Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ҚУРИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИ САНОАТИДА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА ТАРМОҚНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 12-13-cон, 88-модда; 2009 й., 10-11-сон, 105-модда)
Қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш, янги замонавий қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда унинг турларини кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш, мактаб таълими ва уй-жой қурилишини ривожлантириш умуммиллий дастурларини амалга оширишни ҳисобга олган ҳолда ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талаб-эҳтиёжи қондирилишини таъминлаш, шунингдек экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар 2010 йилгача бўлган даврда қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
биринчи навбатда устувор умуммиллий ижтимоий дастурларни амалга ошириш учун иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолининг қурилиш материалларига бўлган талаб-эҳтиёжлари тўлиқ қондирилишини назарда тутган ҳолда уларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш;
қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг янги замонавий технологияларини жумладан, республикамизда амалий илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни ривожлантириш асосида жорий этиш ва ўзлаштириш;
тармоқ корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларини ниҳоясига етказиш, хусусий корхоналар барпо этишни рағбатлантириш ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан қурилиш материаллари бозорини монополиядан чиқариш ҳамда рақобат муҳитини вужудга келтириш;
ҳудудларнинг эҳтиёжлари ва истиқболда маҳаллий қурилиш хомашё ресурсларининг янги конларини ўзлаштиришни ҳисобга олган ҳолда қурилиш материаллари корхоналарининг оқилона ҳудудий жойлаштирилишини таъминлаш.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, «Давархитектқурилиш» қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:
ўрта махсус касб-ҳунар таълими, умумтаълим мактаблари, болалар спорти, уй-жой ва саноат-фуқаро қурилишини ривожлантириш дастурларининг параметрларига асосан ишлаб чиқилган 2005—2010 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ;
республика минтақаларида 2005—2010 йилларда қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш ва қурилиш материалларининг янги турларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага мувофиқ;
жойларда амалга оширилаётган ижтимоий ривожланиш дастурлари ва саноат-фуқаро қурилишининг параметрларидан келиб чиққан ҳолда 2005—2010 йилларда республика минтақаларида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни қўшимча равишда кўпайтириш бўйича мақсадли вазифалари 3-иловага мувофиқ;
2005—2010 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун ўзлаштирилаётган янги норуда хом-ашё конлари рўйхати 4-иловага* мувофиқ;
2005—2010 йилларда қурилиш материаллари экспортининг мақсадли кўрсаткичлари тўғрисидаги таклифлари 5-иловага* мувофиқ қабул қилинсин.
* 1, 1а, 2, 3, 4, 5-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
3. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш борасидаги истиқболли инвестиция таклифлари рўйхати 6-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
* 6-илова рус тилидаги матнда берилган.
4. «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси ҳузурида янги технологиялар ҳамда қурилиш материалларининг юқори самарали янги турларини ишлаб чиқариш соҳасидаги амалий илмий тадқиқотлар ва конструкторлик-технология ишланмаларини марказлаштирилган тартибда молиялаштириш учун бюджетдан ташқари махсус Жамғарма ташкил қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда ушбу махсус Жамғармани шакллантириш манбаларини аниқласин, мазкур Жамғармани шакллантириш ва унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. 7-иловага* мувофиқ «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси корхоналари томонидан олиб келинадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва мазкур Фармонда кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган ускуналар ва ёрдамчи материаллар 2006 йилнинг 1 январидан бошлаб икки йил муддатга божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озод қилинсин.
* 7-илова рус тилидаги матнда берилган.
Белгилансинки, бўшайдиган маблағлар қурилиш материаллари саноати корхоналарини янгилаш ва техника билан қайта қуроллантиришга мақсадли фойдаланиш учун йўналтирилади.
6. 8-иловага* мувофиқ 2005—2009 йилларда қурилиш материаллари саноати корхоналарига ноанъанавий хом-ашё турларини етказиб бериш қўшилган қиймат солиғини тўламасдан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
* 8-илова рус тилидаги матнда берилган.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирликлар ва идоралар «Ўзқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда:
қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш борасидаги истиқболли инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги ахборотни маҳаллий ва хорижий инвесторлар, манфаатдор корхона ва ташкилотларнинг кенг доирасига етказсинлар;
янги ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг юқори унумли ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этишда тадбиркорлик субъектларига ёрдам кўрсатсинлар.
8. Қурилиш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши мониторинги ва фаолиятни лицензиялаш бўйича Республика комиссияси (А.Ҳ. Тўхтаев) ишларнинг мувофиқлаштирилишини ҳамда 2010 йилгача бўлган даврда қурилиш материаллари саноатида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тармоқни жадал ривожлантириш жараёнлари, шунингдек ушбу Фармон билан бериладиган имтиёз ва преференциялардан тўғри, мақсадли ва самарали фойдаланилиши мониторинги тегишли даражада олиб борилишини таъминласин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ҳ. Тўхтаев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2005 йил 24 март,
ПФ-3586-сон
Kiring , marhamat.