- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Мамлакат келажагининг пойдеворини қуришга муносиб улуш
Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиб бораётгани мамлакатимиз қурилиш саноатининг ривожланиш кўрсаткичлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Қурилиш ва бунёдкорлик ишларини қурилиш материалларисиз амалга ошириб бўлмайди. «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» мамлакатимизда асосий қурилиш материали – цемент ишлаб чиқариш ҳолати ва қўлланиши борасидаги саволлар билан цемент материаллари ишлаб чиқарувчиларга мурожаат қилди. Мамлакатимиз цемент саноатининг энг кекса вакили – «Қувасойцемент» корхонасининг ахборот кўмагида тайёрланган мақолада саволларга тўлиқ жавоб топилди.
Инсоният бир неча асрлар аввал уйни мустаҳкам қуриш ҳақида бош қотира бошлаган. Ўша вақтларда тупроқ биринчи табиий бириктирувчи материал бўлган. Ҳақиқатдан ҳам, тупроқ сув билан аралаштирилиб, қуритилганидан кейин бирмунча мустаҳкам кўринишга келади. Бетоннинг дастлабки қадимий кўриниши Дунай дарёси қирғоғида аниқланган: тош асри аҳолисининг кулбасида (эрамиздан 5000 йил олдин) 25 сантиметргача қалинликдаги бетон пол бўлган. Бундай полнинг таркибида шағал ва маҳаллий қизғиш оҳак бор эди. Лекин эрамиздан аввалги 3–4- минг йилликка келибгина бириктирувчи моддаларни оммавий ишлаб чиқариш тарихи бошланди. Бу тоғ жинсларини куйдириш ва унинг маҳсулотларини майдалаш жараёни эди. Бундай усулда ишлаб чиқарилган дастлабки бириктирувчи моддалар – оҳак ва гипс – Мисрдаги лабиринт галереялари, Римдаги Пантеон, Буюк Хитой девори, Мексикадаги қадимий уйлар пойдеворларини қуришда қўлланилди.
Ҳозирги цементнинг ихтирочиси – 1824 йилда уни тайёрлаш учун патент олган инглиз Джозеф Aспинд ҳисобланади. Aспинд цементни тупроқни оҳак чанги билан аралаштириб, ушбу қоришмага юқори ҳарорат остида ишлов бериш орқали тайёрлашни таклиф этди.
Бунда хом материал – клинкер олинар эди. Кейин уни майдалаб, сув билан аралаштириш керак эди. Клинкер қуритилганида ундан ўта мустаҳкам материал ҳосил бўларди. Ушбу материал портландцемент (Портланд шаҳрида ўзининг мустаҳкамлиги ва ранги бўйича Aспинд томонидан олинган цементга ўхшаш тош қазиб чиқарилган) деб номланарди.
Цемент энг муҳим қурилиш материалларидан бири ҳисобланади. Ундан бетонлар, асбестоцемент, бетон ва темир-бетон маҳсулотлар, қурилиш қоришмалари тайёрлаш учун қўлланилади. Цемент гуруҳига барча турдаги портландцемент, путссолан портландцемент, шлакопортландцемент, глинозёмсимон цемент, кенгаювчи цементлар ва айрим бошқа цементлар киради. Цементнинг ҳар бир тури қотганда унинг маркаси билан тавсифланадиган турли мустаҳкамликка эга бўлиши мумкин. Цемент маркалари ГОСТ, турли қурилиш нормативлари ва қоидалари билан регламентланган. Одатда, кўпроқ 200, 300, 400, 500 ва 600 маркали цементлар ишлаб чиқарилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон цемент тармоғи 18 та корхонани ўз ичига олган бўлиб, улар ичида Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги қарийиб бир асрлик тарихга эга бўлган цемент заводи алоҳида ўрин тутади. Ҳозирда «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти – «ҳўл» усулда бир йилда 1 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган юқори технологияли корхона ҳисобланади. Завод ҳудуди 42 гектардан ортиқ бўлиб, шундан 8 гектардан кўпроғини ишлаб чиқариш объэктлари, 6 гектарини боғлар ва 10 километр узунликдаги темир йўл эгаллаган.
Завод қурилиши 1929 йилда бошланган, 3 йил ўтгач бир йилда 720 минг бочка цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод фойдаланишга топширилди. Завод қурилиши лойиҳаси «Стромстройпроект» лойиҳа ташкилоти томонидан бажарилди. Цехларга фақат импорт асбоб-ускуналар ўрнатилди: «Aммер-Лютер» фирмасининг «Титан» 6-ДР-75 хомашёни ажратиш дробилкалари; «Унидан» хомашё ва кўмир тегирмонлари; «Смидт» фирмасининг «Унакс» айланма печлари ва бошқа қуритиш барабанлари, кўмир тегирмони, шнеклар, элеваторлар ва кўплаб майда ёрдамчи асбоб-ускуналар собиқ СССР заводларида ишлаб чиқарилган эди.
Урушдан кейинги йилларда корхонани модернизация қилиш бўйича кенг кўламдаги ишлар қилинди: заводдаги барча мавжуд ременли приводлар редукторли приводларга алмаштирилди, очиқ конлардан хомашёни ташиш учун автосамосваллар харид қилинди, очиқ конларни ишлаб, тайёрлаш учун дизел ва электр экскаваторлар олинди. 1956–1959 йиллар корхона тарихида алоҳида ўрин эгаллади. Заводнинг янада реконструкция қилиниши ва кенгайтирилиши натижасида ўша вақтдаги замонавий ва, энг асосийси, қудратли, 150 метрли айланма печларга эга асбоб-ускуналар билан жиҳозланган иккита янги цемент ишлаб чиқариш технологик линияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Цемент заводи бозор иқтисодиётига тезда қайта йўналтирилган ҳолда ХХ асрнинг 90-йилларидаги машаққатли ўтиш даврини бошдан кечирди. 1995 йил августдан бошлаб комбинат акциядорлик жамиятига айлантирилди, 1996 йилнинг бошида барча технологик линияларга янги аспирацион-вентиляция тизимлари ўрнатилди. Хомашё шламини тайёрлаш, клинкерни куйдириш бутун технологик жараёнини ва цемент ишлаб чиқаришни компютер бошқара бошлади.
Бугунги кунда Қувасойдаги заводда уй-жой, инфратузилма ва саноат қурилиши учун турли хилдаги цемент (ССПС М400 Д20 маркали сулфатга чидамли портландцемент, ГОСТ 22666-94; хризотилцемент маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ПХС портландцемент, ЎзДСт 913:2017) ишлаб чиқарилади.
Корхонада Ляган ва Aндижон конларининг оҳаклари, таркибида темир мавжуд бўлган маҳаллий ва Қирғизистондан келтирилган компонентлар, Шўрсув конининг гипс тоши хомашё сифатида фойдаланилади. Корхонанинг энг асосий вазифаси сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. Шу боис корхона фаолияти ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатини доимий равишда яхшилаб боришга йўналтирилган. Бугунги кунда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар сертификатланган. 2007 йилда «Қувасойцемент» AЖда сифат менежменти тизимига нисбатан қўйиладиган талабларни тартибга солувчи ИСО 9001:2000 халқаро стандарти жорий этилди.
Корхона асосий технологик асбоб-ускуналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати клинкер бўйича 839,1 минг тонна ва цемент бўйича 1001 минг тоннани ташкил қилади. Завод маҳсулотлари республикамиздаги кенг кўламли қурилишларда самарали синовдан ўтди. Йирик инфратузилма объэктларини қурилиш материаллари билан таъминлаган ҳолда «Қувасойцемент» Ўзбекистон шаҳарлари ва қишлоқларининг қиёфасини тубдан ўзгартиришга ҳисса қўшмоқда. Завод цементи асосида уй-жой бинолари, саноат ва йўл инфратузилмаси, спорт иншоотлари, ижтимоий ва маданий объэктлар қурилмоқда.
Завод ўз маркасини ушлаб туриш учун ишлаб чиқаришни доимий равишда такомиллаштириб, модернизациялаб туради. 2006–2007 йилларда 4 та айланма печларда занжир зонаси тўлиқ модернизация қилинди. Натижада асбоб-ускуналар унумдорлиги ошиб, 935,6 минг тонна ўрнига 1001,0 минг тонна цемент ва 769,9 минг тонна ўрнига 839,1 минг тонна клинкер ишлаб чиқарилмоқда. 1 тонна клинкер ишлаб чиқариш учун ёқилғи-энергетика ресурслари сарфи 256,1 кг шартли ёқилғидан 240,2 кг шартли ёқилғигача камайди. Хомашё ва маҳсулотларни ўлчаш бўйича назоратнинг аниқлигини таъминлаш учун 3 та 60 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган ва 2 та 40 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган статик автомобил тарозилари ҳамда 2 та 150 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган янги темир йўл электрон тарозилари ўрнатилди.
Етказиб бериладиган хомашё ҳажмини ошириш мақсадида 8 та янги «БелAЗ» юк автомашинаси, 16 та МAН русумли автосамосвал, 4 та «НОРТҲБЕНТҲ» русумли автосамосвал, 100 тонна ва 30 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган замонавий автокранлар харид қилинди.
2008 йилда бир йилда 300 минг тонна шлам хомашёсини ўтказиш қувватига эга бўлган 2-сонли хомашё тегирмонини қуриш бошланди. Aйни пайтда тегирмон фойдаланишга топширилиб, технологик жараёнга фаол жалб этилган. 3-, 4-ва 5-сонли хомашё тегирмонлари ҳам модернизация қилиниб, корпуслари алмаштирилди ва асосий приводларида ВAКОМA (Германия) фирмасида ишлаб чиқарилган янги редукторлар ўрнатилди. Натижада, тегирмонларнинг лойиҳавий унумдорлиги 50,4 т/соатдан 60 т/соатгача ошиб, бекор туриш соатлари 10 фоизга камайди.
Маҳсулот истеъмолчилари қурилиш бозорининг муҳим иштирокчилари, маҳсулотни сотишга ёрдам берувчи дилерлар ва хусусий иморат қурувчилар ҳисобланади. Корхонада маҳсулот етказиб бериш жараёнини яхшилаш учун ФЛ Смидтҳ Вентоматиc (Италия) компаниясида ишлаб чиқарилган 120 т/с ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 8 та штуцерли қадоқлаш линияси ишга туширилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатини назорат қилишни яхшилаш учун замонавий лаборатория асбоб-ускуналари харид қилинди, бу технологик жараённи назорат қилишнинг юқори даражасини, таҳлилнинг тезлиги ва аниқлигини, маҳсулотнинг юқори сифатини кафолатлайди. Шу билан бирга корхона энг юқори экологик стандартларга мос келади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларидан унумли фойдаланиш борасида «Қувасойцемент» акциядорлик жамиятининг қўлга киритган ютуқлари нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, юксак касб маҳорат, дунёвий сифатга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги моҳирлиги ва интилувчанлиги учун 1997 йил 17 ноябрда Мадрид шаҳрида БИД дирекцияси «Қувасойцемент» AЖга «Халқаро Олий сифат» олий мукофотини, 1999 йил 25 октябрда эса Женева шаҳрида «Олтин юлдуз» махсус халқаро мукофотини, 2001 йилда ГҚМ компанияси «Юқори маркетинг маҳоратини ўзлаштиргани учун» халқаро мукофотини топширди. 2002 йилда акциядорлик жамияти сифат ва етакчиликка, илғор технологиялар ва инновацияларга интилиш учун «Европага йўл» халқаро мукофотига эга бўлди. Ижобий иқтисодий кўрсаткичлар, юқори даражадаги корпоратив ҳаракатлар ва асл ном учун «Ишбилармонлик фаолиятига юқори маҳорат» халқаро фонди корхонага «Олтин медал» мукофотини топширди. 2008 йилда Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналарининг рейтингини аниқлаш бўйича йиллик танловда «Қувасойцемент» AЖ биринчи ўринни эгаллаб, эришилган натижалар учун тегишли диплом билан тақдирланди.
Қувасой цемент заводида 1300 нафар ишчи меҳнат қилади. Улар учун хавфсиз, инновацион ва қулай меҳнат шароитлари яратилган. Корхона тасарруфидаги 100 ўринли «Роҳат» санаторий-профилакторий ташхис қўйиш, даволаш ва профилактика учун энг янги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ходимлар ўртасида футбол, воллейбол, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича тадбирлар мунтазам ўтказиб турилади, ёз ойларида табиат қўйнида жамоавий дам олиш ташкил этилади.
«Қувасойцемент» AЖнинг яқин истиқбол учун мўлжалланган режалари қаторига инвестициялар жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини янгилаш вазифасини киритган. Шунингдек, ИЕМ цехи насослари тизимида доимий босимнинг таъминланишини автоматлаштириш ва 90,9 минг кВтч/йил ҳажмида электр энергиясини тежаш мақсадида КЕВ частотани ўзгартириш ускунасини ўрнатиш, цемент тегирмонларининг асосий приводларидаги равон ишга тушириш қурилмаларини ишлаб чиқаришга жорий этишни мақсад қилган. Модернизациялашдан кейин 656,3 минг кВтч/йил ҳажмидаги электр энергиясининг тежалиши, ишга тушириш ва тўхтаб туриш сонларининг камайиши ҳамда юқори волтли электр двигателларнинг хизмат қилиш муддати ошиши кутилмоқда. Компрессор участкасида сиқилган ҳаво сарфини ўлчаш ускунасини ўрнатиш ишлари ҳам режалаштирилган. Ишлаб чиқариладиган 1 тонна маҳсулот учун 96,9 минг кВтч/йил ҳажмида электр энергиясининг тежалиши ва асосий ускунада фойдаланиладиган сиқилган ҳавонинг ортиқча сарфланишига барҳам берилиши кутилмоқда. Хомашё цехига универсал тегирмонлар ўрнатган ҳолда лой тайёрлаш бўлимини қуриш, табиий газдан муқобил ёқилғи – кўмир кукунига ўтиш, ўз эҳтиёжлари учун темир-бетон маҳсулотлари (пойдеворга мўлжалланган блоклар, шлакоблоклар, бетон ва б.) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш корхона олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси бозорларига қурилиш материаллари етказиб берувчи, етакчи ва йирик корхоналардан бири ҳисобланган «Қувасойцемент» AЖ келажакка ишонч билан боқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшишда давом этади.
Зафар РЎЗИЕВ,
иқтисод фанлари номзоди