Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИДА ХУСУСИЙ СЕКТОРНИНГ УЛУШИ ВА АҲАМИЯТИНИ ТУБДАН ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 1-сон, 13-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 47-сон, 461-модда)

Хусусий секторни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш, мамлакат иқтисодиётида унинг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, хусусийлаштирилган корхоналарни корпоратив бошқариш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

1. Хусусий тадбиркорликни кенг кўламда ривожлантириш, хусусий мулкчиликка асосланган, шу жумладан давлат мулкини хусусийлаштириш натижасида, корхоналарни ташкил қилиш ва шу асосда иқтисодиёт таркибида хусусий секторнинг улушини сезиларли даражада ошириш мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва бозор ўзгартиришларининг ғоят муҳим устувор йўналишлари деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг муҳокамасига тақдим этсин, унда хусусий корхоналарни ташкил қилиш ҳамда унинг фаолияти тартиби, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида хусусий мулкчиликнинг устувор даражада ўсишини рағбатлантиришга қаратилган имтиёз ва преференциялар тизими кўзда тутилсин.

2. Акциядорлик жамиятларининг устав жамғармасидаги давлат улуши 25 фоиз ва ундан кам миқдорда бўлиши мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблансин ҳамда уни асосан хусусий мулк сифатида сотиш амалга оширилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:

2003—2004 йилларда устав жамғармасидаги давлат улуши 25 фоиз ва ундан камроқ бўлган хусусийлаштирилган корхоналар акцияларининг давлат пакетларини фонд бозорида босқичма-босқич сотсин;

икки ҳафта муддатда мазкур Фармоннинг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда 2003-2005 йилларга мўлжалланган мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш Дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

3. Қуйидагилар белгилансин:

Олдинги таҳрирга қаранг.

(3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18ноябрдаги ПФ-4053-сонли Фармони билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 47-сон, 461-модда)

масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамият қатнашчиларининг сони 50 та юридик ва жисмоний шахслардан ошиши мумкин эмас.

Олдинги таҳрирга қаранг.

(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги ПФ-4053-сонли Фармони билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 47-сон, 461-модда)

4. Жисмоний шахсларнинг хусусийлаштириш жараёнида иштирокини янада рағбатлантириш мақсадида жисмоний шахсларнинг хусусийлаштирилган корхоналар негизида барпо этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг акциялари (улушлари) бўйича дивидендлар ҳолида олган даромадлари беш йил муддатга солиқдан озод қилинсин.

5. Кузатувчи кенгаш қарорини давлатга тегишли акциялар пакетининг ишончли бошқарувчиси ёки давлатнинг ишончли вакили розилигисиз қабул қилиш мумкин бўлмайдиган;

давлатнинг ишончли вакили акциядорлар умумий йиғилиши қарорининг ижросини тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга бўлган;

акцияларнинг давлат пакетларини хўжалик бирлашмаларининг устав жамғармасига ишончли бошқариш ҳуқуқи билан топширишга йўл қўйиладиган тартиб бекор қилинсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, тегишли тармоқларда ягона техникавий сиёсатни амалга ошириш уюшмалар, компаниялар, корпорациялар ва концернларнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади ҳамда улар ўз таркибига кирувчи корхоналарнинг тезкор фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

7. Хусусийлаштирилган корхоналарни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича махсус комиссия Вазирлар Маҳкамасининг Комплекслари билан биргаликда 2003 йилнинг биринчи ярмида устав жамғармалари тегишли тармоқлар корхоналарининг давлат активлари ҳисобига тузилган хўжалик бирлашмаларининг фаолиятини чуқур ўргансин.

Ўтказилган таҳлил натижалари бўйича қуйидагиларни кўзда тутувчи таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилсин:

уюшмалар, холдинглар, компаниялар, корпорациялар, концернлар ва бошқа хўжалик бирлашмаларининг ўз таркибига кирувчи корхоналарнинг тезкор фаолиятига асоссиз аралашувига йўл қўймаслик чора-тадбирлари тизимини ишлаб чиқиб, амалга оширишни таъминлаш;

корхоналарни хом ашё ва товар-моддий ресурслар билан таъминлашнинг бозор механизмларини тўла миқёсда жорий этиш, уларнинг уюшмалар, компаниялар, корпорациялар, концернлар ва бошқа хўжалик бирлашмалари орқали тақсимланишига йўл қўймаслик;

2003-2004 йилларда акциялар (улушлар, пайлар)нинг давлат пакетларини танлов асосида профессионал бошқарув компанияларнинг ишончли бошқарувига босқичма-босқич топшириш.

8. Акциядорлик жамиятлари ижрочи органларининг, аввало директорлар корпусининг акциядорлар олдидаги масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини кўтариш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, бунда:

директорни (бошқарув раисини) тайинлаш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида, асосан танлов йўли билан қабул қилинади;

директор (бошқарув раиси) билан ишга ёллаш шартномаси бир йил муддатга тузилади ва ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилиши, айрим ҳолларда эса кузатувчи кенгаш томонидан ана шу муддатни узайтириш ёки тўхтатиш мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилиб турилади;

ижрочи орган томонидан келгуси йилга ишлаб чиқиладиган корхона бизнес-режаси акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки унинг топшириғи бўйича кузатувчи кенгаш томонидан тасдиқланиши лозим. Ишлаб чиқаришни ўстириш, фойда олишни кўпайтириш ва дивидендларни тўлаш ана шу бизнес-режанинг энг муҳим кўрсаткичлари бўлиши керак;

директор (акциядорлик жамиятининг ижрочи органи) йиллик бизнес-режа қандай бажарилаётгани тўғрисида ҳар чоракда кузатувчи кенгаш олдида ҳисобот беради. Кузатувчи кенгаш йиллик бизнес-режа қўпол равишда бузилган ёки унинг тасдиқланган параметрларини бажариш барбод этилган ҳолларда директор (бошқарув раиси) билан ишга ёллаш шартномасини муддатидан илгари тўхтатиш ҳуқуқига эга;

ижрочи директорларни ва кузатувчи кенгаш раисларини моддий рағбатлантириш акциядорлик жамияти фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлади.

9. Белгилансинки, кузатувчи кенгашлар аъзоларининг фаолиятини уларнинг мазкур акциядорлик жамиятларидаги ёлланма меҳнат фаолияти билан қўшиб олиб борилишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда Акциядорлик жамиятининг кузатувчи кенгаши тўғрисидаги Намунавий низомни қайта кўриб чиқсин.

LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 апрелдаги 189-сон қарори билан тасдиқланган Акциядорлик жамиятининг Кузатувчи кенгаши тўғрисида Намунавий низомга қаранг.

10. Акциядорлик жамиятлари учун раҳбар кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактаби таркибида Корпоратив бошқарув маркази ташкил қилинсин ҳамда унинг зиммасига кузатув кенгашларининг аъзолари ва директорлар корпуси учун корпоратив бошқарув, молиявий ҳисобот, самарали менежмент бўйича ўқув курсларини ташкил этиш вазифалари юклансин.

11. «Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва республиканинг фонд бозорида хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 1997 йил 31 мартдаги ПФ–1740-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу Фармонни ижро этиш юзасидан қарор қабул қилсин.

LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 17 апрелдаги 185-сонли «2003-2004 йилларда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастури тўғрисида»ги ҳамда 2003 йил 19 апрелдаги 189-сонли «Хусусийлаштирилган корхоналарни корпоратив бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларга қаранг.

14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2003 йил 24 январь,

ПФ-3202-сон

Файл
Ro’yxatdan o’tish muddati: 24.01.2003 y.
Raqam: ПФ-3202
Yuklab olish
Hajmi: 34.57 KB




Kommentariylar (0)
Kommentariylar yo’q
Faqatgina ro’yxatga olingan foydalanubchilar izoh qoldirishlari mumkin.
Kiring , marhamat.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech