On the issues of approval of the main parameters of the program "Obod mahalla" and ensuring their execution

The text of the Articles is presented in the satate language

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

«ОБОД МАҲАЛЛА» ДАСТУРИНИНГ АСОСИЙ ПАРАМЕТРЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ВА УЛАРНИНГ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги ПФ-5467-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, шу асосда аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида:

1. «Обод маҳалла» дастури доирасида:

2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширишнинг асосий кўрсаткичлари 2.1 — 2.9-иловаларга мувофиқ;

2018-2019 йилларда амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини молиялаштириш параметрлари 3 — 3.1-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Дастур ижросининг бориши юзасидан шаҳар (туман)лар ҳокимлари ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари шаҳар (туман) кенгашига ҳисобот бериб бориши белгилаб қўйилсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари:

бир ой муддатда «Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича ҳар бир маҳалла кесимида «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиб, уларни амалга ошириш механизмлари, муддатлари ва масъулларни аниқ белгиласин;

«Обод маҳалла» дастурини амалга ошириш ва белгиланган параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан корхона, ташкилот ва ижрочиларнинг фаолиятини мувофиқлаштирсин, бунинг учун ҳар бир маҳалла бўйича махсус штаблар фаолиятини ташкил этсин;

тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда маҳаллалар ҳудудларида 4-иловада келтирилган хизматлар ва тузилмаларни ташкил этиб, уларнинг юқори малакали мутахассислар, зарур моддий-техника базаси, бино ва иншоотлар билан таъминлаган ҳолда тўлиқ фаолият юритиши чораларини кўрсин.

3. «Обод маҳалла» дастурига киритилган объектлар бўйича:
тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжирининг компаниялари ҳамда вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари тизимидаги буюртмачи хизматлари буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотларни танлов савдолари ўтказмасдан, энг мақбул таклифлар танлови орқали аниқлашга рухсат берилсин.

Мазкур танловларни ташкил этиш, жараёнларни назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик шаҳарлар ҳокимлари ҳамда тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига юклансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари:

«Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурлари доирасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича буюртмачи функциясини бажариш учун «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларининг шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ҳафта муддатда «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларининг шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларининг намунавий низомлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини мазкур гуруҳлар назорати остида молиялаштириш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари:

мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларни комплекс ривожлантиришни назарда тутувчи бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқишни;

маҳаллалар ҳудудидаги бўш ер майдонларини тадбиркорлик субъектлари учун ажратишда бош режа талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан маҳаллий ҳокимлик ва архитектура органлари масъулиятини оширишни таъминласин.

Қайд этилсинки, ушбу тартибга риоя этилмаган тақдирда барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва архитектура органларининг мутасадди раҳбарлари ва ходимлари ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, «Ўздавергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзбектелеком» АК, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларни ўрнатилган тартибда хатловдан ўтказиб, унинг натижаларига кўра:

мавжуд уй-жойлар, бино ва иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансин ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини ташкил этсин;

техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино ва иншоотлар, қурилмаларнинг бузилишини таъминласин;

бир ой муддатда кўп қаватли бино ва иншоотлар, уларга туташ ҳудудлар, ободонлаштириш элементлари, шунингдек, умумий фойдаланиш объектларини тўлиқ қамраб олган ҳолда кадастр маълумотларини янгиласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси «Обод маҳалла» дастури доирасида Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ишларини, йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг зарурий элементлар билан тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларда мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланишдаги қисмлар ва майдонларни (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари ва ҳ.к.) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атрофидаги ҳудудларни тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, шу асосда ишларни амалга оширишни таъминлансин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Давлат экология қўмитаси ва тегишли санитар тозалаш корхоналари билан биргаликда «Обод маҳалла» дастурига киритилган маҳаллаларда чиқиндиларни йиғиш майдончаларини барпо этиш, мунтазам равишда чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил қилиш чораларини кўрсин.

10. Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ талаб этиладиган 5-иловада келтирилган асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозлари билан таъминлаш бўйича тартиб ишлаб чиқиб, шу асосда ишларни ташкил этсин.

«Ўзқурилишматериаллари» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзмахсусмонтажқурилиш» АК, «Ўзэлтехсаноат» АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари «Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини мунтазам равишда етказиб беришни ташкил этсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи органлар билан биргаликда «Обод маҳалла» дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ўрнатилган тартибда:

«Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ва маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш тизимини такомиллаштириш учун зарур ҳолларда шаҳарсозлик норма ва қоидаларини қайта кўриб чиқиб, ўзгартишлар киритишни ҳамда янгиларини ишлаб чиқишни таъминласин;

объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизаси ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назорати ўрнатилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3630-сон қарори билан тузилган «Обод қишлоқ» дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси (А.Ж. Раматов)га:

«Обод маҳалла» дастурини амалга оширишда иштирок этаётган вазирлик, идора, ҳокимлик ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ўзаро ҳамкорликда иш юритишларини таъминлаш, бу борада юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;
«Обод маҳалла» дастури доирасида қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашнинг бориши юзасидан тизимли мониторинг юритиш;

келгуси йилларда «Обод маҳалла» дастурига киритилиб, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;

«Обод маҳалла» дастурини амалга ошириш жараёнида зарур ҳолларда вазирлик, идора, ҳокимлик ва ташкилотлар — буюртмачиларнинг таклифлари асосида тегишли параметрларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда бажариладиган иш турлари ва ҳажмларига аниқлик киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифлари давомида берилган топшириқлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3630-сон қарори билан тасдиқланган «Обод қишлоқ» дастурига тузатишлар киритиш ҳамда янгиланган параметрларни тасдиқлаш вазифалари юклатилсин.

14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, бошқа тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан келишган ҳолда, ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йилда «Обод маҳалла» дастури доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг параметрларини объектлар кесимида шакллантириб, тасдиқлаш учун Республика комиссиясига киритиб борсин.

Бунда, дастур доирасида ажратиладиган маблағларнинг самарадорлигини ошириш ва ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик мақсадида объектлар ва тармоқлар бўйича энг мақбул меъморий ва техник ечимлар асосида лойиҳалаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш таъминлансин.

15. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича корхона ва ташкилотлар ўртасидаги дебитор ва кредитор қарздорликни ошиб кетмаслигига шахсан масъулдир.

16. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликлар билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2018 йил манзилли дастурига киритилган ва қурилиш-монтаж ишлари бошланмаган ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини хатловдан ўтказиб, зарур ҳолларда уларнинг ўрнига «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурларида кўзда тутилган объектларни киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Мазкур қарор ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Ж. Раматов, Ж.А. Қўчқоров, С.Р. Холмуродов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ва шаҳарлар ҳокимлари зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 27 июнь,

ПҚ-3812-сон

Файл
Date of registration: 27.06.2018 y.
Number: PD-3812
Download file
Size: 5.11 MB




Comments (0)
There are no comments
Only the registered users can leave comments.
Enter , please.

Click to listen highlighted text! Powered by GSpeech