standartiga munosib


Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига  қилган ташрифи давомида вилоятдаги бир қатор корхоналарда ҳам бўлиб, ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириш юзасидан тавсиялар берган эди.

Бу эса айни пайтда янги-янги истиқболли лойиҳалар рўёбига йўл очмоқда.

Зеро, имконият ва  эътибор бор жойда тараққиёт бўлади. Шу маънода, бугунги кунда вилоятда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ислоҳотлар замирида ана шундай омиллар мужассам. Бинобарин, бу саноат субъектларининг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилаяпти. Жумладан, изчил олиб борилаётган маҳаллийлаштириш жараёни ишлаб чиқариш тармоқларига иқтисодий жиҳатдан катта фойда келтирмоқда. Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги “Кварц“ акциядорлик жамияти фаолияти фикримиз тасдиғидир.

Ҳозирги кунда мазкур корхонада тайёрланаётган силлиқланган қурилиш ва тобланган ойналар, шиша идишларга бўлган талаб тобора ортиб бораётир.

Бунда ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш, маҳсулот турларини кўпайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, айниқса, қўл келаяпти. Жумладан, жорий йилда 204 минг евро эвазига Испаниянинг “Tecglass” компаниясидан энг сўнгги русумдаги дастгоҳлар сотиб олиниши билан ойнага керамик бўёқлар ёрдамида сурат босиш имконияти -яратилди. Эътиборлиси, ушбу қурилма кўмагида турли қалинликдаги ойнага исталган рангдаги расмларни босиш ва ойнани тоблаш мумкин. Бундай декоратив ойналар қуёш нури ҳамда бошқа табиий таъсирларга ўта чидамли. Ваҳолонки, илгари бу каби ноёб қурилиш ашёси хориждан келтирилар эди.

Мазкур лойиҳа асосида ишлаб чиқарилаётган замонавий маҳсулот мебелсозлик саноатида, хонадон ва биноларни безашда қўлланилади.

— Халқаро стандартлар талаби доирасида тайёрлаётган ашёларимиз экспертлар томонидан эътироф этилиб, “ISO 9001-2015” сифат сертификатини қўлга киритдик, — дейди жамиятнинг ойна тоблаш цехи бошлиғи Халилжон Насирдинов. — Бундан ташқари, шу йилнинг апрель ойида Халқаро бизнес ташаббуслари дирекциясининг Париж шаҳрида бўлиб ўтган тадбирида корхонамизга “Сифат соҳасида етакчилик учун олтин юлдуз мукофоти”, май ойида Москва шаҳрида ўтказилган анжуманда “Халқаро сифат стандарти мукофоти” топширилиши кучимизга куч қўшди.

Корхонанинг юқори иссиқликка чидамли ғишт тайёрлаш цехида ҳам иш қизғин. Бу ерда яқинда энергия тежамкор печлар ишга туширилди. Пировардида маҳсулот тайёрлаш ҳажми икки баробар ошиб, табиий газ сарфи уч баробар қисқарди. ўиштларни пишириш даври ҳам сезиларли даражада камайди. Айни пайтда модернизация қилинган цех маҳсулотлари ички ва ташқи бозорлардаги буюртмачиларга пешма-пеш етказиб берилмоқда.

— Шу билан бирга, шиша идишлар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган металл қолипларни ҳам ўзимиз тайёрлаяпмиз, — дейди корхона технологи Саиджалол Оппоқхўжаев. — Айни вақтгача бундай қолипларнинг бир жамламасини чет элдан камида 30 минг еврога сотиб олганимизни, йилига бундай жиҳозлардан 15 таси зарур бўлганини инобатга олсак, тежаб қолинаётган маблағни ҳисоблаш қийин эмас.

Корхонада бугунги кунда ойна ишлаб чиқарувчи янги цех қурилиши лойиҳаси устида саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир. У амалга оширилгач, турли қалинликдаги ва катта ўлчамдаги ойналар тайёрлаш йўлга қўйиладики, бу ҳам жамоа имкониятини янада кенгайтиради.

Саноат субъектида, шунингдек, импортни камайтириш ҳамда экспортни кўпайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бераяпти. Масалан, шиша ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашё маҳаллийлаштирилиб, кальцийланган сода ва сульфат натрий Қорақалпоғистон Республикасидан, оҳактош Андижон, доломит ҳамда натрий нитрат Фарғона, кварц қуми Навоий вилоятидан келтирилаётган бўлса, яна бир муҳим ашё — “МГС-61” Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан олинаяпти.

Умуман, акциядорлик жамиятида 2018-2019 йиллар мобайнида кварц қумини кимёвий унсурлар билан бойитиш цехи қурилиши, шиша идишлар ишлаб чиқариш бўлимидаги юқори ҳароратли печни замон талаблари асосида модернизациялаш кўзда тутилаётгани диққатга сазовордир. Чунки айни шу тадбирлар туфайли энергия сарфи 30 фоиз иқтисод қилинади, шиша идишлар тайёрлаш ҳажми 20 фоиз кўпаяди, сифат самарадорлиги эса 15 фоиз ошади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

Мероприятия calendar icon

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech