Янги қувватлар – янги иш ўринлар яратишда муҳим омилдир


“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ҳудудлардаги корхоналарда янги қувватларни ишга тушириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.


Жамият томонидан Хоразм, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида бу борада амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Масалан, жорий йилнинг июн ойида Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги “Қоровул қурилиш монтаж” масъулияти чекланган жамиятида ўзлаштирилган 1,2 миллиард сўм ҳисобига йиллик қуввати 24 минг дона ҳар хил турдаги деворбоп керамзит панелларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилди. Яна мазкур корхона томонидан 504 милилон сўм инвестиция эвазига йилига 2,3 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари (шпаклёвка) ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди. Ҳар иккала лойиҳа сабаб ўндан ортиқ иш ўрни яратилди.


Хазорасп туманидаги “Питнак-панел” масъулият чекланган жамиятидаги янгиликлар ҳам киши диққатини тортиши табиий. Бу эрда йўналтирилган 28,8 миллиард сўм маблағ туфайли йилига 150 минг погона метр сендвич панел ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 70 та янги иш ўрни ташкил этилди.


Таъкидлаш керакки, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17 январдаги “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишда муҳим дартуриламал бўлаётир. Мазкур ҳужжатга асосан қурилиш материалларининг асосий турларини ишлаб чиқариш бўйича 2018 йилда ишга тушириладиган қувватлар рўйхатига киритилган.


Унга кўра, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш асосий масалалардан. Бу эрда жорий йилнинг июн ойида Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан умумий қиймати 212,80 миллион AҚШ доллари бўлган ва йиллик қуввати 1500 минг тонна цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича тест усулида цемент ишлаб чиқариш бошланди. Ушбу лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 1200 та янги иш ўрни яратилади.


Жарқўрғон туманидаги “Сурхонцементинвест” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасида умумий қиймати 47,60 AҚШ доллари бўлган лойиҳа бўйича 90 фоиз бетон ва қурилиш ишлари якунланган ҳамда ишлаб чиқариш технологиялари олиб келинган. Мазкур ишлаб чиқариш қуввати жорий йилнинг октябр ойигача ишга тушириш режалаштирилган. Бу эрда йилига 360 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ва 200 та янги иш ўрни яратилиши жарқўрғонликлар учун катта имкониятдир.


Сирдарё вилоятида ҳам сифатли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришда яхши натижаларга эришилмоқда. Дейлик, жорий йилнинг биргина июн ойида Гулистон шаҳридаги бундай янгиликлар сабаб ўттизга яқин фуқаро ишли бўлди. Бунга сабаб эса “Тош бетон безаклари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши натижасида йилига 25 минг куб метр бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганидир.


Сайхунобод туманида “Соҳил йўл қурилиш” масъулияти чекланган жамиятида йўналтирилган 140 миллион сўм маблағ натижасида йилига 60 минг квадрат метр брусчатка ишлаб чиқариш ҳамда вилоят марказида фаолият юритаётган “Меҳр нури Гулнора” масъулияти чекланган жамиятида ўзлаштирилган 800 миллион сўм маблағ эвазига йилига 1500 тонна бетон қоришмаси ишга туширилиши туфайли ўн нафарга яқин фуқаро иш билан таъминланди.


Aйни чоғда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ҳудудларда янги қувватларни ишга тушириш бўйича ишларни тизимли давом эттирмоқда.



Насиба Зиёдуллаева, ЎзA



Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech