Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотлар ривожланмоқда


Республикамиз қурилиш материаллари саноатида рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суратларини таъминлаш, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан яратилган Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурига кўра қатор ишлар олиб борилмоқда.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қошида Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши ташкил этилган бўлиб, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов унга раислик қилиб келмоқда. Мазкур Илмий-техникавий кенгашда замонавий инновацион ишланмаларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш меъёрлари ва қоидаларини такомиллаштиришянги турдаги энергия тежамкор ва экологик жиҳатдан хавфсиз қурилиш материалларинг тезкорлик билан амалиётга жорий этилиши ва қўлланилишига доир таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, юқори қўшилган қийматли янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга қаратилган илмий-техникавий, тажриба-конструкторлик, инновацион ва стартап лойиҳаларни кўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва уларни саралаб олиш бўйича илмий асосланган хулосалар ишлаб чиқиш учун ҳам айнан мана шу илмий-техник кенгаш масъул ҳисобланади. Илмий-техникавий кенгашда қурилиш материаллари саноатига инновацияларни жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар ва технологик жараёнларни ҳар томонлама ўрганилмоқда.

Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашига келиб тушган лойиҳаларнинг аксарияти МДФ плиталар, модификацияланган серобетон, юқори сифатли цемент клинкерлари, поливинилхлорид буюмлар, шунингдек базальт, залошлак ва техноген чиқиндилардан замонавий қурилиш материаллари технологияларини яратишга қаратилган. Ҳозирда махсус ўтказилган танлов натижаларига кўра умумий молиявий ҳажми 9,2 млрд. сўмлик 7 та инновацион лойиҳа (клинкерли цемент, азбозуритдан асбест олиш, золобетон, янги боғловчилар олиш технологияси) Республика илмий-техник кенгашида ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди. Бундан ташқари, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида қурилиш материаллари йўналиши бўйича умумий қиймати 9,8 млрд. сўмдан иборат 30 та илмий-тадқиқот, инновацион ва стартап лойиҳалар бажарилмоқда.

Илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар натижаларини юқори қўшилган қийматли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга жорий этилишини таъминлаш ҳамда илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида ҳозирда 26 та илмий-инновацион фаолият субъектларининг салоҳиятидан фойдаланилмоқда, хусусан 14 та илмий-тадқиқот ва 7 та олий таълим муассасаси, «Яшнобод» инновацион технопаркининг 4 та резидентлари ва 2 та стартап ташкилотлар жалб этилди.

Айни даврда инновацион фаолият субъектлари томонидан бозорга янги қурилиш материалларини таклиф қилиш кўламини кенгайтиришга қаратилган замонавий экотизим шакллантирилмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнобод» инновацион технопарки резидентлари томонидан умумий қиймати 40,6 млрд сўмлик янги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, бунинг 524,8 минг АҚШ доллари хорижга экспорт қилинди.

Йўл қопламаларининг фойдаланиш муддатини 2,5 баравар ошириш ва таннархини 35-40 фоизга камайтириш имконини берувчи серобитум ва юқори самарадор технологиялар асосида серобетон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Россиялик ҳамкорлар билан “БИХТ БТ” қўшма корхонаси ташкил этилди. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида 445,0 минг АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Стартап лойиҳалар танлови ғолиблари томонидан госсипол смоласидан нефтсиз қурилиш битуми олиш (лойиҳа қиймати – 595,9 млн сўм) ҳамда маҳаллий минерал хом-ашё ва саноат чиқиндиларидан керамик бўёқлар олиш технологиясини яратиш (лойиҳа қиймати – 473,0 млн сўм) устида ишлар бошланди.

Ихтисослашган «Сурхонсементинвест» корхонаси негизида хом-ашёни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларга сервис хизматларини ташкил этишни ўз ичига олган кластер ташкил этилиб, унда замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Полшанинг “НОВОЛ АЦИА” ҚК ўртасида имзоланган англашув меморандуми доирасида Ўзбекистонда илк маротаба импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган полиефир шпатлёвка ва полиефир елим (мармар, гранит ва бошқа тошлар учун махсус елим) ишлаб чиқариш бўйича умумий ҳажми 1,5 млн АҚШ долларига тенг технологиялар трансфери муваффақиятли амалга оширилди.

Қурилиш материаллари соҳасидаги стандартларни янгилаш, янги ишлаб чиқариш технологияларини яратишнинг илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ва «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳамкорликда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги 677 та стандартлар инвентаризациядан ўтказилди. 2019 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 325 та халқаро стандартлар қабул қилинди. Самарасиз, эскирган стандартлар бекор қилинди.

Беларус Миллий фанлар академияси ва Беларус давлат технология университети билан ҳамкорликда инновацион қурилиш материаллари технологияларини ишлаб чиқиш бўйича қўшма халқаро лаборатория ташкил этилмоқда. Лаборатория ишига беларуслик олимлар ва мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар томонидан ишлаб чиқилган технологиялар умумий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш асосида ўзлаштирилади.

Бугунги кунда Республикамизда замонавий ускуналар билан жиҳозланган, барча турдаги қурилиш материалларининг кимёвий ва физик хусусиятларини ҳар томонлама таҳлил қила оладиган лабораторияга эҳтиёж катта. Шу муносабат билан Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институтининг «СТРОМ» илмий-тадқиқот ва синов лабораторияси негизида юқори қўшилган қийматли янги турдаги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш технологияларини яратиш имконини берувчи замонавий лаборатория ташкил этилмоқда.

Юртимизда сўнгги йилларда бинокорлик ишлари кенг кўламда амалга оширилаётганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Бунда қурилиш материалларига бўлган талаб билан бир қаторда, уларнинг энергия тежамкорлиги, пишиқлиги, ташқи муҳит таъсирларига чидамлилиги, арзонлиги, мақбул вазнга эгалиги каби сифатларига алоҳида эътибор берилишини тақозо этмоқда. Шундай экан, мавжуд хом ашёлардан жаҳон талабларига жавоб берадиган янги қурилиш материалларини яратиш учун инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ўта муҳимдир.

Мероприятия calendar icon

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech