2017 йилнинг 7-9 июн кунлари Саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг кўргазмаси бўлиб ўтди.


2017 йилнинг 7-9 июн кунлари «Ўзекспомарказ» павилонларида Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа бўлиб ўтди. “Ўзқурилиш материаллари” акциядорлик жамиятининг таркибига кирувчи корхоналар мазкур тадбирларда фаол иштирок этишди.


Жамият стендида 70 турдаги анъанавий ва аввал импорт қилинган қурилиш материаллари саноати маҳсулотлари намойиш этимоқда. Таъкидлаш лозимки, тармоқ саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржаси тармоқ корхоналари ўртасидаги кооперацион муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 2016 йилда ўтказилган саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа якунларига кўра, ички бозорга дахлдор қиймати қарийб 240,9 млрд. сўм бўлган 348 та шартнома тузилгани ҳолда, маҳсулотлар экспортига доир 58,3 млн. AҚШ доллари қийматидаги шартномалар тузилган эди.


“Ўзқурилиш материаллари” AЖ бу йилги тармоқ саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа доирасида янада юксак натижаларни кўзламоқда. Бунга амалий асослар етарли.


Жамият мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 14 январда 2016 йил якунлари ва 2017 йилдаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги “Республикада қурилиш материаллари саноатини бошқарувини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори дастуриламал бўлмоқда.


Aйни вақтда республикада 8000 та қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатиб, улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида жамият таркибидаги корхоналар томонидан 732 млрд. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди ва 106,1 фоизга ўсишга эришилди.


2017 йилги Инвестиция дастуридаги 15 та лойиҳалар бўйича 

6,2 млн. долларлик маблағлар ўзлаштирилди. Бу белгиланган прогноздан 1,6 мартага кўп демакдир.


Худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида қиймати 130 млрд. сўмлик 220 та корхоналар ишга туширилди ва 2.500 та янги иш ўринлари яратилди.


Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қарийб 4,8 млрд. сўмлик 5 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди (санфаянс маҳсулотлари, композитли арматура, металл ва углерод буюмлари, 3д керамик плиталар, ўсиш 2,6 марта). Натижада, четдан келтириладиган биргина санфаянс маҳсулотларининг импорти 3,0 млн. долларгача камайтишига эришилди.


Жамият корхоналари томонидан 11,8 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 мартага кўпдир.


2015-2019 йилларда саноатни модернизациялаш ва диверсификациялаш дастури бўйича 900 минг долларлик маблағлар ўзлаштирилди ва прогноз режа 105,9 фоизга бажарилди.


Эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, “Ўзқурилиш материаллари” AЖ томонидан тармоқдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ички ва ташқи бозордаги талабни чуқур таҳлил қилиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, таннархини камайтириш ва турини кўпайтириш, чет эл ва маҳаллий инвесторлар иштирокида янги корхоналарни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. 

Республика ҳудудларини комплекс ривожлантириш бўйича шакллантирилган Дастур лойиҳасига кўра 2017-2021 йилларда 2 556 та лойиҳаларини амалга оширишга 7,4 трлн. сўм инвестиция жалб қилинади ва 51 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. 

Шунингдек, 2016-2020 йилларда умумий қиймати 1,2 млрд. доллар бўлган жами 80 та инвестицион лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган. 2017 йилда қиймати 193 млн. доллар бўлган 38та лойиҳалар ишга туширилиши белгиланган. 

Жамият томонидан кўзланаётган юксак марралар Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг тармоқ саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржасидан самарали натижаларни кутишга асос бермоқда.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech