KAPITAL QURILIShDA XO‘JALIK MUNOSABATLARI MEXANIZMINI TAKOMILLAShTIRISh ChORA-TADBIRLARI TO‘G‘RISIDA

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

КАПИТАЛ ҚУРИЛИШДА ХЎЖАЛИК МУНОСАБАТЛАРИ МЕХАНИЗМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 17-18-сон, 146-модда; 2004 й., 19-сон, 222-модда, 25-сон, 288-модда; 2005 й., 10-11-сон, 73-модда; 2006 й., 6-7-сон, 33-модда; 2007 й., 52-сон, 534-модда; 2009 й., 5-сон, 36-модда, 43-сон, 456-модда, 52-сон, 560-модда; 2012 й., 44-сон, 507-модда; 2013 й., 52-сон, 690-модда; 2014 й., 10-сон, 105-модда, 31-сон, 381-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида» 2003 йил 6 майдаги ПФ-3240-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш, шартнома мажбуриятларига риоя этилиши ва қурилишнинг пировард натижалари учун инвестиция жараёни қатнашчиларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларига Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 мартдаги 97-сон, 2002 йил 8 октябрдаги 347-сон ва 2003 йил 17 апрелдаги 185-сон қарорларини пудрат қурилиш ташкилотларини, айниқса паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган ташкилотларни хусусийлаштириш дастурларини бажариш юзасидан ишларнинг қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва «Давархитектқурилиш» қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарорларида кўрсатиб ўтилган пудрат қурилиш ташкилотларини 2003-2004 йилларда хусусийлаштиришни тўлиқ тугалласинлар, улар негизида асосан хусусий ва қўшма корхоналар ташкил этсинлар.

Паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган пудрат қурилиш ташкилотларини хусусийлаштиришда тегишли инвестиция мажбуриятлари мавжуд бўлган тақдирда объектларни қонун ҳужжатларига мувофиқ текин бериш кенг қўлланилсин.

Пудрат қурилиш ташкилотларини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижалари тўғрисида йилнинг ҳар чорагида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.

2. 2003-2004 йилларда тўлиқ хусусийлаштириладиган лойиҳалаштириш ва қидирув ташкилотлари рўйхати 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 1-иловада кўрсатилган лойиҳа-қидирув ташкилотлари тўлиқ хусусийлаштирилишини ҳамда лойиҳа ишлари бозорида рақобат муҳити яратилишини таъминласинлар.

3. Қуйидагилар:

Марказлаштирилган манбалар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ;

Объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришга доир Намунавий пудрат шартномаси 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, объектлар қурилишини марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошираётган вазирликлар ва идоралар 2004 йил 1 июлгача капитал қурилиш бўйича бюджет буюртмачиларининг фаолият кўрсатиб турган ҳудудий хизматларини (бошқармалар, бўлимлар, дирекцияларни) тугатсин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида марказлаштирилган манбалар ҳисобига маблағ билан таъминланаётган объектлар қурилиши учун ягона буюртмачи хизматларини ташкил этсинлар.

Объектларни марказлаштирилган манбалар ҳисобига қуришда ягона буюртмачи ҳудудий хизматининг намунавий тузилмаси ва Ягона буюртмачи хизмати тўғрисидаги намунавий низом 5 ва 6-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2004 йил 1 январдан бошлаб ягона буюртмачи хизматларининг штат жадваллари ва таъминотига харажатлар сметаси белгиланган тартибда мажбурий рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси 2003 йил 1 декабргача бўлган муддатда лойиҳа-қидирув ишлари қийматини шартномавий жорий нархларда белгилашнинг янгиланган тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унда объектлар қурилишининг умумий қийматидан лойиҳа-қидирув ишлари қийматининг чекланган даражаларини белгиласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси белгиланган тартибда:

пудрат қурилиш ташкилотларининг давлат бюджетига, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ва Республика йўл жамғармасига тўловлар бўйича қарзлари (шу жумладан илгари кечиктирилган қарзлари)нинг 2003 йил 1 сентябрдаги ҳолатига кўра тўловларни икки йил муддатга кечиктирган ҳолда, улар бўйича бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга жорий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинги икки йил мобайнида ушбу қарзларни ҳар ойлик тенг улушлар билан босқичма-босқич қайтариш йўли билан таркибини ўзгартиришни расмийлаштирсинлар;

пудрат қурилиш ташкилотларининг давлат бюджетига, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ва Республика йўл жамғармасига муддати ўтказиб юборилган тўловлари бўйича пеня ва жарималарни 2003 йил 1 сентябрдаги ҳолатига кўра ҳисобдан чиқарсинлар.

Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар натижасида бўшайдиган маблағлар пудрат қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилади.

7. 2006 йил 1 январгача бўлган даврда пудрат қурилиш ташкилотларининг улар томонидан қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналар сотиб олишга йўналтириладиган маблағлари даромад (фойда) солиғини ҳисоблаб чиқишда солиқ солинадиган базадан чиқарилиши белгилаб қўйилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси «Давархитектқурилиш» қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда пудрат қурилиш ташкилотларига солиқ солиш бўйича кўрсатиб ўтилган имтиёзни қўллаш тартибини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Давлат бюджети лойиҳасини шакллантиришда 2004 йилдан бошлаб пудрат қурилиш ташкилотларининг маҳаллий бошқарув органлари балансига берилган ижтимоий соҳа муассасалари таъминоти харажатларини маблағ билан таъминлаш учун уларга маблағларни назарда тутсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н. Тўлаганов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2003 йил 12 сентябрь,

395-сон

 

Файл
Ro’yxatdan o’tish muddati: 12.09.2003 y.
Raqam: 395
Yuklab olish
Hajmi: 319.46 KB




Kommentariylar (0)
Kommentariylar yo’q
Faqatgina ro’yxatga olingan foydalanubchilar izoh qoldirishlari mumkin.
Kiring , marhamat.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech