Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА КРЕДИТЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШ ҲАМДА ЎЗЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 282-модда; 2009 й., 42-сон, 449-модда; 2010 й., 1-2-сон, 2-модда; 2012 й., 8-9-сон, 78-модда; 2013 й., 36-сон, 477-модда)
Хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтларини Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция муҳити ҳамда мамлакат иқтисодиётига инвестиция сарфлашнинг потенциал имкониятлари тўғрисида кенг хабардор қилишни ташкил этиш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини аниқ-пухта мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида:
1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш бўйича қарорларни кўриб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилишда, ҳар йилги Инвестиция дастурларини, шунингдек тармоқлар ва мамлакат минтақаларини ривожлантиришнинг ўрта муддатли дастурларини тайёрлашда етакчи бўғин ҳисобланади, унинг зиммасига мазкур масалаларни ҳал этишда идоравий мансублигидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш масъулияти юкланади.
2. Қуйидагилар:
Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ва ўзлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага* мувофиқ;
хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш жараёнида лойиҳалар ташаббускорлари ва давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш Схемаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, бошқа вазирликлар, идоралар, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда инвестиция лойиҳаларини тузиш ва кўриб чиқишда 2-иловага мувофиқ Схемага қатъий амал қилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш учун инвестиция таклифларининг ягона базасини шакллантириш, потенциал хорижий инвесторларни излаш, амалга ошириш таклиф этилаётган лойиҳалар тўғрисида уларга зарур ахборотларни етказиш, шунингдек хорижий инвесторлар ва кредиторлар билан эришилган аҳдлашувларни расмийлаштиришда хўжалик юритувчи субъектларга кўмаклашиш вазифаси юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ягона маълумотлар базасига киритилган инвестиция таклифларининг амалга оширилиши тўғрисида ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ўзбекистон Республикаси берган кафолатлар бўйича мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва қарорлар қабул қилиш учун ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахборотларни тақдим этиб турсин.
6. Вазирлар Маҳкамаси тармоқ Комплексларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тасдиқланган тармоқли жадвалларини ижро этиш, лойиҳаолди ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш ва экспертиза қилиш устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш. Мирзиёев) Инвестиция дастурига киритилган хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнини Раёсат мажлисларида ҳар ой мунтазам равишда кўриб чиқсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 24 июль,
ПҚ-927-сон