Тошкент вилоятида қурилиш моллари соҳасида 1 млрд. долларлик лойиҳалар амалга оширилади


Тошкент вилоятида 2020 йил охиригача умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган қурилиш материаллари соҳасида 21 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.


Ўзбекистон ҳукумати «2018-2020 йилларда Тошкент вилоятида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш Манзилли дастурини амалга ошириш, шунингдек, Бекобод шаҳрида маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.


Ҳукумат 2020 йилгача Тошкент вилоятида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича манзилли дастурни тасдиқлади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 519 миллион доллардан ошади.


Хусусан, Россиянинг «Евроцемент груп» компанияси қуввати йилига 2,4 млн. тонна бўлган «қуруқ усул»да цемент ишлаб чиқаришни ташкил этишга 220 млн. доллар сармоя киритади.


Хитойнинг Хин Леи компанияси Оҳангарон туманида цемент заводи қуради. Лойиҳанинг қиймати йилига 108 млн. долларни ташкил этади ва завод қуввати йилига 1 млн. тонна цементга тенг бўлади.


«Оҳангароншифер» базасида эса йилига 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга яна бир завод қурилади. Лойиҳанинг қиймати 100 миллион долларни ташкил этади.


Дастур доирасида «Паркент» ЭИЗда турли материаллардан замонавий гулқоғозлар ишлаб чиқариш бўйича қувватлар ташкил этилади, унинг қиймати 8 миллион долларга тенг бўлади. Завод қуввати йилига 3 млн. ўрамни ташкил қилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech