Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
11 Mar 2019

Maqola 17.01.2019 yilda chop etilgan.

Асрлар давомида маданий ва маънавий турмуш тарзи ҳамда анъаналар асосида шаклланиб, сайқал топиб келаётган миллий қадриятларимиз халқимиздаги ўзига хос хусусият – бунёдкорлик фазилатининг сабабчиси десак муболаға бўлмайди. Чунки азал-азалдан ўзбек халқи ўзи яшаб турган ҳудуд ва маҳаллаларни обод этиш, эл-юрт фаровонлиги учун бино ва иншоотлар барпо этиш, фарзандлари келажаги йўлида яхши ниятлар билан уй-жой қуриш каби хайрли ишларга бош қўшиб, дуо олган. Бугун республикамиз ҳудудларида бир неча асрлар ўтсада, завол топмай қад ростлаб турган тарихий асори атиқаларимиз, қадимий обидаларимиз ота-боболаримизнинг нақадар юксак маданият соҳиби бўлганларидан дарак беради. Санъат асарлари даражасидаги ушбу тарихий обидаларга боқиб ҳайратга тушади киши. Журналимизнинг ушбу сонини ўқувчиларимизни замонавий усталар – қурилиш материаллари, унда ишлатиладиган буюм ва конструкциялар ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар фаолияти ҳамда мазкур тармоқнинг бош ташкилоти бўлмиш «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятининг асосий мақсад-вазифалари билан яқиндан таништириш мақсадида қурилиш материаллари тармоғи ривожи мавзусига бағишладик. Шу мақсадда «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журнали бош муҳаррири «Ўзқурилишматериаллари» Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ботир Комилович ЗАРИПОВ билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Ҳурматли Ботир Комилович! Сиз билан суҳбатимиз жараёнида нафақат соҳадаги иқтисодий кўрсаткичлар, балки қурилиш материаллари саноати ривожининг истиқболлари, корпоратив бош­қарув тамойиллари тўғрисида ҳам фикрлашишни ҳоҳлардик. Чунки бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари қурилиш материалларини етказиб беришда муҳим ўрин тутувчи «Ўзқурилишмате­риаллари» АЖ зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

– Бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси республикамизнинг барча ҳудудла­рида баробар олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлибгина қолмай, мазкур хайр­ли ишларнинг иштирокчисига ҳам айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ҳар бир инсон бевосита бино ва иншоотлар қурилишида иштирок этмасада, мамлакатимиз ободлиги учун ўзининг муносиб ҳис­сасини қўшиш иштиёқи билан яша­моқда. Чунки қаерда бўлмайлик ҳар бир соҳа ва тармоқда ишларнинг қиз­ғин тус олганини, бунёдкорлик ишларининг туну-кун давом этаётганини кўриб турибмиз. Қаердадир замонавий турар-жой массивлари, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилаётган бўлса, бошқа жойда мураккаб лойиҳа-архитектура конфигурациялари ҳамда конструкцияларидан таркиб топган иншоотлар, яна бир бошқа ерда мавжуд биноларни реконструкция қилиш ва капитал таъ­мирлаш ишлари жадал олиб борил­моқда. Хусусан, пойтахтимизда Марказий Осиё минтақасида такрори йўқ бўлган Tashkent City марказини барпо этиш, Тошкент метрополитенининг ер усти ва ерости линиялари ҳам­да янги станцияларини, янги кўп­рик ва йўл чорраҳаларини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу каби тизимли бунёдкорлик ишлари натижасида сўзсиз, юқори сифатли қурилиш материалларига бўлган эҳтиёж ҳам кун сайин ортиб бормоқда.

«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ҳамда унинг таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар, шунингдек, уларда меҳнат қилаётган минглаб ишчи-ходимлар мазкур талабни қондириш мақсадида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш тармоғи ривожига ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Худди шу мақсадларда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, оддий одам­ларга муносиб яшаш шароитларини яратиш каби эзгу ишларда иштирок этар эканмиз, қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритиш бош мақсадимизга айланган.

– 2016 йил охирида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкама­сининг Қарорига мувофиқ Сиз «Ўз­қу­рилишматериаллари» акциядорлик жамияти раҳбари лавозимига тайинландингиз. Мазкур масъ­улиятли ишга киришар экансиз жамият фаолиятида қандай асосий муаммоларга дуч келдингиз ва бугунги кунда улар қай тарзда ҳал этилмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика қурилиш материаллари саноатини бош­қаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ қу­рилиш материаллари саноати тизимини янада ривожлантириш ва маҳсулот турларини кўпайтириш (диверсификациялаштириш), соҳада замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, тармоқ корхоналарини технологик жиҳатдан янгилаш ва қайта жиҳозлаш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини ошириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий халқаро усулларини татбиқ этиш мақсадида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси «Ўзқурилишмате­риаллари» акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этилди. Бизнинг олдимизга мамлакатимизда қиз­ғин кечаётган қурилиш объектларини тегишли қурилиш материаллари билан таъминлаш учун зудлик билан амалга оширилиши зарур бўлган янги вазифа ва йўналишлар қўйилган. Хусусан, энг аввало:

● маҳаллий хомашёни чуқурлаш­тирилган қайта ишловдан ўтказиш, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва ассортиментни кўпайтириш, шунингдек, сифатли қурилиш материалларининг янги турларига бўлган ички талабни қондириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

● тармоқни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, кенг турлардаги юқори сифатли замонавий қурилиш материаллари чиқариш бўйича етакчи бўлган турдош хорижий компаниялар билан ҳамкорликдаги корхоналар ҳамда ишлаб чиқариш тизимини ташкил этиш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш.

Мазкур жамиятга раҳбар бўлган вақтимда тармоқда дуч келинган энг асосий муаммолардан бири – қури­лиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестициявий дастурларни амалга оширишда давлат бошқарувининг маҳаллий органлари (ҳокимликлар), тижорат банклари ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани бўлди. Шунингдек, «Ўз­қу­рилишматериаллари» АЖ тизимида лойиҳалаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тадқиқот ишларини олиб бориш, қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалашга ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институти ҳам мавжуд эмасди. Бугунги кунда мазкур муаммоларнинг зудлик билан бартараф этилишига эришдик.

– Маълумки, молиячилар маб­лағлар ҳисоб-китоби бобида бош­қа­лардан кўра устунликларга эга бўлганликлари боис яхши бошқа­рув­чилар деб ҳам юритиладилар. Авваллари Сиз «Агробанк» акционерлик тижорат банки раҳбари­нинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатгансиз. Айтингчи, банк бошқаруви соҳасидаги билим ва кўникмаларингиз Сизга қурилиш материаллари тармоғи­ни ривожлантириш борасида ҳам асқотмоқдами?

– Аввало шуни айтмоқчи эдимки, банк соҳасида ишлаш осон эмас. Бу соҳада нафақат пул билан, балки инсонлар билан, яъни банк ходимлари билан бир қаторда мижозлар билан ишлай олиш қобилияти зарур. Табиийки, ҳар қандай йирик ташкилот, айниқса, банк бошқарувида мажбуриятлар ва ваколатлар доираси кенгайиб бораверади, демак, инвестициявий, молия-кредит оқимлари, шу жумладан, хорижий ва банк-мижоз ўртасидаги ўзаро алоқаларни тартибга солишнинг турли масалалари бўйича стратегик қарор қабул қилиш борасидаги мажбурият ҳам ортади. Бунда имкониятлар ва вазифаларга мос равишда ҳаракатларни режалаш­тириш ва истиқболни белгилашни ҳам билиш зарур. Шу боис соҳадаги барча янгиликлар бўйича ахборот йиғиш ва уни тизимлаш, хатога йўл қўймаслик, шу билан бирга ўз билим ва кўникмаларингизни бойитиб, тажрибани муттасил ошириб бориш талаб этилади. Юқорида айтиб ўтилган масалаларда орттирган тажрибаларимнинг барчаси менга «Ўзқу­рилишматериаллари» АЖдаги фаолиятимда асқотмоқда. Чунки қури­лиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳар бир лойи­ҳани молиялаштириш банк ва хорижий кредитлар билан чамбарчас боғ­лиқ. Банк соҳасидаги билим ва кў­никмалар лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ҳал этиш имкониятини кенгайтирмоқда.

– Бугунги кунда ижтимоий турар жойлар қурилиши ҳажмининг ортиб бораётганини ҳисобга ол­ган ҳолда шаҳарларда кўпхонадонли уйлар қурилиши билан бирга, қишлоқ жойларида янги уйлар барпо этиш ҳажми ҳам кўпайиб бор­моқда. Шунингдек, туризм инфраструктурасини такомиллаштириш соҳасида ҳам қурилиш ишлари кўлами кенгайиб бормоқда. Бу юкламаларни мамлакатимиз қу­рилиш ташкилотлари қай тарзда уддаламоқдалар? Янги қурилиш­лар­нинг бу каби кўламини таъминлаш учун қурилиш материаллари етарлими? Бунёдкорлик ишларини амалга ошириш жараёнида қайси қурилиш материаллари ва хомашё ресурслари бугунги кунда энг харидоргир ҳисобланади ва буюрт­мачилар томонидан катта талабгорлик билан ишлатилмоқда. Ва албатта, ушбу қу­рилиш материалларини узлуксиз равишда етказиб беришда қандай муаммолар мавжуд?

– Барчамизга маълумки, қурилиш ишлари ҳажми ҳар йили 1,5–2 баробарга ўсиб бормоқда ва уларни юқо­ри сифатли ҳамда мақбул қурилиш материаллари билан таъминлаш жуда муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб корхоналар томонидан ички бозорда нефть маҳсу­лотлари, цемент, қора металлар ижараси, мис, пахта толаси ва бошқа юқо­ри ликвидли маҳсулот турлари, хомашё ва материалларни бозор принциплари асосида биржа савдолари орқали сотиш тартибини бос­қичма-босқич жорий этишга киришилди.

Қурилиш ташкилотлари ва аҳо­лининг цемент каби муҳим ва зарур маҳсулотга бўлган талабини тезкорлик билан қондириш мақсадида 2018 йилдан бошлаб «Қишлоққурилиш­инвест», «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компаниялари сингари ташкилотлар билан цемент етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузилмоқда. Натижада стратегик муҳим объектлар қурилиши учун ажратиладиган цемент нархи пасайиб, бир тоннаси, ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 367 минг сўмни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда керамик плитка, сантехкерамика маҳсулотлари, қу­рилиш ойнаси, цемент, гипсокартон каби қурилиш материалларига талаб катта. Биз 3D керамик плиткалари, сантехкерамика, керамогранит, сэндвич панеллар, юмшоқ том усти қоп­ламалари, композит арматура, базальт асосидаги маҳсулотлар, суюқ гулқоғозлар, шиша кристаллити, аралаштиргичлар, иссиқлик ўтказмайдиган материаллар каби импортнинг ўрнини босувчи бинокорлик ашёларининг 15 дан ортиқ турини ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик.

2018 йилда қўлга киритилган ижобий натижаларимиздан яна бири – бу ички бозорда қурилиш материаллари нархи кескин ошишига йўл қўй­маслик ва уларни арзонлаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигидир. Хусусан, 2018 йил 20 декабрь ҳолатига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан чиқарилган 1 тонна цементнинг ўртача биржа нархи жорий йилнинг январь ойи (568,4 минг сўм) билан солиштирилганда 432,1 минг сўмни ташкил этиб, 26,2 фоизга, 1 кв.м қурилиш ойнасининг нархи (34,4 минг сўм) 20,1 минг сўмни ташкил этгани ҳолда 41,4 фоизга, 1 дона шифер нархи эса (34,4 минг сўм) 32,0 минг сўмни ташкил этгани ҳолда 6,9 фоизга пасайди.

– Бугунги кунда бутун Ўзбекистон ҳудуди том маънодаги бунёдкорлик майдонига айланди, чунки, қурилиш индустрияси тизими олдига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва 2029 йилгача қурилиш тармоғини ривожлантириш Стратегияси доирасида масъулиятли вазифалар қўйилган. «Ўзқурилишмате­риаллари» акциядорлик жамиятининг барча тизимлари ушбу вазифаларнинг фаол иштирокчиси ва масъул ижрочисига айланган. Кўзланган мақсадларга эришилгач ва режалаштирилган объектлар қу­рилиши якунлангач, Сиз қурилиш соҳасининг истиқболларини нималарда кўрасиз?

– Ҳар бир объект қурилиш ишларининг ниҳоясига етиши ва фойдаланишга топширилиши биланоқ, янги мақсад ва режалар юзага келади. Чунки қурилиш, яъни бунёдкорлик ишлари – бу тўхтовсиз янгиланиб борувчи жараён ҳисобланади. Мен келажакда қурилиш соҳаси, айниқса, Давлатимиз раҳбари томонидан ало­ҳида эътибор қаратилаётган ижтимоий объектлар қурилиши фақатгина илдамлаб, кенгайиб, ривож топиб бораверади деб ҳисоблайман. Менинг бу фикрларим оғзаки гаплар эмас, балки реал фактлар ҳамда ис­тиқболдаги имкониятлар билан асос­ланган, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун республикамизнинг барча ҳудудларида бой хом­ашё захиралари мавжуд эканлиги ҳисобга олинган тўла асосли истиқ­болдир.

Мазкур йўналишларда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун хомашё заҳираларига эга бўлган 924 та кон топилган, бугунги кунда уларнинг 392 тасидан (42,4 %) фойдаланилмоқда. Шу боис мазкур йўналишлардаги ишларни оптималлаштириш мақсадида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан Давлат геология қўмитаси билан ҳамкор­ликда фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 11 ойи давомида Давлат геология қўмитаси томонидан норуда фойдали қазилма­ларига эга бўлган ер ости бойликлари майдонларидан фойдаланиш ҳу­қуқини берувчи 208 та лицензия берилган бўлса, 2018 йил давомида худди шу турдаги 570 та лицензия тақдим этилган. Кўриб турганингиздек, берилган лицензиялар сони ўтган йилнинг тааллуқли даврига нисбатан 2,7 баробарга ошган.

– Маълумки, Европа ва Осиёдаги ривожланган давлатлар бунёдкорлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳам энг янги технологияларни ва «ноу-хау»ларни қўллаш борасида етак­чилик қилмоқда. Мазкур йўналиш­да биз ҳам муваффақият қозона оламизми? Республикамизда қури­лиш маҳсулотларининг нафа­қат хорижий маҳсулотлардан қолиш­майдиган, балки такрори йўқ ноёб турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжудми?

– Бугунги кунда қурилиш материаллари бозорида кўплаб янги инновацион технологиялар ва маҳ­сулотлар пайдо бўлди. Улар орасида энг аввало, 2017 йилда ишлаб чиқа­ришни йўлга қўйиб, қисқа муддат ичида композит материаллар, шиша композит (АСК) ва шишапластик (АСП, АКП) арматуралар, йўл плиталари ва йўлни арматуралаш учун шишапластик ва шишакомпозит тўрлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхонага айланиб улгурган «Universal FRP Systems» МЧЖни ало­ҳида таъкидлаш зарур.

«Mega Invest Industrial» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Жиззах вилоятининг Фориш туманида базальтдан узлуксиз тола олиш учун базальт тошини чуқур қайта ишлаш ва базальт композит арматура ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Базальт арматурасининг ўзига хослиги шундан иборатки, ушбу ўта мустаҳкам нометалл композит арматура сув ва тузларнинг емирувчи таъсирига дош берувчи базальт толаларидан иборат. Албатта, у бир қатор камчиликлардан ҳам холи эмас, аммо уларни базальт қўлланилишининг барча турлари бўйича қўшимча ҳисоб-китобларда тў­ла баратараф этиш имконияти мавжуд. Хорижда бу турдаги арматура бир неча ўн йиллардан бери муваф­фақиятли ишлатиб келинаётган бўлса-да, мазкур композит арматуранинг барча турлари Ўзбекистон қу­рилиш бозорида янги материал ҳи­собланади. Унинг қўлланилиши келажакда катта имкониятлар яратади. Бугунги кунда уни кам қаватли бинолар қурилиши, турли фундаментларда, йўл плиталари ва шу каби конструкцияларда бемалол қўллаш мумкин. Бироқ ундан кўп қаватли бинолар, кўприк конструкциялари каби қурилишларда фойдаланилганда базальтнинг физик-кимёвий хусусиятларини тайёргарлик ва лойи­ҳалаш жараёнларидаёқ ҳисобга олиш талаб этилади. Аммо биз, қури­лиш соҳасида катта истиқболга эга бўлган ушбу материалнинг сифат ху­сусиятларини янада яхшилаш мақсадида мазкур йўналишдаги тадқиқот ва синов ишларини давом эттирамиз.

Бундан ташқари биз «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида 212,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ҳар йили 1,5 млн. тонна цемент тайёрлаш қувватига эга бўлган Шеробод цемент заводи қурилиши ниҳоясига етгани, Тошкентда «Пергамент кволити эксклюзив» МЧЖ томонидан 9,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида бир йилда 2,5 млн. рулон гулқоғоз ишлаб чиқариш йўлга қў­йил­ганини фахр билан айтиш мумкин.

Эндиликда юртимизда маҳаллий хомашёлар – қамиш ва ғўзапоядан ДСП тайёрлаш бўйича ҳам талай лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида йилига 30 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга туширилди. 2018–2019 йилларда тўла маҳаллий хомашёдан ДСП ишлаб чиқариш бўйича Навоий вилоятида йиллик қуввати 50 минг куб. м бўлган, Сурхондарё вилоятида йиллик қув­вати 150 минг куб. м бўлган, Қорақал­поғистон Республикасида умумий йиллик қуввати 50 минг куб. м бўлган лойиҳаларни амалга киритиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда мавжуд маҳаллий хом-ашёлардан газ-бетон блоклар, яъни, энергосамарадор девор қури­лиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳалар амал­га оширилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, ушбу маҳсулотлардан йирик объектлар қурилишида фойдаланиш жуда қулай. Хусусан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида умумий йиллик қуввати 1 млн. куб. метр бўлган газ-бетон блоклари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Газ-бетон блокларнинг устунлик жиҳатлари шундаки, бу турдаги қурилиш материали ғишт­га нисбатан сезиларли даражада енгил ва энергосамарадор ҳисобланади. Қолаверса, газ-бетон ишлаб чиқа­ришда табиий газ сарфи пишиқ ғишт ишлаб чиқаришга нисбатан 5–8 баробарга камаяди. Энг муҳими, бу маҳ­сулотни ишлаб чиқариш жараёнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун яроқли ерларнинг ҳосилдор қатламига путур етказилмайди.

Шу билан бирга «Ўзқурилишмате­риаллари» АЖ қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳудудий дастурлари лойиҳала­рини тайёрлаш ва амалга оширишда ҳам бевосита иштирок этмоқ­да. Хусусан, 2017 йилда республика бўйича бизнинг иштирокимизда уму­мий қий­мати 2,4 трлн. сўм бўлган 2150 та ло­йиҳа амалга оширилди ва 25,8 мингдан ор­тиқ янги иш ўринлари яратилди. Қури­лиш материаллари ишлаб чи­қа­ришни ташкил этиш бўйича ҳуду­дий инвестиция дастурлари доирасида 2018 йилда умумий қиймати 6,3 трлн. сўм бўлган 664 та лойиҳанинг амалга оширилиши таъминланди ва 13,5 минг янги иш ўринлари яратилди.

«Ўзқурилишматериаллари» АЖ ҳудудларда қурилиш индустриясини ривожлантириш доирасида замонавий илғор технологияларни татбиқ этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу жумладан, қурилиш материалларининг янги турлари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш йўналишларида ҳам иш олиб бормоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этиш йўналиши бўйича ҳудудий лойиҳалар ҳамда экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқиш ташаббускорларига амалий ёрдам кўрса­тилмоқда.

– «Ўзқурилишматериаллари» АЖ хорижий шериклар билан ало­қалар­ни мустаҳкамлаш йўналишида ҳам тизимли ишларни амал­га оширмоқ­да. Бугун қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ре­жалаштириш, ташкил этиш ва маҳсулот чиқаришда айнан қайси мамлакатлар тажрибасидан фой­даланилмоқда? Сиз қайси хорижий компаниялар билан ҳам­кор­ликни афзал, деб биласиз ва қу­рилиш ишлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш технологияларининг янги турларини ишлаб чиқишда уларнинг ёрдами қанчалик самара беради?

– Муҳтарам Президентимизнинг Россия Федерацияси, ХХР, Корея Рес­публикаси, Туркия, Ҳиндистон ва Франция давлатларига юқори даражадаги ташрифлари доирасида 2017–2021 йиллар давомида импортнинг ўрнини босувчи замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида умумий қиймати 2330,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 43 та лойиҳани амалга ошириш, бу орқали 4 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш бўйича етакчи хорижий компаниялар билан Келишув ва Меморандумлар имзоланишига эришилди. Улардан 12 та лойиҳа 2018 йил давомида амалга оширилди, 14 лойиҳани 2019 йилда, 17 та лойиҳани эса 2020 ва ундан кейинги йилларда амалга татбиқ этиш кўзда тутилган.

– Илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз, айни кунда юқорида тилга олинган йўналишларда қандай масалалар ҳал этилмоқда? Олиб борилаётган тадқи­қотлар орқали ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари сифатини янги ва юқори даражага олиб чиқиш имкониятлари мавжудми?

– Президентимиз фармонида қу­рилиш тармоғида яқин йилларда ҳал этилиши лозим бўлган асосий вазифалар қатъий белгилаб берилган. Бунинг учун уй-жой ва саноат қури­лиши умуммиллий дастурлари амал­га оширилишини ҳисобга олган ҳолда мамлакат бозорида уларга бўлган талабни қондириш учун ишлаб чиқа­ришни кенгайтириш, янги ассортиментлар, замонавий материал ва буюмлар турларини кўпайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилиши зарур.

Бугун бутун мамлакат бўйлаб на­фақат турар-жой, маъмурий ва туристик объектлар, балки янги саноат объектлари қуриш бўйича ҳам кат­та кўламдаги ишларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Республикамиз қу­ри­лиш комплекси фаолиятининг самарадорлиги қурилиш объектларининг юқори сифатли қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари билан ўз вақтида ва узлуксиз равишда таъминланишига ҳар жиҳат­дан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис мамлакатимиз Ҳукумати томонидан қурилиш материаллари танқислигини бартараф этиш ва уларнинг сифатини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу мақсадга эришишда охирги йилларда ривожланиб бораётган тамойил – нафақат қурилиш ва қури­лиш материаллари ишлаб чиқаришга инвестицияларни киритиш, балки илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари, шунингдек, хомашё ва тайёр қурилиш материаллари ҳамда маҳсулотларининг техник хусусиятлари ва сифат характеристикаларини яхшилаш бўйича синов ишларини амалга оширишга ҳам эътборни кучайтириш ва инвестицияларни жалб этиш масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги Қарорига мувофиқ «Ўзқурилишма­териаллари» АЖ қошида «КурилишматериаллариЛИТИ» масъулияти чек­ланган жамият шаклидаги ихтисослаштирилган лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти ташкил этилган. Биз томонимиздан республикадаги табиий қаттиқ фойдали қазилмалар заҳиралари тўғрисидаги маълумотларга мувофиқ қурилиш материалларига техник-иқтисодий (ТЭО) асослар ишлаб чиқилган. Ҳорижий инвесторларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида махсус лойиҳалар тақдимотлари ўтказилганини ҳам таъкидлаш зарур. Шунингдек, энерготежамкор технологиялар ва инновацион-техник ишланмаларга эга бўлган, ишлаб чиқарилаётган қурилиш маҳсулотлари таннархини пасайтиришни таъминлашга имкон берувчи янги заводлар ҳамда саноат ишлаб чиқариш лойи­ҳа­лари ишлаб чиқилди.

– 2018 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан КНАУФ корхоналар гуруҳи иш­тирокчилари Кенгаши аъзоси жаноб Николаус Вильгельм Кнауфни «Дўстлик» ордени билан тақдир­лаш тўғрисидаги Фармон имзоланди. Айтингчи, мазкур компаниянинг мамлакатимиз иқтисодиё­тига қўшган ҳиссаси қан­дай ва ватанимизни бунданда гуллатиб-яшнатиш йўлидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини нималарда кўрасиз?

– КНАУФ оилавий фирма бўлиши билан бир қаторда, 45 та мамлакатда 28 минг нафардан ортиқ ходимга эга 150 тадан ортиқ корхонани бирлаштирувчи халқаро саноат гуруҳи саналади. Мазкур компания биноларнинг ички ва ташқи пардози учун зарур қурилиш материаллари, иссиқ­лик ва шовқин ўтказмайдиган ашёлар ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик компаниялардан биридир.

КНАУФ компанияси 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон қурилиш индустриясининг энг йирик хорижий инвесторларидан бири ҳисобланади. Унинг Ўзбекистондаги илк йирик инвестицион лойиҳаси «Бухорогипс» ОАЖ қўшма корхонасида қуруқ гипс қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўлган.

2005 йилда жамият акциялари давлат (назорат) пакети эгасига айланган КНАУФ компанияси ишни ушбу корхонани молиявий соғлом­лаш­тиришдан бошлади. Бу эса банк­ротликдан қутулиб қолиш, гипс тоши қазиб олишни ва гипс ишлаб чиқа­ришни қайта тиклаш имконини берди. Инвестициялар миқдори ўша вақт­да 6,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

2009 йил октябрь ойи бошида юқори сифатли КНАУФ қуруқ қури­лиш аралашмалари тайёрлаш йўлга қўйилгани компаниянинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятининг навбатдаги босқичига айланди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, йилига 25 млн. квадрат метр гипсокартон КНАУФ-тахталар ишлаб чиқариш қувва­тига эга янги завод қурилиши бошланди. 2011 йилнинг сентябрь ойида эса, энг замонавий, юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳоз­ланган «КНАУФ Гипс Бухоро» МЧЖ ХКнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Инвестицияларнинг умумий миқдори 51,5 млн. долларни таш­кил этди. Бугунги кунда турли номларда чиқарилаётган гапсокартон тахталарига Ўзбекистон ички бо­зорида талаб юқори бўлиши билан бирга, қўшни республикаларга ҳам экспорт қилинмоқда. КНАУФнинг Ўзбекистондаги корхоналарида 235 та иш ўрни яратилган бўлиб, махсус тайёргарликдан ўтган малакали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.

«КНАУФ Гипс Бухоро» МЧЖ ХК корхонаси негизида КНАУФ ўқув маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Мазкур ўқув марказида ёшлар КНАУФ корхоналари тизимида ишлаш учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ўқитилмоқда.

Бугунги кунда компаниянинг 2 та ўқув, 2 та маслаҳат ва 1 та ресурс мар­кази фаолият кўрсатмоқда. КНАУФ­нинг комплект тизимини монтаж қилиш технологияларига ўқитиш Ўзбе­кистоннинг турли ҳудудларидаги 15 та қурилиш касб-ҳунар коллежлари дастурларига киритилган.

КНАУФ-тахталарнинг ички бозорда бўлгани каби ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топиши КНАУФ раҳ­бария­тига гипсокартон линиясининг йиллик ишлаб чиқариш қувватини йилига 32 млн. квадрат метргача ошириш учун инвестициялар киритиш тўғрисида қарор қабул қилишига им­кон берди. Шунингдек, Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари жадаллашуви муносабати билан қурилиш материаллари бозорида КНАУФ маҳ­сулотларига эҳтиёжнинг ортиб бораётгани ҳам муҳим роль ўйнади.

Биргина 2018 йилда КНАУФ компанияси «DEG-Deutsche Investitions-und Entwicklungsgesellschaft mbH» инвестициялар ва ривожланиш бўйича Германия ҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда гипсокартон ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва гипс тошини қазиб олишга йўналтирилган 19,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги қўшимча инвестицияларни амалга оширди. Унинг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолияти мобайнида Бухоро вилоятидаги корхоналарга киритган инвестициялар ҳажми 75 млн. АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика қу­ри­лиш материаллари саноатини бошқариш­ни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси­да»ги Қарори иж­роси доирасида охир­ги 2 йилда қан­дай ишлар амалга оширилди ва Сизнингча тармоқда қандай сал­моқ­ли натижаларга эришилди?

– Акциядорлик жамиятимиз аввало, маҳаллий ҳокимликлар ва бош­қа ваколатли органлар, қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда айни йўналиш бўйича аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олди.

Бугунги кунда юқори ижтимоий соҳа объектлари қурилиши, турар жой ва нотураржой бинолари ҳамда иншоотлари реконструкцияси учун юқори сифатли, арзон ва замонавий қурилиш материалларига жуда катта талаб юзага келган. Тармоқни ривожлантириш қурилиш ишлари умумий қийматининг 55–60 фоизини қу­рилиш материаллари ташкил этгани, замонавий архитектура юқори сифатли, арзон, осон ўзлаштириладиган, зилзилабардош инновацион қурилиш материалларининг янги турларига муҳтож эканлиги боис ҳам ўта муҳимдир.

2017 йилгача тармоқ бўйича 7 минг 995 корхона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда мамлакат миқё­сида қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи 10 минг 552 та корхона ишлаб чиқарувчи мавжуд. Агар авваллари 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 номдан ортиқни ташкил этмоқда. Мамлакат ишлаб чиқаришининг керамик плитка, сантехкерамика буюмлари, керамогранит, сэндвич-панел, юмшоқ том ёпгич материаллари, базальт арматураси, суюқ гул­қоғозлар, иссиқлик ўтказмайдиган материаллар каби авваллари фақат импорт қилинадиган, баъзилари эса қурилиш индустрияси учун янгилик бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга муваффақ бўлгани тармоғимизнинг энг юқори муваффақиятларидан бири десак, муболаға бўлмайди.

Тармоқнинг яна бир муваффа­қиятли кўрсаткичи – жамият таркибига кирган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўл­ган талаб ва эҳтиёжнинг тўхтовсиз ортиб бориш тенденциясининг юзага келгани ҳисобланади. Агар Жамият бўйича экспорт ҳажми 2016 йилда 12,9 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилда 23,7 млн. АҚШ долларини, 2018 йилнинг 9 ойи давомида эса 40 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспортини ташкил этди. Бунинг натижасида мазкур йўналиш­да белгиланган вазифалар 100,4 фоизга уддаланди.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Россия, Украина, Қозоғистон, Қир­ғизистон ва Туркманистон бозорларида бизнинг керамик плитка, сантехкерамика буюмлари, қуруқ қури­лиш аралашмалари, пишиқ ғишт, табиий тошдан қоплама материаллар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар каби яна кўплаб турдаги қурилиш материалларимизга талаб катта. Яқиндан бошлаб ушбу мамлакатлар қаторига Тожикистон ва Аф­ғонистон ҳам қўшилди, яъни 2017 йилдан бошлаб ушбу мамлакатларга сантехкерамика буюмлари, асбест маҳсулотлари, керамик плитка, қурилиш ойнаси ва цемент каби материалларимиз экспорт қилина бош­ланди.

Ушбу қисқа суҳбат давомида барча нарсаларни сўзлаб бериш имкони мавжуд эмас. Жамиятимиз эришилган натижаларга маҳлиё бўлиш­дан йироқ эканлигини таъкидлаган ҳолда қурилиш материаллари экспорти салоҳиятини янада ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни амал­га ошириш учун барча имкониятларни ишга солишимизни таъкидлашни хоҳлардим. Шу мақсадда экспорт қилинадиган маҳсулотлар ассортиментини кўпайтириш ва улар экспорт қилинувчи мамлакатлар гео­графиясини кенгайтириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олиниб, амалга оширилмоқда.

– Фаолиятда илгарилашнинг муҳим жиҳатларидан бири – қурилиш материаллари сифатини, шу билан бирга қурилиш ишлари самарадорлигини ошириш билан бир қаторда қурилиш материаллари таннархини тушириш имконини берувчи ресурс­ларни ҳамда энергияни тежовчи технология ва инновацион-техник ишланмаларни жорий этиш улардан самарали фойдаланишдир. Мазкур йўналиш­да қандай ишлар олиб борил­моқ­да ва қайси мутахассислар, илмий ходимлар ҳамда лабораториялар билан ҳам­корлик қилинмоқда?

– Ушбу мақсадда «ҚурилишматериаллариЛИТИ» ва Жанубий Кореянинг «КIСТ» компанияси билан имзоланган Меморандумларга мувофиқ чиқарилаётган қурилиш материаллари сифатини аниқлаш учун энг янги юқори технологияга эга бўлган замонавий лабораторияни ташкил этиш бўйича мунозаралар олиб борилмоқда.

Айни кунда биз томонимиздан Ўзбекистон Республикасининг «Энер­гиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ «Оҳак ва пишиқ ғишт ишлаб чиқаришда кўмирнинг солиштирма сарфи меъёрини ҳисоблаш Методикаси» ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар Академиясининг Ноорганик кимё институти қошидаги «СТРОМ» илмий-тадқиқот синов маркази билан ҳамкорликда қурилиш материаллари соҳасида илмий изланиш ишлари олиб борилмоқда.

Халқимиз турмуш фаровонлигининг замонавий ва жўшқин тарзда ошиб бораётгани, жамият ривожланишида шаҳарлар ролининг ортиб бораётгани, шу билан бир қаторда қишлоқлардаги шароитни шаҳарда­гига тенглаштириш ишлари жадал олиб борилаётгани мамлакат қури­лиш саноати зиммасига ҳам ўта масъулиятли вазифаларни юкламоқда. Зеро, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг замирида энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини оширишдек эзгу мақсадлар мужассам. Ўз навбатида, ушбу тизимли ишларда сифат, қурилиш хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим ўрин тутади.

Шу боис биз ҳам барча қурилиш ишларининг юқори сифат билан бажарилиши йўлида изланишдан тўхтамаймиз.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech