Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

облож.Устава.АО.jpg

«O’zqurilishmateriallari»
акциядорлик жамияти
УСТАВИ
(ЯНГИ ТАҲРИРДА)
 


Ўзбекистон Республикаси
Тошкент шаҳри
2016 йил

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни (матн давомида – Қонун деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган.

«O’zqurilishmateriallari» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги ПҚ-2641-сонли «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, «O’zqurilishmateriallari» акциядорлик компаниясининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

2. Бундан буён матнда “Жамият” деб аталувчи «O’zqurilishmateriallari» акциядорлик жамияти ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ олиб боради.

3. Жамиятнинг тўлиқ фирма номи:

3.1. Ўзбек тилида:

  • лотин ёзувида: «O’zqurilishmateriallari» aksiyadorlik jamiyati;
  • кирилл ёзувида: «O’zqurilishmateriallari» акциядорлик жамияти.

3.2. Рус тилида: Акционерное общество «O’zqurilishmateriallari».

3.3. Инглиз тилида: Joint-stock company «O’zqurilishmateriallari».

4. Жамиятнинг қисқартирилган номи:

4.1. Ўзбек тилида:

  • лотин ёзувида: «O’zqurilishmateriallari» AJ;
  • кирилл ёзувида: «O’zqurilishmateriallari» АЖ.

4.2. Рус тилида: АО «O’zqurilishmateriallari».

4.3. Инглиз тилида: JSC «O’zqurilishmateriallari».

5. Жамиятнинг манзили:

  • жойлашган ери: Тошкент шаҳри, Тафаккур кўчаси, 68-А.
  • почта манзили: 100070, Тошкент шаҳри, Тафаккур кўчаси, 68-А.

6. Жамиятнинг электрон почта манзили: info@uzqm.uz.

7. Жамиятнинг расмий корпоратив веб-сайти: www.uzqm.uz.

II. ЖАМИЯТНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲОЛАТИ, ЖАВОБГАРЛИГИ

8. Жамият юридик шахс бўлиб, у ўз мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка, шу жумладан ўзининг устав капиталига берилган мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

9. Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади. Жамият фаолият кўрсатиш муддати чекланмаган ҳолда ташкил этилади.

10. Жамият Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида банк ҳисобварақлари очишга ҳақлидир.

11. Жамият ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга бўлиши лозим. Муҳрда бир вақтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

12. Жамият ўзининг номи ёзилган штамп ва бланкаларга, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг, товарларнинг, ишларнинг ва хизматларнинг хусусий аломатларини акс эттирувчи бошқа воситаларга эга бўлишга ҳақли.

13. Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.

14. Акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди ва унинг фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида қоплаш таваккалчилигини ўз зиммасига олади.

15. Акцияларнинг ҳақини тўлиқ тўламаган акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўлади.

16. Жамият ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

17. Агар жамиятнинг банкротлиги жамият учун мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор сифатида иш юритаётган шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли юзага келган бўлса, жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, мазкур акциядорнинг зиммасига жамиятнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин. Акциядор мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига ушбу уставида бу ҳуқуқ назарда тутилган тақдирдагина эга бўлади.

18. Жамият учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор жамият муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида банкрот бўлишини олдиндан била туриб, ушбу ҳуқуқидан жамият томонидан шундай ҳаракат амалга оширилиши учун фойдаланган тақдирдагина жамиятнинг банкротлиги акциядорнинг ҳаракатлари туфайли юзага келган деб ҳисобланади.

19. Давлат ва унинг органлари жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, худди шунингдек Жамият ҳам давлат ва унинг органларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

III. ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИНГ СОҲАСИ (АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ) ВА МАҚСАДИ

20. Жамият тижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади молиявий – хўжалик фаолиятидан фойда олишдир.

21. Жамиятнинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардир:

ички ва ташқи бозорларда қурилиш материаллари бўйича маркетинг изланишларини олиб бориш, замонавий қурилиш материалларига бўлган талабни аниқлаш;

маҳаллий хом-ашёларни чуқур қайта ишлаш, рақобатбардош, экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

тармоқда ягона илмий-техникавий ва инвестиция сиёсатини юритиш, замонавий юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга энергия ва ресурс сарфини тежовчи илғор технологияларни кенг жорий қилиш;

тармоқни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, биринчи навбатда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш;

корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий қилишни жадаллаштириш, тармоқни бошқаришга юқори малакали менежерларни, шу жумладан хорижий менежерларни кенг жалб қилиш;

акциядорлик жамияти таркибига кирадиган корхона ва ташкилотларга ахборот, маркетинг ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

22. Жамият асосий мақсадига эришиш учун фаолият ва хизмат кўрсатишнинг қуйидаги турларини амалга оширади:

22.1. Қурилиш материаллари саноати корхоналарига, мулк шаклидан қатъий назар, қуйидагиларда амалий ёрдам кўрсатиш:

  • экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмларнинг айрим турларини маҳаллий хом ашё асосида ишлаб чиқаришга қаратилган тармоқ дастурини шакллантириш бўйича ишларни ва уларнинг мониторингини ташкил этиш;
  • ички ва дунё товар бозорларининг ялпи маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва экспорт тизимини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлаш. Экспорт маҳсулотлари ҳажмини орттириш ва ассортиментини кенгайтириш, ҳамда экспортга йўналтирилган маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш имкониятини таҳлил қилиш ва тадбирларни амалга ошириш;
  • ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширилиши мониторингини юритиш;
  • қулай инвестицион муҳит шакллантиришда ва тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини қурилиш материаллари корхоналарига кенг жалб қилиш учун қўшимча шароитлар яратиш.

22.2. Қурилиш материаллари корхоналарининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши дастурлари ҳамда устивор йўналишларни амалга ошириш мақсадида халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотларнинг узоқ муддатли, имтиёзли кредитлари ва грантларини жалб қилишга доир ишларини ташкил этиш.

22.3. Барча мулк шаклларидаги қурилиш материаллари саноати корхоналарига чет эл инвестицияли корхоналар ташкил этиш ва фаолиятини бошқаришга кўмак бериш.

22.4. Чет эл инвестицияли корхоналар лойиҳаларининг рўйхатини тузиш, уни инвестицион дастурга киритиш ва ушбу лойиҳалар амалга ошишига доир мониторингни ташкил этиш. Комплекслар котибияти ва Вазирлар Маҳкамаси Департаментлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кафолати бўйича амалга оширилаётган йирик ва стратегик муҳим инвестицион лойиҳаларини техник иқтисодий амалиётини экспертизасини ташкил этиш ва кўриб чиқиш.

22.5. Соҳада бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришда давом этиш, жамият таркибига кирувчи хўжалик субъектларини бошқаришда иштирок этиш, уларнинг молиявий ҳолатини барқарорлаштириш ва мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

22.6. Ягона илмий-техник ва инвестицион сиёсат олиб бориш, маҳаллий хом ашё ресурсларидан фойдаланган ҳолда замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқишнинг илғор технологияларини жорий этиш, республика халқ хўжалиги ва аҳолисининг янги турдаги қурилиш материалларига талабини қондириш.

22.7. Соҳани техник қайта қуроллантириш учун, инвестицияларни кенг жалб қилиш, етакчи чет эл фирмалари билан кенг ассортиментда юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқиш учун қўшимча корхоналар ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

22.8. Ер ости бойликлари ва атроф муҳитни ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

22.9. Шартнома асосида соҳа учун малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш.

22.10. Жамият ва унинг аъзолари манфаатларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви даражасида тақдим этиш.

22.11. Қонунчиликда белгиланган тартибда хайрия фаолиятини амалга ошириш.

22.12. Ўз маҳсулотини ва бошқа маҳсулотларни сотиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида намунали фирма савдо дўконлари тармоғини ташкил этиш.

22.13. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ўсиши, товар ресурсларининг ортиши, товар алмашиниши тезлашиши учун лизингнинг турли шаклларидан фойдаланиш. Биноларни, транспорт воситаларини, мулкни, жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни ҳарид қилиш, сотиш, тарқатиш, ижарага бериш, савдо-воситачилик, брокерлик ва савдо – харид фаолиятини амалга ошириш.

22.14. Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, чет эллик жисмоний ва юридик шахслар номидан ва топшириғига кўра вакиллик функцияларини бажариш.

22.15. Халқ истеъмоли моллари ва ишлаб чиқариш-техник маҳсулотларини сақлашга доир хизматларни ташкил этиш.

22.16. Юридик шахслар ва фуқароларга ахборот-маслаҳат, ҳомийлик, дилерлик, реклама хизматларини кўрсатиш, бозор иқтисодиётининг турли соҳаларида маркетинг тадқиқотлари ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича ишлар ташкил этиш.

22.17. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига риоя қилган ҳолда валюта-молиявий операциялари ва қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш.

22.18. Ташқи иқтисодий фаолият, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига амал қилган ҳолда, чет эллик шериклар билан алоқаларнинг янги шаклларини, шу жумладан, илмий-техник савдо-иқтисодий ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш.

22.19. Консалтинг, дилерлик, тижорат фаолиятини амалга ошириш, кўргазмалар, аукционлар, анжуманлар ва семинарлар ўтказиш ёки уларнинг ишида иштирок этиш. Реклама фаолияти.

22.20. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва бошқа мамлакатларда филиаллар, ваколатхоналар ва шўъба корхоналар очиш. Филиаллар ва ваколатхоналар асосий ва айланма маблағлар билан таъминланиши ва жамият тасдиқлаган Низом асосида амал қилиш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра ўз филиаллари фаолияти учун жорий ва бошқа ҳисоб рақамларини очиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

22.21. Махсус рухсат (лицензия) зарур бўлган фаолият турлари қонунчиликда белгиланган асосда лицензия берилганидан сўнг амалга оширилади.

22.22. Жамият қонунчиликда белгиланган бошқа фаолият турларини ўрнатилган тартибда амалга ошириши мумкин.

IV. ЖАМИЯТ УСТАВ КАПИТАЛИНИНГ МИҚДОРИ

23. Жамиятнинг устав капитали акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади.

24. Жамиятнинг устав капитали 948 026 440 000 (тўққиз юз қирқ саккиз миллиард йигирма олти миллион тўрт юз қирқ минг) сўмни ташкил қилади. У ҳар бирининг номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 948 026 440 дона оддий акцияларга бўлинган.

Жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш

25. Жамиятнинг устав капитали қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

26. Қўшимча акциялар жамият томонидан ушбу уставда белгиланган эълон қилинган акциялар сони доирасидагина жойлаштирилади.

27. Жамият устав капиталини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равишда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялари миқдори – номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 94 802 644 дона оддий акциялардан иборат.

28. Устав капиталини қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча акцияларнинг умумий қиймати, сони, тури, номинал қиймати, жойлаштириш тартиби, усули, муддати, жойлаштириш (акцияларнинг биржа ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи, акциялар учун тўлов тартиби, амалга ошмаган деб топиш улуши ва амалга ошмаган деб топилган тақдирда акциялар учун қабул қилинган тўлов воситаларини қайтариш тартиби белгиланади.

29. Қўшимча чиқарилаётган акциялар очиқ ва ёпиқ обуна усуллари билан жойлаштирилади.

30. Жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш тўғрисидаги ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.

31. Жамият томонидан акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул маблағлари билан тўланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришда овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар ўзига тегишли шу турдаги акциялар миқдорига мутаносиб миқдорда уларни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга.

32. Имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисидаги қарор, шунингдек бундай қарорнинг амал қилиш муддати ҳақидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгаларининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин. Бундай қарорнинг амал қилиш муддати ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

33. Имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг рўйхати қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадаги жамият акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.

34. Қўшимча чиқарилган акциялар бозор қийматида, лекин номинал қийматидан кам бўлмаган қийматда жойлаштирилади.

35. Акцияларни жойлаштириш, шу жумладан, акциядорлар ўртасида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилишда акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархи қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо майдончаларида вужудга келаётган нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Жамиятнинг устав капитали кўпайтирилаётганда жамиятнинг қўшимча акцияларига унинг ўз капитали ҳисобидан, шунингдек ҳақини қўшимча акциялар билан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган дивидендлар ҳисобидан ҳақ тўланган тақдирда, бундай акцияларни жойлаштириш жамият акцияларининг номинал қиймати бўйича амалга оширилади.

36. Солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига жамият устав капиталидаги давлат улушини шакллантириш ёки ошириш тўғрисидаги қарор жамият акциядорлари умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг камида учдан икки қисми эгалари бўлган акциядорларнинг (давлатдан ташқари) розилиги мавжуд бўлган тақдирда, акциядорларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Жамиятнинг устав капиталини камайтириш

37. Жамиятнинг устав капитали акцияларнинг номинал қийматини камайтириш ёки акцияларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан камайтирилиши мумкин.

38. Агар устав капиталини камайтириш натижасида унинг миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдоридан камайиб кетса, жамият устав капиталини камайтиришга ҳақли эмас.

39. Устав капиталини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилган вақтда акциядорларнинг умумий йиғилиши устав капитални камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.

V. ЖАМИЯТ АКЦИЯЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ

40. Жамиятнинг акциялари оддий бўлиб, ҳужжатсиз шаклда ҳисоби юритилади.

Акцияларга эгалик ҳуқуқи депо-ҳисоб варағидан кўчирма билан тасдиқланади.

41. Дивидендлар жамиятнинг жамият тасарруфида қоладиган соф фойдасидан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади.

Жамият томонидан оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни тўлаш акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

42. Дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари ёхуд жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозлари билан тўланиши мумкин.

43. Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.

44. Жамият бир йилда бир марта йил натижаларига кўра жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлайди.

Оддий акциялар бўйича дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Дивидендларни тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш кундан кеч бўлмаслиги лозим.

45. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига асосан жамиятнинг имтиёзли акциялари белгиланган тартибда чиқарилиши мумкин.

VI. ЖАМИЯТНИНГ ЗАХИРА ФОНДИ

46. Жамият соф фойда ҳисобидан захира фондини ҳамда акциядорларнинг умумий йиғилишида аниқланадиган, жамият фаолияти учун зарур бўлган бошқа фондларни ташкил этади.

47. Жамиятнинг захира фонди, бошқа маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, жамиятнинг зарарлари ўрнини қоплаш, жамиятнинг корпоратив облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва жамиятнинг акцияларини қайтариб сотиб олиш учун мўлжалланади. Захира фондидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.

48. Жамият устав капиталининг 15 фоиздан кам бўлмаган миқдорда захира фонди тузилади. Захира фондига белгиланган миқдорга етгунига қадар ҳар йили соф фойдадан 5 фоиз миқдорида ажратмалар ўтказади.

49. Захира фонди тўлалигича ёки қисман сарфланиб бўлган ҳолларида, соф фойдадан мажбурий ажратмалардан тикланади.

VII. ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИНИНГ ТУЗИЛМАСИ

50. Жамият бошқарув органлари:

  • Акциядорларнинг умумий йиғилиши
  • Кузатув кенгаши
  • Ижроия органи (Бошқарув ва унинг раиси).

VIII. ЖАМИЯТ АКЦИЯДОРЛАРИНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ

51. Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир.

52. Жамият ҳар йили акциядорларнинг йиллик (навбатдаги) умумий йиғилишини ўтказиши шарт. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши йил тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилади. Жамият акциядорларининг навбатдаги (йиллик) умумий йиғилиши хар йили одатда июн ойининг иккинчи сешанба кунида ўтказилади.

53. Жамиятнинг бир фоиздан кам бўлмаган оддий акциялари эгалари акциядорлар умумий йиғилиши кун тартиби, фойдани тақсимлаш, бошқарув ва назорат органи аъзолигига уларнинг номзодини (умумий йиғилиш ўтказилгунга қадар алмаштириш имконияти билан) кўрсатиш юзасидан таклиф киритиш ҳуқуқига эга. Бундай таклифлар молия йили тугаганидан кейин 60 кундан кечиктирмай тақдим этилиши лозим.

54. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида қуйидаги масалалар кўрилади:

кузатув кенгашини сайлаш;

тафтиш комиссиясини сайлаш;

жамиятнинг ижроия органи раҳбарини сайлаш (тайинлаш), у билан тузилган шартноманинг муддатини узайтириш, уни қайта тузиш ёки бекор қилиш;

жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва бизнес-режаси ижроси бўйича ҳисобот;

Кузатув кенгаши ва Ижроия органининг жамиятни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлари;

фойда ва зарарларини тақсимлаш;

жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан ҳисоботларини ва хулосаларини эшитиш.

Йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

55. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилишлардир.

56. Акциядорларнинг умумий йиғилишини кузатув кенгашининг раиси, у узрли сабабларга кўра бўлмаган тақдирда эса, кузатув кенгашининг аъзоларидан бири олиб боради.

57. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

  • жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;
  • жамиятни қайта ташкил этиш;
  • жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;
  • кузатув кенгашининг сон таркибини белгилаш, уларнинг аъзоларини сайлаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
  • эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;
  • устав капиталини камайтириш;
  • жамиятнинг жойлаштирилган акцияларини сотиб олиш;
  • жамиятнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш, жамиятнинг ижроия органи раҳбарини сайлаш (тайинлаш);
  • тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шунингдек, тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш;
  • жамиятнинг йиллик ҳисоботини, шунингдек жамият фаолиятининг асосий йўналишлари ва мақсадидан келиб чиққан ҳолда жамиятни ўрта муддатга ва узоқ муддатга ривожлантиришнинг аниқ муддатлари белгиланган стратегиясини тасдиқлаш;
  • жамиятнинг фойдаси ва зарарларини тақсимлаш;
  • жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан хулосаларини эшитиш;
  • имтиёзли ҳуқуқни қўлламаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 35 моддасида ва мазкур уставда назарда тутилган қарорлар қабул қилиш;
  • акциядорлар умумий йиғилишининг регламентини тасдиқлаш;
  • акцияларни майдалаш ва йириклаштириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 8 – бобига асосан баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият соф активлари миқдорининг эллик фоизидан ортиғини ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 9 – бобига асосан жамиятнинг аффилланган шахси билан битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • Корпоратив бошқарув кодекси тавсияларига риоя этиш мажбуриятини олиш тўғрисида қарор қабул қилиш ва хабарни ошкор қилиш шаклини тасдиқлаш;
  • жамиятнинг бошқарув органлари тўғрисидаги, шу жумладан ички назорат, дивиденд сиёсати тўғрисидаги, манфаатлар қарама-қаршилиги вақтида ҳаракат қилиш тартиби тўғрисидаги низомларини тасдиқлаш;
  • ҳар йили мустақил профессионал ташкилотлар – маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда бизнес-жараёнлар ва лойиҳаларнинг жамиятнинг ривожланиш мақсадларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • жамиятнинг жорий хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган битимларни белгилаш;
  • ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) тартиби ва шартларини белгилаш, уларни амалга ошириш ваколатини кузатув кенгашига бериш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • электрон почта орқали (электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда), шунингдек, ўз ваколатини вакилга бериш йўли билан овоз бериш ёки умумий йиғилишни видеоконференц-алоқа тарзида ўтказиш тартибини белгилаш (тасдиқлаш);
  • саноқ комиссиясига амалий кўмак кўрсатиш ёки унинг функциясини бажариш учун мустақил экспертларни жалб этиш (масалан, инвестиция маслаҳатчиси ёки қимматли қоғозлар бозорининг бошқа профессионал иштирокчиси) тартибини белгилаш (тасдиқлаш);
  • жамият маблағлари ҳисобидан миноритар акциядорлик қўмитасини сақлаш харажатини қоплаш (миноритар акциядорлик қўмитаси тузилган тақдирда) тартибини белгилаш (тасдиқлаш);
  • акциядорларнинг умумий йиғилишида ҳисобот берувчи жамият бошқарув ва назорат органлари маърузалари (ҳисоботлари) шакли ва мазмунига бўлган талабларни, акциядорлар умумий йиғилиши давомийлигини белгилаш;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

58. Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи акциядор томонидан шахсан ёки унинг вакили орқали амалга оширилади. Акциядорнинг вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ёзма шаклда тузилган ишончнома асосида иш юритади.

59. Акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарорлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда жамият корпоратив веб-сайтида ва Корпоратив ахборот ягона порталида жойлаштирилади. Агар жамият акциялари ва бошқа қимматли қоғозлари фонд биржасининг котировка варағига киритилган бўлса, мазкур қарорлар биржанинг веб-сайтида ҳам жойлаштирилади.

60. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига асосан миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамиятда уларнинг орасидан миноритар акциядорларнинг қўмитаси ташкил этилиши мумкин.

61. Акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорлар овоз беришда биргаликдаги позициясини шакллантириш учун акциядорлик битимини тузиши мумкин.

62. Жамиятнинг миноритар акциядорлари ҳужжатларни асоссиз равишда талаб қилиш ва махфий ахборотлар, тижорат сирларини қўллаш йўли билан жамият бошқарув органи фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

63. Жамият Акциядорлар умумий йиғилиши жамиятнинг «Акциядорлар умумий йиғилиши тўғрисида»ги Низом асосида чақирилади ва ўтказилади.

IX. ЖАМИЯТ КУЗАТУВ КЕНГАШИ

64. Жамият кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатига тааллуқли масалалар бундан мустасно.

65. Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланадилар. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони 7 кишидан иборат.

66. Жамият кузатув кенгашининг ваколат доирасига қуйидагилар киради:

  • жамиятнинг бизнес-режаси кўрсаткичлари бажарилиши, шунингдек, ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамият ижроия органининг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борган ҳолда жамият фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;
  • акциядорларнинг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш, Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;
  • акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлаш, ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш;
  • акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар қилиш ва иштирок этиш учун жамият акциядорларининг реестрини шакллантириш санасини белгилаш;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида 59-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган масалаларни акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун киритиш;
  • мол-мулкнинг бозор қийматини белгилашни ташкил этиш;
  • жамиятнинг ижроия органи аъзоларини (раисдан ташқари) сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш;
  • жамиятнинг ижроия органига тўланадиган компенсациялар миқдорларини белгилаш, шунингдек, кўрсатилган тўловларнинг чегараси миқдорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йилдаги 207–сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан белгиланган самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига боғлаган ҳолда белгилаш;
  • корпоратив маслаҳатчини тайинлаш ва унинг фаолияти тартибини белгиловчи низомни тасдиқлаш;
  • жамиятнинг йиллик бизнес-режасини жорий йилнинг 1 декабридан кечиктирмай тасдиқлаш;
  • ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш, шунингдек ҳар чоракда унинг ҳисоботларини эшитиб бориш;
  • жамият ижроия органининг фаолиятига дахлдор ҳар қандай ҳужжатлардан эркин фойдаланиш ва жамият Кузатув кенгаши зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун бу ҳужжатларни ижроия органидан олиш. Жамият Кузатув кенгаши ва унинг аъзолари олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши мумкин;
  • аудиторлик текширувини, шу жумладан халқаро стандартларга мувофиқ тузилган молиявий ҳисоботларнинг халқаро аудит стандартларига мувофиқ аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича қарор қабул қилиш;
  • аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматларига тўланадиган ҳақнинг энг кўп миқдорини белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш;
  • тафтиш комиссияси аъзоларига (тафтишчисига) тўланадиган ҳақ ва компенсацияларнинг миқдорлари юзасидан тавсиялар бериш;
  • дивиденд миқдори, уни тўлаш шакли ва тартиби юзасидан тавсиялар бериш;
  • захира фондидан ва бошқа фондларидан фойдаланиш;
  • филиалларни ташкил этиш ва ваколатхоналарини очиш;
  • шўъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш (улар акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамияти шаклларида тузилади);
  • Қонунда белгиланган ҳолларда жамият томонидан йирик битимлар ва жамият аффилланган шахслари билан (манфаатдорлик) битимлар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • жамиятнинг тижорат ва нотижорат ташкилотлардаги иштироки билан боғлиқ битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиш;
  • корпоратив облигациялар, шу жумладан, акцияларга айирбошланадиган облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • жамиятнинг корпоратив облигацияларини қайтариб сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав капиталини кўпайтириш ҳамда жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш;
  • акцияларни жойлаштириш (қимматли қоғозларнинг биржа бозорига ва уюшган биржадан ташқари бозорига чиқариш) нархини белгилаш;
  • қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • ҳомийлик (хайрия) ёки беғараз ёрдам кўрсатиш (олиш) тўғрисида қарорларни акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланган тартиб ва шартлар асосида, бу ҳақда барча акциядорлар учун маълумотларни ошкор этган тарзда қабул қилиш;
  • кузатув кенгаши қошида кузатув кенгаши, ижроия органлари аъзолари, жамият ходимлари ва жалб этилган экспертлар (тегишли соҳа мутахассислари, соҳа олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва бошқалар)дан иборат тегишли масалалар, шу жумладан, низоли вазиятларни аниқлаш ва ҳал этиш ва бошқа масалалар бўйича қўмиталар (ишчи гуруҳлари) ташкил этиш;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш.

67. Кузатув кенгаши аъзолари сайлови кумулятив овоз бериш орқали амалга оширилади. Кумулятив овоз беришда ҳар бир акциядорга тегишли овозлар сони кузатув кенгашига сайланиши лозим бўлган шахслар сонига кўпайтирилади ва акциядор шу тариқа олинган овозларни битта номзодга тўлиқ беришга ёки уларни икки ва ундан ортиқ номзодлар ўртасида тақсимлашга ҳақлидир. Энг кўп овоз тўплаган номзодлар жамият кузатув кенгаши таркибига сайланган деб ҳисобланади.

68. Кузатув кенгашининг раиси кенгаш аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан кўпчилик овоз билан сайланади. Кузатув кенгаши ўз раисини жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир.

69. Кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, Кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисда баённома юритилишини ташкил этади, бошқарув аъзолари билан меҳнат шартномасини имзолайди.

70. Кузатув кенгаши раиси йўқ бўлган ҳолларда унинг вазифасини кенгаш аъзоларидан бири амалга оширади.

71. Кузатув кенгаши мажлислари унинг раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади ва ўтказилади.

Жамиятнинг 1 фоиздан кам бўлмаган оддий акциялари эгалари кузатув кенгаши мажлисини чақиришни талаб қилиш ва кун тартиби юзасидан таклиф киритиш ҳуқуқига эга.

72. Кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар, агар қонунчиликда бошқа ҳоллар кўзда тутилмаган бўлса, мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кенгашнинг ҳар бир аъзоси битта овозга эга. Кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кенгашнинг бошқа аъзосига беришига ҳақли эмас. Кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлган ҳолда, кенгаш раисининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.

73. Мажлисда кузатув кенгаши аъзолари видео ва аудио ускуналари орқали конференция алоқаси бўйича иштирок этиши мумкин.

74. Кузатув кенгаши ва унинг раиси ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутиши лозим. Улар қонун ҳужжатларига ва ушбу уставга мувофиқ жамият ва унинг акциядорлари олдида жавобгардир.

75. Кузатув кенгаши мазкур Устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган «Кузатув кенгаши тўғрисида»ги низом асосида иш олиб боради.

X. ЖАМИЯТНИНГ ИЖРОИЯ ОРГАНИ

76. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик бошқарув ва унинг раиси томонидан амалга оширилади. Бошқарув ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.

77. Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра жамият ижроия органининг ваколатлари шартнома бўйича тижорат ташкилотига (ишончли бошқарувчига) берилиши мумкин. Тузиладиган шартноманинг шартлари, агар ушбу уставда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

78. Бошқарув раиси жамиятнинг кундалик фаолиятини бошқаради ва оператив раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, жамият Устави, Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг қарорларига мувофиқ амалга оширади.

79. Бошқарув раиси Қонун ва мазкур Уставга мувофиқ акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши қарорлари бажарилишини ташкил этади ва уларга ҳисобот беради.

80. Бошқарув раиси акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ва аъзолари эса кузатув кенгаши томонидан сайланади (тайинланади). Бошқарувнинг аъзолари билан меҳнат шартномасини жамият номидан кузатув кенгаши раиси имзолайди.

81. Бошқарув раиси ва аъзоларини тайинлаш тўғрисидаги қарор, одатда, хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилинади.

82. Акциядорлар вакили сифатида иштирок этаётган ижроия органи аъзолари ижроия органига аъзолар сайлаш масаласида овоз беришда иштирок этмайди.

83. Бошқарув раиси ва аъзоларига тўланадиган компенсациялар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.07.2015 йилдаги 207–сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори билан белгиланган самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларига боғлаган ҳолда белгиланади.

84. Бошқарув ваколатига қуйидагилар киради:

  • жамият тузилмалари раҳбарларини тайинлаш;
  • ишчи ва ходимларга иш ҳақи ва мукофотлар миқдорини белгилаш;
  • ходимлар мансаб йўриқномаларини тасдиқлаш;
  • жамият тузилмалари рахбарлари ҳисоботларини ҳар чорак якуни бўйича эшитиш;
  • жамият ижро органининг даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлаш;
  • тасдиқланган смета доирасида ижро органи ходимларини моддий рағбатлантиришни амалга ошириш;
  • жамият томонидан мол-мулкни олиш ёки уни бошқа шахсга бериш ёхуд мол-мулкни бошқа шахсга бериш эҳтимоли билан боғлиқ битим ёки ўзаро боғланган бир нечта битимлар бўйича қарор қабул қилиш, агар бошқа шахсга берилаётган мол-мулкнинг ёки олинаётган мол-мулкнинг баланс қиймати бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинаётган санадан олдинги ҳисобот санасига тузилган молиявий ҳисобот бўйича жамият соф активлари миқдорининг 15 фоизигача ташкил этса, акцияларни ва бошқа қимматли қоғозларни жойлаштириш билан боғлиқ бўлган битимлар бундан мустасно;
  • жамиятнинг асосий воситларини ҳисобдан чиқариш.

85. Бошқарув раисининг ваколатига қуйидагилар киради:

  • мазкур Устав ва кузатув кенгаши томонидан ўзига берилган ваколатларга мувофиқ жамиятнинг ишига раҳбарлик қилиш;
  • жамият номидан ишончномасиз иш юритиш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • жамият номидан битимлар тузиш;
  • кузатув кенгашининг розилигига кўра унинг ишида иштирок этиш;
  • ходимлар штатларини тасдиқлаш, ходимларни (ишчиларни) ишга қабул қилиш, улар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлаш;
  • жамият номидан амалдаги қонунчиликка асосан ишончномаларни бериш;
  • жамиятнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ ва фармойишлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
  • ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаган ҳолда унинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш;
  • акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил этиш;
  • жамиятда бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиш, шу жумладан эълон қилиш мақсадида Молиявий ҳисоботлар халқаро стандартларига трансформациясини таъминлаш;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ жамият фаолиятига доир маълумотларни ошкор қилиш;
  • йиллик ҳисоботлар ва бошқа молиявий ҳисоботлар тегишли органларга ўз вақтида такдим этилишини, шунингдек акциядорларга, кредиторларга ва бошқа олувчиларга юбориладиган жамият фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш;
  • жамият архиви ишини ташкил этиш ва ундаги ҳужжатлар бутлигини таъминлаш;
  • амалдаги қонун ҳужжатларига ҳамда жамият ички ҳужжатларига риоя қилиш;
  • Қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатлар.

86. Бошқарув ва унинг раиси ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутиши лозим. Улар қонун ҳужжатларига ва ушбу уставга мувофиқ жамият ва унинг акциядорлари олдида жавобгардир.

87. Бошқарув ва унинг раиси мазкур Устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган «Ижроия органи тўғрисида»ги низом асосида иш олиб боради.

XI. ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

88. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши тафтиш комиссиясини бир йил муддатга сайлайди. Жамият тафтиш комиссияси 3 кишидан иборат.

89. Тафтиш комиссиясининг талабига биноан бошқарув раиси молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига такдим этишлари шарт.

90. Тафтиш комиссияси амалдаги қонунчиликка мувофиқ акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.

91. Тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида кузатув кенгашининг аъзоси бўлишлари, шунингдек жамиятнинг бошқарув органларида бошқа лавозимларни эгаллашлари мумкин эмас. Айни бир шахс айни бир жамиятнинг тафтиш комиссияси таркибига кетма-кет уч мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

92. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг, акциядорлар умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг ташаббусига кўра ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида 5 фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига кўра жамият кузатув кенгашини олдиндан хабардор қилиш йўли билан бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича амалга оширилади.

93. Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра жамиятнинг тафтиш комиссияси хулоса тузади, бу хулосада:

  • жамиятнинг ҳисоботларида ва бошқа молиявий ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилигига доир баҳо;
  • бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, шунингдек молия-хўжалик фаолияти амалга оширилаётганда қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши шарт.

94. Тафтиш комиссиясининг хулосаси мазмунига қўшимча талаблар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланади.

95. Тафтиш комиссияси жамиятда аффилланган шахслар билан тузилган битимлар ёки йирик битимлар мавжудлиги, шунингдек қонун ҳужжатларининг ва жамият ички ҳужжатларининг бундай битимларни тузишга доир талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосани ҳар чоракда кузатув кенгашининг мажлисида ва акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида эшитилади.

96. Тафтиш комиссияси мазкур Устав ва акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган «Жамият тафтиш комиссияси тўғрисида»ги низом асосида иш олиб боради ва уларга белгиланган тартибда мукофот пули тўланади.

97. Жамиятда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ички аудит хизмати жамиятнинг кузатув кенгашига ҳисобдор бўлади.

98. Жамиятнинг ички аудит хизмати жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари томонидан қонун ҳужжатларига, жамият уставига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек жамиятни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш орқали жамиятнинг ижроия органи, филиаллари ва ваколатхоналари ишини назорат қилади ҳамда баҳолайди.

99. Ички аудит хизмати жамиятдаги ички назоратни, шу жумладан, 50 фоиздан зиёд улуши жамиятга тегишли бўлган юридик шахслар билан ўтказилган операциялар устидан назоратни амалга оширади.

100. Жамиятнинг ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.

101. Жамиятда кузатув кенгашига ҳисобдор бўлган ва корпоратив қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш вазифасини бажарувчи жамият корпоратив маслаҳатчиси лавозими жорий этилиши мумкин.

102. Жамият корпоратив маслаҳатчисининг фаолияти жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

XII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

103. Устав бўйича келиб чиқадиган барча низо ва келишмовчиликлар акциядорларнинг ўзаро келишуви йўли билан амалдаги қонун ҳужжатлари ва ушбу уставга асосан ҳал қилинади.

104. Низо ва келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш имконияти бўлмаган тақдирда улар тегишли равишда суд орқали ҳал қилинади.

105. Мазкур Устав ва унинг киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб кучга киради.


 

«O’zqurilishmateriallari» АЖ

Бошқарув раиси Б.Зарипов

М.Ў.


изменения в устав.jpg

«O’zqurilishmateriallari» акциядорлик жамияти

Уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар

МАТНИ

Эски таҳрир

Янги таҳрир

27.

Жамият устав капиталини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равишда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялари миқдори – номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 94.802.644 дона оддий акциялардан иборат.

Жамият устав капиталини ошириш мақсадида жойлаштирилган акцияларига қўшимча равишда чиқариши мумкин бўлган эълон қилинган акциялари миқдори – номинал қиймати 1 000 сўм бўлган 1.000.000.000 дона оддий акциялардан иборат.

65.

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланадилар. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони 7 кишидан иборат.

Жамият кузатув кенгашининг аъзолари акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан бир йиллик муддатга сайланадилар. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг сони 5 кишидан иборат.

76.

Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик бошқарув ва унинг раиси томонидан амалга оширилади. Бошқарув ваколатига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, Акциядорлар умумий йиғилиши ва Кузатув кенгашининг ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.

Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати Жамият коллегиал ижроия органи – Бошқарув томонидан амалга оширилади.

Жамият Бошқаруви Кузатув кенгаши томонидан (Бошқарув раисидан ташқари) 1 йилга тасдиқланган 5 кишидан иборатдир. Жамият Бошқарувига раҳбарлик Бошқарув раиси томонидан амалга оширилади.

80.

Бошқарув раиси акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ва аъзолари эса кузатув кенгаши томонидан сайланади (тайинланади). Бошқарувнинг аъзолари билан меҳнат шартномасини жамият номидан кузатув кенгаши раиси имзолайди.

Бошқарув раиси акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади. Бошқарув раиси билан меҳнат шартномасини кузатув кенгаши раиси, аъзолари билан меҳнат шартномасини Бошқарув раиси имзолайди.

«O’zqurilishmateriallari» АЖ

Бошқарув раиси Б.Зарипов




Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech