- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Қимматли қоғозлар эгалари даромад кўрмоқда
Маълумки замонавий молия тизимини капитал бозорисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Фонд бозори эса капитал бозорида мухим ахамиятга эга. Фонд бозори ривожланишининг мамлакат иқтисодиётига таъсири шундаки, у кенг доирадаги инвесторларнинг, шу жумладан хорижий инвесторларнинг капиталини иқтисодиётнинг турли тармоқларига жалб қилиш, уларни қайта диверсификация қилиш, шу орқали мамлакат учун мухим бўлган йирик лойихаларни молиялаштириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш каби бугунги кунда долзарб бўлиб турган турли иқтисодий-ижтимоий муаммоларни бартараф этишда ёрдам беради.
Фонд бозорини тараққий топтириш хўжалик юритувчи субъэктлар ва ахолининг реал даромадларига хам таъсири каттадир. Чунончи, унда компаниялар ўзларининг инновацион лойихаларини молиялаштириш имкониятига эга бўладилар, бозорнинг бошқа иштирокчилари эса қимматли қоғозларни сотиб олиш, сотиш, шунингдек дивиденд ва фоиз кўринишида даромад олиш имкониятини қўлга киритадилар. Бугунги Фарғона вилоятидаги акциядорлик жамияти сони 43 тани ташкил этади. Вилоятдаги акциядорлик жамиятлари томонидан муомалага чиқарилган акцияларнинг сони жами 60097,733 млн. донани, чиқарилув хажми 693,12 млрд. сўмни ташкил этмоқда. 2018 йилнинг ўтган 9 ойи давомида “Тошкент” Республика фонд биржасида савдолар айланмаси 329,8 млрд. сўмни, битимлар сони эса 7793 тани ташкил этди. Шундан вилоятимиздаги акциядорлик жамиятларига тегишли қимматли қоғозлар бўйича савдолар хажми 35,27 млрд. сўмни, битимлар сони 4462 тани ташкил қилди.
Бу борада Фарғона вилояти республика миқёсида Тошкент шахридан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Биржа савдоларида ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда ўсиш кузатилди. Бунга кейинги пайтда сохани ривожлантириш бўйича янгича ёндошувдаги ислохотлар сабаб бўлмоқда десак янглишмаймиз. Aйниқса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 10.05.2017 йилдаги 268-сонли “Фонд биржасида акцияларни оммавий таклифини ўтказиши ташкил этиш тўғрисида” ги қарори бу борада мухим қадам бўлди десак хато қилмаган бўламиз. Чунки, мазкур қарор асосида мамлакатимиз фонд бозорида илк марта “Кварс” AЖ акцияларини ИПО (бирламчи оммавий таклиф этиш) усулида сотилиши кўплаб фуқароларимизни фонд бозорига бўлган қизиқишини янада ортирди хамда фонд бозорини ривожланишида мухим қадамлардан бири бўлди.
Бугунги кунда “Кварс” AЖ акцияларига талаб юқори бўлаётганлигини эътиборга олсак, дастлаб акция сотиб олган фуқароларимиз, хам дивиденд кўринишида хам акцияларни қимматроқ нархда сотиш орқали даромад кўрмоқдалар. Шунингдек юқоридаги қарорда вилоятимиздаги “Қўқон механика заводи” AЖ акцияларини СПО (иккиламчи оммавий таклиф этиш) усулида сотилиши кўзда тутилган бўлиб хозирда акцияларни оммавий савдосини ташкил этиш бўйича сўнги босқич тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Дарвоқе, яқинда “Қўқон механика заводи” AЖ ўзининг устав фондини ўтган йиллар тақсимланмаган фойдасининг бир қисмини капитализация қилиш хисобига ошириб 1677,339 млн сўмдан 20128,068 млн сўмга етказди. Тақсимланмаган фойдани капитализация қилиниши жамиятнинг акциядорларига уларнинг номинал қиймати 900 сўм бўлган хар бир дона акцияларига қўшимча 11 тадан (!) акция берилиши орқали даромад олишларини таъминлади. Шунингдек жорий йилда “Қўқон спирт” AЖ хамда “Бешариқ пахта тозалаш” AЖ лар хам ўзларининг устав фондларини мос равишда ўтган йиллар тақсимланмаган фойдасининг бир қисмини капитализация қилиш хисобига ошириб акциядорларга қўшимча акциялар берилиши орқали даромад олиш имконини тақдим қилдилар. Бундан ташқари вилоятда жойлашган акциядорлик жамиятларида 2017 йил якунларига бағишлаб ўтказилган умумий йиғилишларда жами 66,7 млрд. сўм дивиденд эълон qilindi.Bu борсада айниқса “Кварс” AЖ етакчилик қилиб олинган соф фойда 88,23 млрд. сўмдан 44,11 млрд. сўмни дивиденд тўловига йўналтирди. Биз юқорида мисол тариқасида айрим рақамларни келтирдик холос. Бундай ижобий кўрсаткичларни республикамизининг исталган худудида кўплаб учратиш мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кейинги пайтда корхоналар бизнесни молиялаштиришда кўпроқ банк кредитини афзал билсалар, оддий фуқаролар инвестиция объэкти сифатида кўчмас мулк, қимматбахо буюмлар, банк омонатларини афзал кўрмоқдалар. Шунинг учун ривожланган мамлакатлардагидек қимматли қоғозлар тадбиркорлик фаолияти учун капитал жалб қилиш, шунингдек фойда олишнинг самарали воситаси эканига эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
М.Кенжаев
Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш
Маркази Фарғона вилоят худудий бошқармаси бошлиғи
"@Ozqurilishmateriallari" телеграм, "@aouzsm" фаcебоок, "узбуилдматериалс" инстаграм каналлари орқали янги маълумотлардан хабардор бўлинг.