- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари жаҳон бозорига чиқарилади
Ўз таркибида кўплаб корхоналарни жамлаган “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, бунда рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу талаблар эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар эшигини очаётир.
Фикримиз исботи сифати юртимиздаги маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсак. Жиззах шаҳридаги “Мингюан силу индустрй” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси улардан биридир.
Корхона безакли қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг умумий қиймати 110 миллион доллар бўлиб, йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичида 29 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг натижасида йилига 4 миллион квадрат метр безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 210 та янги иш ўрни яратилди.
Эътиборли жиҳати, корхона нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бундай имконият корхона фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда амалий натижалар олиб келади. Aйни кунда 1 кунда 6 минг квадрат метр ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички бозорга чиқарилаётир. Шу билан бирга, безакли қурилиш ойна маҳсулотларини Қозоғистон, Aфғонистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Фориш туманида “Мега инвест индустриал” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси фаолияти ҳам юқорида тўхталиб ўтган корхона ютуқларидан асло қолишмайди. Унда умумий қиймати 61,9 миллион доллар (36,4 mln.dollar банк кредити, 17,6 млн. доллар чет эл инвестицияси) ўзлаштирилиши эвазига йилига 2 минг 500 тонна базалт толаси, 3 минг тонна базалт толасидан арматура ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида қарийб 30 миллион доллар (шундан 14,6 млн. доллар эквивалентида банк кредити, 8 млн. доллар хорижий ва 6,9 млн. доллар эквивалентида маҳаллий инвестиция) ўзлаштирилди ҳамда базалт толаси ва ундан арматура ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 90 та янги иш ўрни яратилганини юртимизда ишбилармон тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар натижаси дейиш мумкин.
Маълумот учун айтиш мумкинки, базалт толаси ва ундан қурилиш арматураси ҳам юртимиздаги янги қурилиш материалларидан биридир. Енгил ва ўта чидамли бўлган ушбу маҳсулот ўзининг замонавийлиги ва нархи арзонлиги билан ажралиб туради. Жаҳон бозорида унга талаб жуда юқори. Мутахассисларнинг фикрига кўра, базалт (қоратош) экологик тоза маҳсулот бўлиб, пўлат арматурага нисбатан 4 баробар енгил ва 3 баробар мустаҳкам, 2 баробар арзон, ташқи таъсирларга ўта чидамли ва умуман зангламайдиган қурилиш материалидир.
"@Ozqurilishmateriallari" телеграм, "@aouzsm" фаcебоок, "узбуилдматериалс" инстаграм каналлари орқали янги маълумотлардан хабардор бўлинг.