Charter

The text is presented in the state language.



Ўзбекистон Республикаси Қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси (“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси)
УСТАВИ

1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси (“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси), (кейинги ўринларда - “Уюшма” деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4198-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасини (“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси) ташкил этиш тўғрисида таъсис шартномаси ва уюшма таъсисчиларининг 2019 йил 20 мартдаги қарори асосида ташкил этилган.

Уюшма қурилиш материалларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ва бунга тегишли хизмат кўрсатувчи корхона (жамият) ва ташкилотларни бирлаштиради.

1.2. “Уюшма” Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, таъсис шартномаси ва ушбу Устав асосида фаолият юритади.

1.3. Қуйидаги юридик шахслар Уюшманинг таъсисчилари ҳисобланади:

“Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти – Навоий вилояти, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2014 йил 11 июль куни рўйхатга олинган, реестрдаги тартиб рақами 76-сон, манзили: Навоий вилояти, Навоий-3;

“Кварц” акциядорлик жамияти – Фарғона вилояти Қувасой шаҳри Давлат хизматлари маркази томонидан 2018 йил 20 июлда рўйхатга олинган, реестрдаги тартиб рақами 001-сон, манзили: Фарғона вилояти Қувасой шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 2а-уй;

“Бекободцемент” акциядорлик жамияти – Тошкент вилояти, Бекобод шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2014 йил 22 август куни рўйхатга олинган, реестрдаги тартиб рақами 429-сон, манзили: Тошкент вилояти, Бекобод шаҳри, Истиқлол кўчаси, 20-уй;

“Оҳангароншифер” акциядорлик жамияти – Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси томонидан 2014 йил 31 декабрь куни рўйхатга олинган, реестрдаги тартиб рақами 123-сон, манзили: Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри, Саноат ҳудуди;

“Great Wall Ceramiс Industries” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси – Фарғона вилояти Адлия бошқармаси томонидан 2015 йил 13 июлда 159-сон билан рўйхатдан ўтказилган, манзил: Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, Ипак йўли кўчаси, 10-блок.

1.4. “Уюшма”, ўз аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш, Уюшманинг уставида белгиланган мақсадларга эришиш учун биргаликдаги фаолият асосида ташкил этилган.

1.5. “Уюшма” тижорат фаолияти билан шуғулланмайди ҳамда ўз олдига ўзининг фаолиятидан фойда олишни асосий мақсад қилиб қўймайди.

1.6. “Уюшма”нинг тўлиқ расмий номи:

Уюшманинг ўзбек тилидаги расмий номи:

Тўлиқ номи – Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси.

Қисқартирилган номи – “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси.

Рус тилидаги номи:

Тўлиқ номи – Аccоциация предприятий промышленности строительных материалов Республики Узбекистан.
Қисқартирилган номи – Аccоциация «Узпромстройматериалы».

1.7. “Уюшма”нинг фаолият муддати чекланмаган.

1.8. Жамиятнинг манзили (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тафаккур кўчаси 68а-уй.

1.9. Жамият электрон почта манзили: info@uzsm.uz.

1.10. Жамият расмий веб-сайти: uzsm.uz.

2. УЮШМАНИНГ МАҚСАДИ ВА ФАОЛИЯТИ

2.1. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари сифатида қуйидагилар белгилансин:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича уларга таклифлар киритиш;

юқори қўшилган қийматли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш;

талаб этилаётган сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдириш, шунингдек, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси аъзолари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
ҳудудларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболларидан, хом ашё базаси, инфратузилмалар, меҳнат ва бошқа ресурслар ҳамда бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда корхоналарни жойлаштиришга кўмаклашиш.

ички ва ташқи бозорларда қурилиш материалларига бўлган талаб конъюнктурасини ўрганиш ва шу асосда янги маҳсулот турларини ўзлаштиришга кўмаклашиш, қурилиш материаллари экспорти географиясини кенгайтириш бўйича ўз аъзоларига амалий ёрдам кўрсатиш, комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган тармоқни ривожлантириш дастурларининг ишлаб чиқилишида ва бажарилишида иштирок этиш, тармоқ ташкилотларига ҳом-ашёни чуқур қайта ишлашда, сифатли рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилишида ва ички бозорнинг улар билан янада тўлдирилишида, маҳсулотлар диверсификациясининг кенгайтирилишида кўмаклашиш;

қурилиш материаллари соҳасида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаблар ва стандартлар билан уйғунлаштирган ҳолда такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;

ходимларни тайёрлашнинг реал эҳтиёжларини ва истиқболли йўналишларини аниқлаш, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини такомиллаштиришда иштирок этиш, қурилиш материалларининг саноат ишлаб чиқарилиши соҳасида илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш;

қурилиш материаллари саноатининг жадал ривожланишига ва тармоқ корхоналарининг барқарор фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, мазкур соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш.

3. УЮШМАНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ

3.1. “Уюшма” давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига, ўзининг мустақил балансига, хисоб рақамларига, ўз номидаги мухр, эмблема ва бошқа реквизитларига эга бўлади.

3.2. “Уюшма” давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб мулкий ва номулкий хуқуқига, ўз номидан шартномалар тузишга, судда даъвогар ёки жавобгар бўлишга ҳақлидир.

3.3. “Уюшма” амалдаги қонунчиликка кўра белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида, филиаллар ва ваколатхоналар (тадбиркорлик субъектлари) ташкил қилиш ҳуқуқига эга.

3.4. “Уюшма” акция ёки корхоналарнинг устав фондидаги улушларни сотиб олиш йўли билан фаолиятларида қатнашиш ҳуқуқига эга.

3.5. “Уюшма” ўз мажбуриятлари юзасидан тасарруфидаги барча мол-мулки билан жавобгар бўлади.

3.6. “Уюшма” ўз аъзоларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди. Давлат ва унинг органлари “Уюшма”нинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, худди шунингдек “Уюшма” ҳам давлат ва унинг органлари мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.

3.7. “Уюшма”нинг барча аъзолари ўз мустақиллигини ҳамда юридик шахс мақомини сақлаб қоладилар. “Уюшма” ўз фаолиятини аъзолар ихтиёрийлиги ва тенг ҳуқуқлиги асосида амалга оширади.

3.8. “Уюшма” қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

3.8.1. Қонунчиликда белгиланган тартибда шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномаларини ишчи ва хизматчилар билан келишув асосида тузиш.

3.8.2. “Уюшма” фаолияти билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилиш бўйича маҳаллий мутахассисларни чет элга хизмат сафарларига юбориш ва хорижий мутахассисларни таклиф этиш.

3.8.3. Шартномалар асосида банк кредитларидан фойдаланиш ва улар бўйича ўз мулки билан жавоб бериш, шунингдек банкларга фоиз эвазига маблағ жойлаштириш (депозит сертификатлари);

3.8.4. Давлат органларидан ва хўжалик юритиш ташкилотларидан ўзининг фаолиятига доир хабар, ахборот ва маълумотлар олиш ҳамда ўз аъзолари эътиборига етказиш.

3.9. “Уюшма” уставда белгиланган мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3.10. “Уюшма”нинг мажбуриятлари:

3.10.1.Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу уставда ва бошқа таъсис ҳужжатларида назарда тутилган қоидаларга риоя этиш.

3.10.2. Рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиб бориш.

4. УЮШМА ТАЪСИСЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

4.1. “Уюшма” таъсисчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • “Уюшма” фаолияти ҳақида маълумот олиш;
  • “Уюшма” бошқаруви органларига таклифлар киритиш ва уларнинг муҳокамасида иштирок этиш;
  • “Уюшма”нинг аниқ дастур ва лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш;
  • “Уюшма”нинг ахборот базаси маълумотларига кириш имконига эга бўлиш, илмий-услубий маълумотларидан фойдаланиш;
  • Уюшма бошқаруви аъзоларини сайлаш;
  • “Уюшма” фаолияти бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини киритиш, тегишли масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;
  • “Уюшма” фаолияти, унинг режа ва дастурлар ҳақидаги маълумотларни олиш;
  • “Уюшма” бошқарув органларидан умумий йиғилиш қарорларининг бажарилиши ҳақидаги маълумотларни олиш;
  • “Уюшма” умумий ва навбатдан ташқари йиғилишлари кун тартибига таклифлар киритиш;
  • “Уюшма” Бошқарувига унинг фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилиш;
  • “Уюшма” таъсисчилигидан исталган пайтда ўз ҳохиши билан чиқиш.

4.2. “Уюшма” таъсисчиларининг мажбуриятлари:

  • Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу уставда ва бошқа таъсис ҳужжатларида назарда тутилган қоидаларга риоя этиш.

5. МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ

5.1. “Уюшма”нинг мол-мулки асосий ва айланма воситаларидан, ҳамда бошқа воситалардан Уюшманинг мустақил балансида акс эттирилган мулкдан иборат.

5.2. “Уюшма” қонунчиликда белгиланган тартибда ўз мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқига эга.

5.3. “Уюшма” амалдаги қонунчиликка мувофиқ мол-мулкни ўз воситалари, банк кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан сотиб олиш ва ижарага олишга ҳақлидир.

5.4. “Уюшма”нинг мол-мулки (маблағлари) шаклланадиган манбалари:

  • “Уюшма” аъзоларининг аъзолик бадаллари;
  • “Уюшма” аъзоларининг ихтиёрий ажратмаларидан;
  • Юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия ёрдамлари ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа тушумлардан иборат.

5.5. “Уюшма” аъзоларининг аъзолик бадаллари миқдори томонлар ўзаро келишувига асосланган шартномада акс эттирилади.

5.6. “Уюшма” нотижорат ташкилоти ҳисобланади, солиқ ва бошқа тўловларини амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.

6. УЮШМАНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНИ.

6.1. “Уюшма”нинг бошқарув органлари:

  • олий бошқарув органи – Уюшма таъсислари Умумий йиғилиши;
  • ижроия органи – Уюшма Бошқаруви.

6.2. “Уюшма” таъсисчиларининг умумий йиғилиши – бир йилда камида бир марта чақирилади. Йиғилишлар умумий ёки навбатдан ташқари чақирилиши мумкин. Уюшма таъсисчиларининг 3/2 қисми ҳозир бўлганда йиғилиш ваколатли ҳисобланади. Йиғилиш ўтказиш куни ва жойи Уюшма Бошқаруви раиси томонидан аниқланади ва белгиланади.

Уюшма таъсисчилари умумий йиғилиши ваколати доирасига қуйидагилар киради:

  • уюшма фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлаш, уларнинг бажарилиши ҳақида ҳисобот тўплаш ва режаларни тасдиқлаш;
  • уюшманинг Уставига ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш, янги таҳрирдаги уставни тасдиқлаш;
  • уюшмани қайта ташкил этиш;
  • уюшмани тугатиш комиссиясини тайинлаш, оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш ҳамда тугатиш;
  • уюшманинг аудиторлари таркибини тасдиқлаш;
  • уюшманинг йиллик харажатлар сметасини тасдиқлаш;
  • уюшманинг йиллик ҳисоботларини, бухгалтерия балансларини, ҳисоб варағини тасдиқлаш;
  • уюшма Бошқарув раиси ҳамда унинг ўринбосарларини сайлаш бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тақдим этган номзодларни кўриб чиқиш;
  • уюшма йиллик фаолият натижаларини тасдиқлаш;
  • филиаллар ва ваколатхоналарни (тадбиркорлик субъектлари) ташкил этиш, тугатиш, уларнинг Низомларини тасдиқлаш;
  • уюшма ижро аппаратининг тузилмасини тасдиқлаш;
  • уюшмага аъзолик бадаллари миқдорини белгилаш, ўзгартириш;
  • харажатлар сметасида белгиланган миқдоргача ҳомийлик ва беғараз ёрдамлар кўрсатиш;
  • қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган уюшма мол-мулки қийматининг ўн беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни уюшманинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки уюшма бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим тузиш бўйича қарор қабул қилиш;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа ваколатлар.

6.3. Уюшма таъсисчиси умумий йиғилишда ўзи тўлайдиган аъзолик бадали суммасининг таъсисчиларнинг умумий аъзолик бадаллари суммасига нисбатан фоизи миқдорида овозлар сонига эга бўлади.

6.4. “Уюшма” фаолиятининг асосий йўналишини аниқлаш, уларнинг бажарилиши буйича режа ва ҳисоботларини тасдиқлаш, уюшмани тугатиш, қайта ташкил этиш, уюшма Таъсис ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ масалалар Уюшма аъзоларининг тўртдан уч қисмининг кўпчилик овози билан, бошқа масалалар юзасидан эса қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

6.5. Умумий йиғилишда қабул қилинган қарорлар Уюшманинг Уставига ёки қонунчиликка зид бўлиши мумкин эмас.

7. УЮШМАНИНГ ИЖРО ОРГАНИ

7.1. “Уюшма”нинг ижро органи 5 (беш) кишидан иборат Бошқарув ҳисобланади. Бошқарув таркиби уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши томонидан тайинланади. Бошқарув таркибига киритилган шахс бошқа ишга ўтган тақдирда унинг ўрнига тайинланган шахс бошқарув аъзоси ҳисобланади. Бошқарув ўз вазифаларини бажариш учун исталган давлат идоралари, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхоналар, ташкилотлар, жисмоний ва юридик шахслар билан ўз фаолияти юзасидан муносабатлар ўрнатишга ва тегишли масалаларни ҳал қилишга ҳақлидир.

7.2. Бошқарув (раис), Уюшма таъсисчилари умумий йиғилиши ваколатига кирувчи масалалардан ташқари уюшма фаолияти билан боғлик бўлган бошқа барча масалаларни ҳал этади.

7.3. Бошқарув фаолиятига бошқарув раиси бошчилик қилади. Бошқарув раиси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг тақдимномасига мувофиқ, таъсисчиларнинг умумий йиғилиши томонидан сайланади. Бошқарув раиси билан меҳнат шартномасини у сайланган таъсисчиларнинг умумий йиғилишида раислик қилган шахс ёки имзолайди. Бошқарув раиси Бошқарув номидан фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бошқарув раиси узрли сабабларга кўра ишда бўлмаганда унинг вазифасини бошқарув раисининг ўринбосарларидан бири бажаради.

7.4. Бошқарув органи Уюшмага оид қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Уставда ва шунингдек, уюшма таъсисчилари йиғилишида белгиланган қоидаларга амал қилиши шарт.

Бошқарув мажлислари заруратга қараб бошқарув раиси томонидан ҳар чоракда камида бир марта чақирилади ва мажлис баёни олиб борилади.

Бошқарув раиси мажлисларга раислик қилади.

Бошқарув қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолганда бошқарув раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

7.5. Бошқарув органи уюшма маблағини уюшма йиллик харажатлар сметаси доирасида сарфлайди. Уюшма зарур бўлган ҳолларда смета доирасидан чиқиши мумкин, лекин бунда Уюшма бу харажатларнинг асослилиги учун жавобгардир.

7.6. Бошқарув раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тақдимномасига асосан уюшма таъсисилари умумий йиғилиши томонидан сайланади.

7.7. “Уюшма” таъсисчилари умумий йиғилиши қарорига биноан Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари ваколати муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин.

7.8. Бошқарув раисининг (раис) ваколатлари ва мажбуриятларига қуйидагилар киради:

  • “Уюшма” фаолияти ва унинг ижроия органи фаолиятига раҳбарлик қилади, юклатилган вазифаларни бажариш ва мазкур Уставга риоя қилиниши учун шахсан жавобгардир, ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Уюшма фаолиятига тааълуқли масалаларни ҳал қилишда уларнинг ваколатларини белгилаш;
  • ижроия органи тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
  • ўзининг ваколатлари доирасида Уюшманинг фаолиятига раҳбарлик қилиш;
  • уюшма номидан ишончномасиз иш юритиш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • банкларда ҳисоб рақамлар, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларини очади ва Уюшманинг банк ва бошқа молия ҳужжатларида биринчи имзо ваколатига эга бўлиш;
  • ўзининг ваколатлари доирасида Уюшма номидан шартномалар тузиш;
  • ўз ваколатлари доирасида жамиятнинг мол-мулки ва пул маблағларини тасарруф этиш;
  • штатлар жадвалини тасдиқлаш, ходимларини ишга қабул қилиш (лавозимга тайинлаш), улар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш, ходимлар томонидан меҳнат ва ижро интизомини сақлаб туришини таъминлаш;
  • “Уюшма”нинг таркибий бўлинмалари (бошқарма, бўлим, хизмат) тўғрисидаги низомларни ҳамда ходимларнинг лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш;
  • “Уюшма” ижро аппарати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, мукофотлаш, рағбатлантириш, иш ҳақига қўшимча устамалар белгилаш, ойлик иш ҳақи ҳисобидан чегириш шарти билан фоизсиз ссудалар бериш, ойлик ва бир йўла тўланадиган компенсация ва ижтимоий ҳимоя тўловлари тизимини мустақил равишда жорий қилиш ҳамда улар тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлаш;
  • “Уюшма” ходимларининг ижтимоий кафолатларига риоя қилинишини ва уларнинг меҳнатини муҳофаза қилинишини таъминлаш;
  • “Уюшма”нинг филиаллари, ваколатхоналари ёки тобе хўжалик жамиятлари (ягона таъсисчиси бўлган тақдирда) раҳбарларини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш;
  • Республика ва хорижий давлатларнинг исталган юридик ва жисмоний шахслари билан муносабатларда уюшма номидан ишончномасиз иш кўради ва унинг номидан келишувлар, битимлар, шартномалар тузади ва шартномалар тузишга ишонч қоғозларини бериш;
  • ўз ваколати доирасида олди-сотди, қарз, гаров, кредит ва бошқа битимлар (охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган уюшма мол-мулки қийматининг ўн беш фоизидан ошмайдиган қийматга эга бўлган мол-мулкни уюшманинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки уюшма бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим) тузиш;
  • уюшма даромадлар ва харажатлар сметасида белгиланган миқдор доирасида ҳомийлик ва беғараз ёрдам кўрсатиш;
  • Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлари, уюшма таъсисчилари йиғилиши қарорлари ва ўз буйруқ ва қарорларининг бажарилиши устидан назорат қилишни таъминлаш;
  • “Уюшма” Бошқарув раиси (раис) амалдаги қонунчилик, ушбу Устав ва Уюшманинг меъёрий ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколат ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.

7.9. “Уюшма” Бошқарув раиси (раис) ўз ваколати доирасига кирадиган масалалар юзасидан буйруқлар, фармойишлар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар чиқаради, уларнинг бажарилиши уюшманинг барча мансабдор шахслари (ходимлари) томонидан бажарилиши шартдир.

8. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ

8.1. “Уюшма” иш натижалари ҳисобини олиб боради. Оператив бухгалтерия ва статистика хисобларини юритади. Уюшмада ҳисоб ва ҳисоботлар амалдаги қонунчилик қоидаларига мувофиқ олиб борилади.

8.2. “Уюшма” фаолиятининг молия йили 1-январдан 31-декабргача белгиланади.

8.3. “Уюшма” баланси Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида сўмда белгиланади.

8.4. Ҳисоб-китоб олиб борилиши ва ҳолати учун жавобгарлик бош ҳисобчига ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахсга юклатилади.

8.5. “Уюшма” жойлашган бинода пуллик ҳужжатлар юритилади ва сақланади, шу жумладан:

8.5.1. “Уюшма” таъсис ҳужжатлари, шунингдек Уюшманинг ички муносабатларини тартибга солувчи бошқа норматив ҳужжатлар, таъсис ҳужжатларига киритилган ва тасдиқланган ўзгартириш ва қўшимчалар.

8.5.2 Қонунчиликда назарда тутилган бухгалтерлик ҳужжатлари.

8.5.3. Таъсисчилар умумий йиғилишининг баённомалари.

8.5.4. “Уюшма” номидан ишонч қоғозига эга ходимларнинг рўйхати.

8.5.5. “Уюшма”нинг барча ходимлари рўйхати.

8.5.6. “Уюшма” фаолиятининг статистик кўрсаткичлари.

8.5.7. Аудиторнинг ва давлат молия назорати органининг хулосалари.

9. АУДИТ

9.1. “Уюшма” ўзининг молия - хўжалик фаолиятини ўз ҳисобидан мустақил аудиторлик ташкилоти орқали у билан тузилган шартнома асосида текширишни амалга ошириши мумкин.

10. УЮШМА ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИ ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ

10.1. Меҳнат хақи тўлови, меҳнат ва дам олиш тартиби, моддий рағбатлантириш миқдори, ишга қабул қилиш ва озод этиш, Уюшма марказий аппарати ходимларини ижтимоий таъминлаш, ходимлар малакаси ошириш, ходимларни ёллаш Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилиги ва Уюшма Уставига мувофиқ томонлар ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.

11. УЮШМАНИ ҚАЙТА ТУЗИШ ВА ТУГАТИШ

11.1. “Уюшма”ни қайта ташкил этиш (бирлаштириш, қўшиш, бўлиб юбориш, ажратиш, қайтадан тузиш) Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига биноан таъсисчиларнинг умумий йиғилиши қарорига асосан амалга оширилади.

11.2. “Уюшма”ни тугатиш тўғрисида қарор қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларда суд томонидан қабул қилиниши мумкин.

11.3. Юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган юридик шахс муассислари (иштирокчилари) ёки орган тугатувчини — тугатиш комиссиясини ёки жисмоний шахсни тайинлайдилар ҳамда Фуқаролик Кодексига мувофиқ тугатиш тартиби ва муддатини белгилайдилар.

Юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланади.

11.4. Тугатиш комиссияси Уюшма тугатилиши ҳақида матбуотда хабар беради ва кредиторларнинг талабларини билдириш тартиби ва муддатини белгилайди, бу муддат тугатиш ҳақида эълон қилинган кундан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги лозим.

11.5. Тугатиш комиссияси тузилган пайтдан бошлаб унга Уюшма ишларини бошқариш ва тугатилаётган Уюшма номидан судда қатнашиш ваколатига эга.

11.6. Тугатиш комиссияси Уюшмани тугатиш учун зарур булган ишларни амалга оширишга ҳакли.

11.7. Тугатиш комиссиясининг аъзолари ўзларининг фаолиятлари натижасида Уюшма ёки учинчи шахсга етказилган зарар учун биргаликда жавоб берадилар.

11.8. Тугатиш комиссияси қарздорларни Уюшма тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади, қарздорларни аниқлайди ва дебиторлик қарзлари буйича қарзларни тўланиш чораларини кўради.

11.9. Тугатиш комиссияси қарздорлар томонидан даъво қилиш муддати ўтгандан сўнг, оралик тугатиш балансини тузиб чиқади. Оралиқ тугатиш балансида Уюшма мулкининг таркиби тўғрисидаги, қарздорларнинг даъволари рўйхати ва уларнинг кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатиб ўтилади. Оралиқ тугатиш баланси умумий йиғилиш томонидан ёки Уюшма тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан тасдиқланади.

11.10. Агарда Уюшма пул маблағлари қарздорларнинг даъволарини қоплаш учун етарли бўлмаса, тугатиш комиссияси суд қарорини ижро этиш учун Уюшмага тегишли бўлган мулкларни савдога чиқариб сотишни амалга оширади.

11.11. Карздорларга пул маблаглари тулаш тугатиш комиссияси томонидан оралиқ тугатиш баланси тасдиқланган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 56-моддасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

11.12. Тугатиш комиссияси қарздорларга қарзлар тўланиб бўлингач, тугатиш балансини тузади. Тугатиш баланси умумий йиғилиш ёки Уюшмани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган томонидан тасдиқланади.

11.13. “Уюшма” бюджет, ходимлари ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўрсатилган бошқа мажбуриятлар бўйича хисоб-китоб қилиб бўлгандан сўнг, қолган мулк уюшма таъсисчилари ўртасида қўшган ҳиссалари доирасида тақсимланади.

11.14. “Уюшма” давлат руйхати реестридан чиқарилган пайтдан бошлаб тугатилган хисобланади. Уюшма тугатилиши билан ушбу Устав ўз кучини йуқотади.

11.15. Ушбу Уставда назарда тутилмаган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ ҳал этилади.



Format: PDF Download 4.22 MB
 

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech