- Главная
- Matbuot markazi
- Rahbariyati tomonidan rasmiy nutqlar va ma'ruzalari
- Qurilish materiallari sanoatining zabardast tayanchi
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти республика миқёсида ўз ўрнига ва ўз мавқеига эга хўжалик бошқаруви органларидан бири ҳисобланади. Бу тузилмага аслида ўтган асрнинг иккинчи ярмида тамал тоши қўйилган. Ўтган давр мобайнида у турли ташкилий-ҳуқуқий шаклда, жумладан, вазирлик, концерн, компания мақомида фаолият юритди. Пировардида Президентимизнинг 2016 йил 25 октябрдаги «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори билан акциядорлик жамиятига айлантирилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мазкур соҳа тузилмасини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, тармоқ корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда унинг экспорт потенциалини ошириш, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ замонавий корпоратив бошқарув усулларини қўллашдан иборат қилиб белгиланди.
Хўш, акциядорлик жамияти мазкур ҳужжатга асосан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қай даражада уддаламоқда? У шу пайтгача қандай натижаларга эришди ва келгусида қандай ишларни амалга оширишни мўлжалламоқда?
Бизнинг жамият бошқаруви раиси Ботир ЗАРИПОВ билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланди.
– Ботир Комилович, аввало, сўнгги йилларга тармоқда рўй берган ўзгариш ва янгиланишлар хусусида тўхталиб ўтсангиз...
– Рўй-рост эътироф этиш керак, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан миллий иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари қатори саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Уни жадал ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Натижада шаҳар-қишлоқларимизда изчил давом эттирилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайиб ва оммалашиб бормоқда. Президентимиз олға сурган «Ҳамма нарса инсон учун, унинг бугуни ва келажаги учун» тамойили амалда исботини топиб, ҳамюртларимизнинг турмуш тарзи ва дунёқарашини тубдан ўзгартирмоқда. Улар ҳаётдан рози бўлиб ва эртанги кунимиз бугунгисидан-да яхшироқ бўлишига астойдил умид боғлаб яшашмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, ижтимоий соҳа объектлари, турар ва нотурар жойлар барпо этиш ва уларни таъмирлаш учун пишиқ-пухта бинокорлик ашёлари керак. Агар бино-иншоотлар қийматининг 55-60 фоизи айнан шундай табиий ҳамда сунъий ашёлар ва буюмларга тааллуқли бўлишини, замонавий меъморчилик янги, сифатли, арзон, енгил ва зилзилага чидамли инновацион қурилиш материалларини талаб этишини инобатга олсак, тармоқ тараққиёти нечоғли устувор аҳамиятга эгалигини ҳис қилиш қийин эмас.
2017 йилга қадар тармоқда қурилиш материаллари етказиб берувчи 7995 та корхона мавжуд эди. Ҳозир бундай фаолият билан 10 минг 552 та корхона шуғулланмоқда. Жамиятимиз таркибидаги корхоналар сони эса 102 тадан 112 тага етди.
Шу вақт оралиғида юртимизда тайёрланаётган қурилиш материаллари тури 120 тадан 180 тагача кўпайди. Биргина ўтган йили тармоқдаги соҳага ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари томонидан 16 трлн. 756 млрд. сўмлик бинокорлик ашёлари тайёрланди. Бу борадаги кўрсаткич 2016 йилгига нисбатан 122,6 фоизга ошди. Тармоқнинг саноат ишлаб чиқаришидаги улуши эса 11,6 фоизни ташкил этди.
Таҳлилларнинг кўрсатишича, бултур республикамиз бўйича жами қиймати 2 трлн. 403 миллиард сўмлик портландцемент, 1 трлн. 395 млрд. сўмлик чақилган тош, 1 трлн. 72 млрд. сўмлик цемент, бетон ва сунъий тошдан йиғма конструкциялар, 724 млрд. сўмлик алюминийдан ясалган конструкциялар, 710 млрд. сўмлик кучланиши 1 кВ.дан ортиқ бўлмаган (паст вольтли) электр токи ўтказгичлар, 643 млрд. сўмлик табиий қум, 598 млрд. сўмлик қора металли конструкциялар, 580 млрд. сўмлик сэндвич панеллар, 485 млрд. сўмлик ўтга чидамсиз керамик ғиштлар, 391 млрд. сўмлик ёғоч қириндисидан плиталар, 355 млрд. сўмлик легирланмаган пўлатдан совуқлайин деформация қилинган уголоклар, махсус ва шаклдор профиллар, 351 млрд. сўмлик қуйиш учун тайёрланган бетон, 342 млрд. сўмлик пластмасса қувурлар, трубачалар ва шланглар ишлаб чиқарилган.
– Жорий йилнинг дастлабки ярмида қандай натижаларга эришилди?
– Бу йил жамиятимиз таркибидаги корхоналар томонидан 3 триллион 800 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръатини бултургига нисбатан 107 фоизга етказиш режалаштирилган. Олти ойлик якунлари эса қуйидагича бўлди: жами 2 триллион 271 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрланди, ўсиш суръати 101 фоизга тўғри келди. Қолаверса, ярим йил мобайнида 183,3 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш 107,7 фоизни ташкил қилди. Умуман олганда, мижозлар ва истеъмолчиларга қурилиш учун зарур 3693,1 минг тонна цемент, 6,2 миллион квадрат метр ойна, 41,9 минг тонна қуруқ қоришмалар, 40,7 минг тонна гипс, 16,7 минг тонна оҳак, 29,7 миллион дона деворбоп материаллар, 3,1 миллионта шифер, 25,8 мингта сантехкерамика маҳсулотлари етказиб берилди. Улар маҳаллий хомашёлардан тайёрлангани, сифати юқорилиги ва нархи арзонлиги билан ажралиб туради.
Шу даврда умумий қиймати 518 млрд. сўмлик 154 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, 1938 та иш ўрни яратилгани, сопол плиткалар, керамогранит, сантехкерамика маҳсулотлари, сэндвич панеллар, юмшоқ томёпқичлар, базальт арматура, суюқ гулқоғоз (обой), иссиқликни сақловчи материаллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани нур устига нур бўлди. Эътирофга лойиқ яна бир ютуқ – жамият таркибидаги корхоналар маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам харидорларини топмоқда. Шу боис биринчи ярим йилликда улар томонидан 22 миллион 41 минг долларлик товарлар экспорт қилинди. Режа 103 фоизга адо этилди.
Сўнгги вақтларда бу корхоналарда ишлаб чиқарилган пишган ғишт, табиий тошдан ясалган қопловчи буюмлар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинг сингари қарийб ўн турдаги қурилиш ашёларига Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон бозорларида талаб анча ортди. Ўтган йилдан эътиборан бу давлатлар сафига Тожикистон ва Афғонистон ҳам қўшилди.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти четга чиқариладиган маҳсулотлар турини кўпайтириш ва экспорт географиясини кенгайтириш юзасидан аниқ режалар белгилаб олган. Айни мақсадда Покистондаги йирик «Баҳрия тавн» компаниясига юртимизда ишлаб чиқарилаётган ўн хилдан ортиқ бинокорлик ашёларининг, Беларусга пардозбоп табиий тошларнинг, Ҳиндистонга янги ва замонавий қурилишбоп маҳсулотлар тайёрлашда асқатадиган табиий базальт тошининг намуналарини юборди.
Президентимиз шу йил 1 августда имзолаган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон сармоядорлар фаолиятига эътиборни янада кучайтириш ва улар эркин ишлашлари учун зарур қулайликлар яратиш йўлидаги яна бир дадил қадам бўлди. Чунки миллий иқтисодиётимизда инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатда сифатли амалга оширишда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишда иқтисодиёт тармоқларининг ўрни ва ҳиссаси беқиёсдир.
Тармоқдаги ва жамиятимиз сафига қўшилган корхоналардан аксариятининг фаолияти ҳам хорижий сармояларга чамбарчас боғлиқ. Инвестиция маблағлари замонавий қувватлардан фойдаланишда ва янги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам бултур Инвестиция дастури доирасида 13 та лойиҳага 73,3 миллион долларлик инвестиция маблағлари жалб қилинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида эса 31,6 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган прогноз (27,1 млн.долл.) 116,7 фоизга бажарилди.
Давлатимиз раҳбарининг бундан салгина олдин – 19 июлдаги «2018– 2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига кўра, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти тизимида бу йил 8 та инвестиция лойиҳаси бўйича 100,1 миллион (шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 64,2 млн.) доллар миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиши лозим. Хусусан, Фориш туманида масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Mega invest industrial» Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси томонидан 15,3 млн. долларлик чет эл инвестицияси ҳисобига базальт толасидан йилига 3 минг тонна арматура ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг илк босқичида 10,5 млн. долларлик маблағ ўзлаштирилди ва 900 тонна маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилиб, 90 та янги иш ўрни очилди.
Шунингдек, Қувасой шаҳридаги «Кварц» акциядорлик жамиятида йилига 20 млн. квадрат метр қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга 42,1 миллион, «Ангрен» эркин иқтисодий зонасидаги «Great Wall Ceramic» қўшма корхонасида 3,5 млн. квадрат метр сопол плиткалар ва 200 минг дона санитар керамикаси тайёрлашни ташкиллаштиришга 21,5 миллион, МЧЖ шаклидаги «Run Tong Metal Industrial» хорижий корхонасида қурилишбоп 180 минг тонна металл арматура ишлаб чиқаришга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар киритиш ишлари олиб борилмоқда.
«Жиззах» эркин иқтисодий зонасида жойлашган МЧЖ мақомидаги «Mingyuan silu industry» қўшма корхонасида йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулотлари тайёрлаш учун 110 миллион доллар сарфланади. Унинг 56,1 млн. доллари тўғридан- тўғри хорижий инвестициялардан иборат бўлади. Лойиҳанинг бултурги биринчи босқичида 29 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, йилига импорт ўрни босувчи 4 миллион квадрат метр безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 210 киши иш билан таъминланди.
Ҳойнаҳой, эшитган чиқарсиз, охирги пайтларда ўзимизда сероб қамиш ва ғўзапоядан ДСП (ёғоч- пайрахали плита фанер)лар тайёрланмоқда. Чунончи, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида йилига 30 минг куб метр шунақа маҳсулот етказиб берадиган корхоналар ишлаб турибди. 2018-2019 йилларда яна Сирдарё ва Навоий вилоятларининг ҳар бирида 50 минг, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда жами шунча, Сурхондарёда 150 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Ҳозир қизғин тус олган яна бир истиқболли лойиҳа бўйича ишлар ниҳоясига етказилса, Бухоро, Жиззах, Самарканд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ҳар йили жами 1 млн. куб метрдан ортиқ деворбоп газобетон блоклар яратиш имкони қўлга киритилади. Бу материаллар маҳаллий хом ашёдан ясалгани, енгиллиги, фойдаланишга ўнғайлиги, саккиз баравар кам табиий газ сарфлаши, асосийси, унумдор тупроқ ишлатилмаслиги билан пишиқ ғиштга нисбатан анча-мунча афзал саналади.
Албатта, хорижий, айниқса, тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилишда улар тўғрисидаги ахборот иссиғида ва манзилли етказилиши муҳим омил вазифасини ўтайди. Алқисса, бўлғуси ҳамкорларни юртимиздаги табиий ресурслар, давлат томонидан хорижлик инвесторларга тақдим этилаётган имконият, енгиллик ва устуворликлардан бохабар қилиш инвестициялар оқими кўпайишига олиб келади.
– «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички талабни қондириш борасида қандай ишларга қўл урмоқда?
– Жавобим дебочасида оддий бир ҳақиқатни эслатай. У ҳам бўлса, «Ўзбекистон Худонинг назари тушган юрт!» деган гап бежиз айтилмаган. Бизнинг саховатли заминимиз табиий-моддий ресурсларга, жумладан, қурилиш материаллари хом ашёлари захираларига жуда бой. Рақамларга таяниб айтсак, республикамиз ҳудудида бу янглиғ бебаҳо неъматларни ўз бағрига жо этган 924 та кон борлиги аниқланган. Ҳозирча уларнинг 392 тасидан ёхуд 42,4 фоизидан фойдаланилаяпти. Бу мазкур соҳада маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун катта имкониятлар мавжудлигини билдиради.
2016-2017 йилларда юртимиз бўйича 149 та янги кон аниқланган ҳамда 189 та кондан фойдаланиш учун ваколатли давлат органи томонидан лицензия берилган. 14 та корхонада ҳар йили 9,1 млн. тонна цемент ишлаб чиқарилмоқда. У асосий қурилиш материалларидан бири саналади. Юртимизда бунёдкорлик ишлари кескин ривожланиши цементга эҳтиёжни янада кучайтирди. Уни қондириш учун янги қувватларни ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Жорий йил якунига қадар йиллик қуввати 3 млн. 120 минг тонна бўлган 8 та, келаси йилда 4 млн. 720 минг тонна қувватга эга 9 та лойиҳа амалга оширилади.
– Тармоқни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, соҳада етакчи чет эл компаниялари билан юқори сифатли қурилиш материалларини кенг турда тайёрлаш бўйича қўшма корхоналар очиш ва ишлаб чиқаришларни ташкиллаштириш борасидаги интилишлар ҳақида ҳам фикр билдирсангиз....
– Президентимизнинг Россия, Хитой, Туркия ва Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида 2017-2020 йилларда импорт ўрнини босувчи замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни жалб этиш ниятида чет эл компаниялари билан ялпи қиймати 1459,8 млн. долларлик 29 та меморандум ва келишув имзоланди. Шу асно тармоқда 3935 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳалардан 12 таси бу йил, 14 таси янаги йилда, 3 таси 2020 йилда ишга туширилади. Ҳозир барчаси бўйича тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Энг йириклари «Кварц» акциядорлик жамиятида флоат-ойна, «Ран тонг металл индастри» корхонасида арматура, «Оҳангаронцемент» акциядорлик жамиятида («Евроцементгруп») цемент ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришдан иборатдир.
– Республика қурилиш материаллари саноатининг истиқболи тўғрисида нималар дея оласиз?
– Бугунги давр тармоқда туб ислоҳотлар ўтказишни, унга тўғридан- тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кучайтиришни, мавжуд имкониятларнинг барчасини тўлиқ ишга солишни тақозо этмоқда. Янги, замонавий қурилиш материаллари тайёрлаш учун эса илғор ғоялар ва шу пайтгача юртимизда қўлланилмаган инновацион технологик ускуналар зарур.
Эркин иқтисодий муносабатлар асосида фаолият юритаётган ички ва ташқи бозор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ишлаб чиқаришни диверсификациялашни ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни талаб этмоқда. Тармоқда эса беҳад катта захира, салоҳият ва имкониятлар мавжуд. Улардан профессионал тарзда, оқилона ва самарали фойдаланиш соҳа истиқболини белгилаб беради.
Ишончимиз комилки, қурилиш материаллари саноатида Президентимиз ташаббуси ва ғоялари асосида амалга оширилаётган ишлар келгусида ижобий самараларини беради ва бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтаради.