- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Маҳаллийлаштириш ва импортни оптималлаштириш давр талаби
Дарҳақиқат бугунги кунда Республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида қурилиш материалларига бўлган талаб ортиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилнинг январь-август ойларида мамлакатимизда жами 44,3 трлн. сўм қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,1 % ни ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, Республикамизда 2017 йилда ЯИМ 302,5 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, шундан 10,6 трлн. сўми ёки 3,5 фоизи қурилиш материаллари саноатига тўғри келган. 2018 йилда эса, бу кўрсаткич 15,3 трлн. сўмга, ўсиш суръати 115,1 фоизга етди. Қурилиш материаллари саноатининг ЯИМ даги улуши ўтган йилга нисбатан 0,2 фоизли бандга ошиб, 2018 йилда 3,7 фоизни ташкил қилди.
Кўриниб турибдики, йилдан-йилга аҳолини қурилиш материалларига бўлган талаби ошиб, натижада ишлаб чиқариш ҳажми ва салмоғи ҳам ортмоқда. Шу сабабли, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилари томонидан ўз моддий техник базасини яхшилаш, янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида, мамлакатимизга янги техника ва технологиялар олиб келинмоқда.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4198-сонли қарорига асосан 1,3 млрд. АҚШ долларлик, 2019 йил 23 майдаги ПҚ-4335-сонли қарорга 500 млн. АҚШ долларлик хорижий кредит линиялари ҳисобидан, Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги 611-сонли қарорига асосан 200 млн. АҚШ долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилиб, янги қувватлар ва корхоналар яратилмоқда. Шу боис, уюшма корхоналари томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган 210 млн. АҚШ доллар миқдоридаги технологик ускуналар олиб келиниб, улар жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида жами қилинган 308,8 млн. долларлик импортнинг 68 фоизини ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 август куни қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни махаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги ПҚ-4426-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, уюшма томонидан республикамизга импорт қилинаётган қурилиш материаллари турлари таҳлил қилинди ва катта ҳажмда импорт қилинаётган 12 ҳил турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни махаллийлаштиришга алоҳида этибор қаратилди.
Бу борада, 2019-2021 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этишда маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, импортни қисқартириш ва саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Мазкур амалий чора-тадбирлар режасига асосан мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ва янги энергиятежамкор лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига республикамизда 2019-2020 йилларда 20 млн. kv.metr керамик плитка (3 та лойиҳа), 17,1 млн. тонна цемент (11 та лойиҳа), 46,2 млн. кв метр қурилиш ойна (4 та лойиҳа), 6261 минг кв. метр линолеум (2 та лойиҳа), 815,8 минг дона сантех керамика буюмлари (4 та лойиҳа) бўйича ишлаб чиқариш қувватлари яратилади ва республикамизда ички бозор талаби тўлиқ қопланиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, 2021 йилда 6660 минг рулон обой (3 та лойиҳа), 35 минг тонна оловбардош ғишт (4 та), 1720 минг kub.metr газобетон (15 та лойиҳа) бўйича ва бошқа қурилиш материаллари бўйича қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши режалаштирилган.
Таҳлилларга кўра, жорий йилда ҳажми 4,3 млн. кв. метр бўлган керамик плиткалар импорт қилинган бўлиб, ушбу турдаги замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича қўшимча 3 та лойиҳани ишга тушириш орқали ички бозордаги 16,5 млн. кв. метр талабни қопланиши ва 4 млн. кв. метрдан ортиқ керамик плиткалар экспорт қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, қурилиш ойнаси бўйича 2020 йилда 3 та лойиҳа амалга ошириш натижасида қўшимча 50,2 млн кв метрлик қувватлар яратилиб, йиллик ишлаб чиқариш хажми 46,2 млн. кв. метрга етказилади. Натижада талаб тўлиқ қопланиб, 30 фоиз ишлаб чиқарилган қурилиш ойнаси экспорт қилиш имконияти яратилади. Шу билан бирга "Санфа Энгинеэринг" жамияти томонидан 2020 йилда йилига 2,5 млн. кв. метр ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга ошириш натижасида ички бозордаги талаб тўлиқ қопланади.
Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича уюшма томонидан амалий чора-тадбирлар режаси ҳамда бир қатор инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Хусусан, деворбоп гулқоғоз бўйича умумий қиймати 16,3 млн. доллар бўлган 3 та лойиҳа 2020-2021 йилларда амалга оширилади. Жорий йилнинг ўзида 3,9 млн. рулон гулқоғозлар импорт қилинган. Инвестиция лойиҳалари амалга оширилгач республикамизда гулқоғоз ишлаб чиқариш қуввати 6,6 млн. рулонга етказилади ва талаб тўла қопланади. Шунингдек, импортни қоплаш мақсадида уюшма масъуллигида қамиш, ғўзапоя ва ёғоч қиринди плиталари (ДСП) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 7 та лойиҳа, керамогранит ва сантехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳам 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада, 2021 йилда ДСП бўйича талаб 80 фоизга, керамогранит ва сантехника буюмлари бўйича 100 фоизга қопланади.
2019 йилда цементга бўлган талаб 13,9 млн. тоннани ташкил этмоқда. Мамлакатимизда эса мавжуд цемент ишлаб чиқариш қувватлари 11,6 млн. тоннага тенг. Бу йўналишда 2019-2021 йилларда умумий қиймати 635 млн. АҚШ доллари бўлган 18 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган, натижада ишлаб чиқариш қуввати жорий йил оҳирига қадар 15,1 млн. тоннага, 2020 йилда эса 17,1 млн тоннага етказилади.
Шунингдек, 2019-2021 йилларда базальт тошидан ва кварс қумидан иссиқлик сақловчи плиталар, шишакристалит плиталар, оловбардош ғиштлар, поливинилхлориддан ва полипропилендан пластмасса қувурлар ва фитинглар, газобетон блоклари каби қурилиш материалларининг ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш ҳисобига республикада импорт хажми камайтирилади.
2020 йилнинг ўзида республикамизда импорт ўрнини босувчи асосий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига асосан жами 500 млрд сўмдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 63 млн долларлик эркин валюта тежаб қолинади.
Олиб борилган сайъи-ҳаракатлар натижасида янги турдаги, импорт ўрнини босувчи, маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Натижада маҳаллий бозор арзон, сифатли, жаҳон стандартларига мос қурилиш материаллари билан тўлиқ таъминланади ва янги иш ўринлари яратилади.