- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Чиқиндидан иккиламчи хомашё тайёрланмоқда
Наманган шаҳрида пластмасса чиқиндиларни қайта ишлашдан иккиламчи хомашё тайёрлашга ихтисослашган “Мега эко пласт” корхонаси фаолият бошлади.
Тадбиркор Шерзод Aбдуллаевнинг ушбу бизнес лойиҳаси маҳаллий ҳокимлик томонидан эʼтиборга олиниб, Наманган шаҳрида ташкил этилаётган “Орзу” кичик саноат зонасидан ярим гектар ер майдони ажратиб берилди.
Тадбиркор бу ерда қисқа муддатда умумий қиймати 2 миллиард 250 миллион сўмлик қурилиш-монтаж, технологик жиҳозлаш ишларини амалга оширди. Хитойдан 180 минг доллар эвазига пластмасса чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари келтириб, ишга туширди.
– Ҳозирча корхонамизда кунига 1 тонна полимер таркибли, яʼни пластмасса маҳсулотлар чиқиндиларини қайта ишлаш қуввати яратилди, – дейди корхона раҳбари Ш.Aбдуллаев. – Aҳолидан ва саноат корхоналаридан қабул қилинадиган бундай чиқиндилар дастлаб ранги ва кимёвий таркибига кўра гуруҳларга ажратилади. Сўнг эритиб, хомашё тайёрланади ҳамда уй-рўзғор буюмлари ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга етказиб берилади.
Корхонада 20 киши иш билан таъминланди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичида энергия тежовчи лампалар ишлаб чиқариш цехи ишга туширилади. Бу иш ўринларини икки-уч баробар кўпайтириш имконини беради.
Aкрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзA
"@Ozqurilishmateriallari" телеграм, "@aouzsm" фаcебоок, "узбуилдматериалс" инстаграм каналлари орқали янги маълумотлардан хабардор бўлинг.