“Ўзқурилишматериаллари”: ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари


“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати маълум қилишича, мамлакатимиз қурилиш саноатини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда жамиятнинг маҳаллий давлат ҳокимликлари билан амалий ҳамкорлиги яхши самара бермоқда.


Бу каби ҳамкорликлар самарасини Навоий вилоятида амалга оширилаётган амалий ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда қиймати 54,9 миллиард сўм бўлган янги қувватларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 364 нафар фуқаро муқим иш билан таъминланди. Замонавий турли қурилиш материаллари (металл арматура, профил, изол, чақиқ тош, цемент, темир-бетон маҳсулотлари, бойитилган бентонит кукуни, инерт материаллар, пишиқ ғишт, кафел учун елим, йўлак плиткалари, замонавий турдаги темир эшиклар, суюқ обой, профилланган шифер, қурилиш оҳаги) ишлаб чиқариш йўлга қўйилган 23 та лойиҳалар қийматининг 35,9 миллиард сўми ташаббускорларнинг, 19 миллиард сўми хизмат кўрсатувчи тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобига тўғри келди.


Жумладан, вилоятнинг Қизилтепа, Кармана, Хатирчи, Учқудуқ, Томди туманларида ишга туширилган янги қувватларда бугунги кунда саксонга яқин маҳаллий фуқаролар иш билан таъминланди. Жумладан, Қизилтепа туманидаги “Фруит сизон Навоий” масʼулияти чекланган жамияти томонидан йилига 200 минг куб метр инерт қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси учун ташаббускорнинг 4 миллиард 375 миллион сўм маблағи сарфланди. Бу ерда 30 та янги иш ўрни яратилди.


Кармана туманидаги якка тартибдаги тадбиркор “Шарипов Сардорбек” томонидан қиймати 1 миллиард 505 миллион сўмлик, йилига 100 тонна профил ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган бўлса, Хатирчи туманидаги “Aлфа Спектор” масʼулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 1 миллиард 400 миллион сўмлик, йилига 4 минг тонна, 25 ва 50 килограммли қопларда экспортбоп қурилиш оҳаги ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.


Учқудуқ туманидаги “Ишонч Феруз” масʼулияти чекланган жамияти томонидан йилига 85 минг квадрат метр профилланган шифер ишлаб чиқариш лойиҳаси учун қиймати 1 миллиард 50 миллион сўм миқдорда маблағ сарфланди. Томди туманидаги “Жана Томди сирлари” масʼулияти чекланган жамиятида қиймати 800 миллион сўмлик ишлар бажарилиб, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш ҳажми йилига 9 миллион донага етказилди. Натижада 30 та янги иш ўрни вужудга келди.


– Юқорида келтирилган фактлар жорий йилнинг шу давригача бўлган саъй-ҳаракатлар натижасидир, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмасидаги “ЎзқурилишматериаллариЛИТИ” масʼулияти чекланган жамиятининг Навоий вилояти бўйича қурилиш материаллари соҳасига доир инвестиция лойиҳалари йиғма ахборот-таҳлил бўлими мутахассиси Зоҳид Худайбердиев. – Бу жараён Навоий шаҳрида кўнгилдагидек ютуқларни берди. Масалан, Навоий шаҳридаги “Навоий Камалак Aфсуни” масʼулияти чекланган жамияти қиймати 1 миллиард 300 миллион сўмлик лойиҳани амалиётга татбиқ этди. Ҳозир бу ерда йилига 500 тонна, 15 ва 20 килограммлик қопларда экспортбоп, қадоқланган қуруқ қурилиш аралашмалари, шпатлёвка, кафел учун елим ишлаб чиқарилмоқда. Худди шу каби, Навоий шаҳридаги “Виал” масʼулияти чекланган жамияти йилига 3,5 минг дона замонавий темир эшиклар тайёрламоқда. Aйни кунда жамият маҳсулотларига харидорлар талаби ортиб бормоқда. Қиймати 1 миллиард 400 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳанинг 400 миллион сўми ташаббускорники, 1 миллиард сўми хизмат кўрсатувчи тижорат банки кредит маблағидир.


Aлбатта, бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли учун зарур бўлган турли қурилиш материалларининг ички бозордаги ҳажмининг ошиши натижасида уларнинг нархи арзонлашишига омил бўлади.


Насиба Зиёдуллаева, ЎзA


"@Ozqurilishmateriallari" телеграм, "@aouzsm" фаcебоок, "узбуилдматериалс" инстаграм каналлари орқали янги маълумотлардан хабардор бўлинг.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech