DEVORBOP MATERIALLAR IShLAB ChIQARIShNI KO‘PAYTIRIShNI RAG‘BATLANTIRISh VA SIFATINI YaXShILASh BORASIDAGI QO‘ShIMChA ChORA-TADBIRLAR TO‘G‘RISIDA

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

ДЕВОРБОП МАТЕРИАЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ КЎПАЙТИРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА СИФАТИНИ ЯХШИЛАШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 6-сон, 231-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 9-сон, 84-модда)

«Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастурини бажариш юзасидан ҳамда янги корхоналар барпо этиш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш сарф-харажатлари камайишини ҳамда тайёр маҳсулот нархининг арзонлашувини таъминлайдиган замонавий энергия тежайдиган технологияларни татбиқ қилиш ҳисобига сифатли деворбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва шу асосда ички бозорни шундай материаллар билан тўлдириш, уй-жойлар, айниқса қишлоқ жойларда иморат қураётган аҳолининг ортиб бораётган талаб-эҳтиёжини янада тўлиқроқ қондириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси томонидан манфаатдор идоралар ва корхоналар билан биргаликда ишлаб чиқилган 2009—2011 йилларда пишган ғишт ишлаб чиқарувчи янги замонавий қувватларни яратиш Дастури иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда ушбу тасдиқланган Дастурни амалга ошириш бўйича комплекс ташкилий-техникавий тадбирларни тасдиқласин, бу тадбирлар:

замонавий энергия тежайдиган технологиялар билан жиҳозланган, шу жумладан мини-технологиялар қўлланиладиган деворбоп материаллар ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилишини;

2010 йилнинг 1 январига қадар муддатда пишган ғишт ишлаб чиқарувчи амалдаги корхоналар модернизация қилиниб, ностандарт, тежамсиз печларнинг махсус энергия ва ресурсларни тежайдиган технологияларга алмаштирилишини;

деворбоп материалларнинг муқобил турларини қўлланиш, шу жумладан йиғма, композицион ва кичик блокли конструкциялардан фойдаланиш асосида объектлар қурилишининг янги замонавий индустриал технологиялари кенг жорий этилишини таъминлайди.

* Илова рус тилидаги матнда берилган

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Олдинги таҳрирга қаранг.

2009 йилнинг 1 июлидан бошлаб 2012 йилнинг 1 январига қадар бўлган даврда махсус печлар (айланма, туннелсимон ва бошқалар)дан фойдаланган ҳолда замонавий энергия тежайдиган технологиялар асосида пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар барча турдаги солиқлар, давлат мақсадли жамғармаларига ва Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади (ягона ижтимоий тўлов бундан мустасно);

(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 11 февралдаги ПФ-4275-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 9-сон, 84-модда)

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб фойдали қазилмаларни қазиб чиқарувчи ва ер бағридан фойдаланганлик учун солиққа тортилувчи микрофирмалар ва кичик корхоналарга пишган ғишт ишлаб чиқарганида ер бағридан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларни сақлаб қолган ҳолда ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиш ҳуқуқи берилади;

2010 йилнинг 1 январидан бошлаб ностандарт, тежамсиз печларни махсус энергия тежайдиган технологияларга алмаштирмаган, шунингдек белгиланган солиштирма сарф нормаларидан ортиқча ҳажмда табиий газдан фойдаланаётган пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарга табиий газ амалдаги улгуржи нархда берилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси томонидан 2012 йилнинг 1 январига қадар муддатда энергия тежайдиган технологияларни татбиқ қилган пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарга соддалаштирилган тартиб асосида хом ашё базасини яратиш ва кенгайтириш, ғиштбоп хом ашёни тажриба-саноат ва саноат кўламида қазиб олиш мақсадида геологик жиҳатдан ўрганиш учун ер бағри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олишга лицензия берилади, бунда тегишли ер бағри участкаларидан фойдаланишнинг аниқ шартлари белгилаб қўйилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2009 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар учун ушбу қарорда белгиланган солиқ имтиёзлари ва преференцияларини қўлланиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унга риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласин.

4. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси:

бир ой муддатда машинасозлик корхоналарида деворбоп материаллар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологик линиялар ва ускуналар тайёрлашни маҳаллийлаштиришга оид таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

«Ўздавнефтгазинспекция» ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси билан биргаликда 2009 йилнинг 1 августига қадар муддатда пишган ғишт ишлаб чиқаришга табиий газ сарфи нормаларини ҳисоб-китоб қилиш методикасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси ҳамда лойиҳа институтлари билан биргаликда энергия ва ресурсларни тежайдиган технологиялар қўлланиладиган турли қувватдаги ғишт заводларининг бир хилдаги намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

5. Ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича комиссия (Ш.М. Мирзиёев) «Ўзқурилишматериаллари» АК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ностандарт, тежамсиз печларни махсус энергия ва ресурсларни тежайдиган ишлаб чиқариш технологияларига алмаштирган ҳолда ғишт корхоналарини модернизация қилишга оид чора-тадбирлар амалга оширилиши мониторингини ташкил қилсин ва ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига материалларни тақдим этиб турсин.

6. Тижорат банкларига пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарга ностандарт, тежамсиз печларни махсус энергия тежайдиган технологияларга алмаштирган ҳолда модернизацияни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш тавсия қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2009 йил 19 июнь,

ПҚ-1134

Файл
Ro’yxatdan o’tish muddati: 19.06.2009 y.
Raqam: ПҚ-1134
Yuklab olish
Hajmi: 27.19 KB




Kommentariylar (0)
Kommentariylar yo’q
Faqatgina ro’yxatga olingan foydalanubchilar izoh qoldirishlari mumkin.
Kiring , marhamat.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech