Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚУРИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ ДАВЛАТ ЙЎЛИ БИЛАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон қурилиш материаллари ишлаб чиқариш давлат концерни — «Ўзқурилишматериаллари»ни «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компаниясига ўзгартириш тўғрисида» ги Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси таркибига кирувчи, шу жумладан унга уюшган аъзолар рўйхатига ҳамда компания бошқарув аппаратининг ходимлари чекланган сони 45 кишидан иборат бўлган тузилмасига 1 ва 2-иловага* мувофиқ розилик берилсин. Компания бошқарув аппаратининг компания даромадлари ҳисобига маблағ билан таъминланиши маълумот учун қабул қилинсин.
* 1-2-иловалар қарорнинг рус тилидаги матнида берилган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Компания раиси муассисларнинг умумий йиғилишида сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади. Компания раисининг ўринбосарлари муассисларнинг умумий йиғилишида сайланадилар ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланадилар.
(1-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июндаги 108-сон қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2010 й., 23-сон, 183-модда)
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси «Ўзқурилишматериаллари» компанияси билан биргаликда акциядорлик жамиятлари акциялари пакетларини қайта тақсимлаш ва жойлаштиришни 3-иловага* мувофиқ амалга оширсин, бунда акциядорлик жамиятлари устав жамғармалари миқдорларини иккиламчи эмиссия йўли билан қайтадан кўриб чиқишни таъминласин.
Маълумот учун қабул қилинсинки, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 24 ноябрдаги 555-сон қарори билан «Ўзқурилишматериаллари» концернига акциядорлик жамиятларидаги акцияларнинг давлат улушини бошқариш ҳуқуқи берилган.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзқурилишматериаллари» компаниясининг устав жамғармаси унинг акциядорлик жамиятларидаги акцияларнинг давлат улушини кейинчалик ушбу акцияларни сотиб олиш ҳуқуқи билан бериш ҳисобига ташкил топади;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 9 мартдаги 119-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 5-сон, 26-модда)
акциядорлик жамиятларининг эркин сотиш учун мўлжалланган акциялари пакети асосан Ўзбекистон Республикасининг банкларига, хўжалик юритувчи субъектларига ва жисмоний шахсларига сотилади. Акцияларнинг кўрсатиб ўтилган пакетларини сотишдан олинган маблағлар акциядорлик жамиятлари корхоналарини реконструкциялашга ва техника билан қайта жиҳозлашга йўналтирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:
«Ўзқурилишматериаллари» компаниясининг бошқа таъсисчилари билан биргаликда бир ой муддатда таъсис мажлисини ўтказсин, компаниянинг кузатувчи кенгашини тузсин ва уставини тасдиқласин;
«Ўзқурилишматериаллари» компаниясига акциядорлар жамиятлари акцияларини юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар ўртасида эмиссия проспектида белгиланган муддатларда жойлаштиришга ва солишга кўмаклашсин.
5. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси томонидан корхоналарни қуриш, реконструкциялаш, техника билан қайта жиҳозлаш ва хорижий инвестицияларни жалб этишни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган тармоқни ривожлантиришнинг 1997 — 2000 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган дастури 4—9-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.
* 4—9-иловалар берилмайди.
6. Қуйидагилар бўйича топшириқлар белгилансин:
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси бўйича қўшма корхоналарни ривожлантириш, техника билан қайта жиҳозлаш ва ташкил этишнинг 1997—2000 йилларгача бўлган даврга мўлжалланган истиқболли инвестициялар лойиҳаларини 5-иловага мувофиқ ишлаб чиқиш;
1997—2000 йилларда қурилиш материалларининг янги, юқори сифатли турларини 6-иловага мувофиқ ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;
1997—2000 йилларда «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси бўйича қурилиш материалларини экспорт қилиш ҳажмларини 7-иловага мувофиқ кўпайтириш;
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси корхоналари томонидан импорт қилинадиган хом ашёнинг асосий турларини республика корхоналарида 8-иловага мувофиқ ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикасининг Янги замонавий қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжини ва уларни маҳаллий хом ашё ресурслари базасида 9-иловага мувофиқ ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятини ўрганиш.
7. «Ўзсаноатқурилишбанк», Ўзбекистон Республикаси «Пахтабанк» ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига 4, 5-иловаларда назарда тутилган объектларни қуриш, реконструкциялаш ва техника билан қайд жиҳозлашни маблағ билан таъминлаш учун устувор тартибда миллий ва чет эл валютасида кредитлар бериш тавсия этилсин.
8. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси:
амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига киритилган объектларнинг 4-иловага мувофиқ муддатларда фойдаланишга топширилишини;
«Ўзинвестлойиҳа» компанияси билан биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослашларининг 5-иловага мувофиқ муддатларда ишлаб чиқилишини таъминласин.
9. Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, «Ўздавархитектқурилиш» қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ваколатли банклар инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослашлари экспертизасининг 5-иловага мувофиқ муддатларда ўтказилишини таъминласинлар.
10. «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг суғурта қилиниши таъминласин.
11. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон давлат қурилиш материаллари ишлаб чиқариш концерни («Ўзқурилишматериаллари») фаолиятини ташкил этиш масалалари» тўғрисида 1992 йил 24 ноябрдаги 555-сон қарори, 5-бандидан ташқари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон давлат қурилиш материаллари ишлаб чиқариш («Ўзқурилишматериаллари») концернининг Уставини тасдиқлаш тўғрисида» 1992 йил 25 декабрдаги 587-сон қарори;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 27 сентябрдаги 405-ф-сон фармойишининг «Ўзқурилишматериаллари» давлат концерни корхоналарига доир қисми.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 30 май,
277-сон