“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси негизида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ташкил этилди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги ПҚ-2641-сонли “Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси негизида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ташкил этилди.


Ушбу қарорга асосан “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди:


ички ва ташқи бозорларда қурилиш материаллари бўйича маркетинг изланишларини олиб бориш, замонавий қурилиш материалларига бўлган талабни аниқлаш;

маҳаллий хом-ашёларни чуқур қайта ишлаш, рақобатбардош, экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

тармоқда ягона илмий-техникавий ва инвестиция сиёсатини юритиш, замонавий юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга энергия ва ресурс сарфини тежовчи илғор технологияларни кенг жорий қилиш;

тармоқни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун инвестицияларни, биринчи навбатда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш;

корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий қилишни жадаллаштириш, тармоқни бошқаришга юқори малакали менежерларни, шу жумладан хорижий менежерларни кенг жалб қилиш;

акциядорлик жамияти таркибига кирадиган корхона ва ташкилотларга ахборот, маркетинг ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарорида айрим корхоналардаги давлат улушларини ҳамда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясининг мулкини баланс қийматида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг устав фондига (капиталига) берилиши белгиланган.


“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги ПҚ-2641-сонли қарорига асосан “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


Ушбу қарор билан “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмаси ва ижро этувчи аппаратининг тузилмалари тасдиқланди.


Шунингдек, қарорга асосан “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибида ихтисослаштирилган “ҚурилишматериалЛИТИ” илмий-изланиш лойиҳавий институтини ташкил этиш белгиланган.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech