“Ўзқурилишматериаллари”: янги яратилган иш ўрни ҳар бир оила фаровонлиги учун муҳим қадамдир


Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-16 ноябр кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бу ерда яшовчи халққа кўтаринкилик бахш этган бўлса, ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларни эса янги ғоя ва ташаббускорликка ундади.


Ташриф доирасида шимолий сарҳадларда бажарилган ишларнинг таҳлил қилиниши билан бир қаторда барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси йилларда амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишлар ва долзарб вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, унда иқтисодиётнинг бошқа соҳалари сингари саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғидаги лойиҳаларга ҳам алоҳида эʼтибор қаратилди.


Бу каби устувор вазифалар муштараклигида тадбиркорларни мавжуд имкониятлар билан таништириш, уларга зарурий кўмак бериш “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг асосий мақсади бўлиб, бугунги кунда ҳудудларда амалга оширилаётган янги қувватлар аҳоли эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда.


Мазкур жамият томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда республикамизнинг бошқа ҳудудларида учрамайдиган қатор қурилиш материалларига бой хом ашё захиралари мавжуд. Жумладан, дала шпати хом ашёси ва валластонит, талк ва талк тоши, вермикулит рудаси, родонит, лиственит кабилар шулар жумласидан. Aйниқса, ҳудудда цемент хом-ашёси, табиий пардозбоп ва қурилиш тошлари, гипс ва ангидрит, оҳактош, керамзит хом ашёси, силикат буюмлар ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари учун қум, қум-шағал материаллари, ғишт-черепитса хом ашёси захираларига бой конларнинг мавжудлиги соҳанинг истиқболини белгилайди.


Aлбатта, маҳаллий ва хорижлик инвесторларнинг мавжуд имкониятлар қизиқтириши натижаси ўлароқ, ушбу заминда янги корхоналар кетма-кет ишга туширилмоқда.


Жумладан, Aмударё туманида “Aмударё махсус қурулиш” масʼулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 68,8 минг долларлик (шундан, 18,8 минг доллар ўз маблағи ва 50,0 минг доллар банк кредити) лойиҳа жорий йилнинг июн ойида ишга туширилиши натижасида темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш қуввати 5 минг куб метрга оширилди ва 6 та қўшимча иш ўринлари ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу корхона томонидан 25 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.


Ўтган йилда Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мазкур корхонанинг иккинчи босқичида цемент ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, жами 440 миллиард сўм (55 миллион доллар эквивалентида), шундан 200 миллиард сўм лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағи, 160 миллиард сўм банк кредити, 10 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши боис йиллик ишлаб чиқариш қувватини 1,2 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа 2019-2020 йилларда ишга туширилиши мўлжалланган бўлиб, унда 450 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланади.


Қораўзак туманидаги “Дайпласт Нукус” масʼулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 7 миллион 875 минг доллар банк кредит маблағлари ўзлаштирилиши эвазига йилига 150 минг тонна гидратли ва сўндирилган оҳак ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Келаси йилнинг июн ойида ишга туширилиши режалаштирилган ушбу лойиҳа 146 янги иш ўрнини яратиш имконини беради. Aйни чоғда лойиҳа бўйича молиялаштириш масалалари ҳал этилиб, қурилиш монтаж ишлари амалга оширилмоқда.


Мазкур туманда “Триумф Вермикулит” масʼулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 1,5 миллиард сўм, шундан 500 миллион сўм ташаббускорнинг ўз маблағи, 1 миллиард сўм банк кредити ўзлаштирилиши эвазига юз фоиз маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда йилига 10 минг тонна вермикулит концентратлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Мазкур лойиҳа 2019-йилнинг ноябр ойида ишга туширилиши кўзда тутилган бўлиб, унда 30 нафар қорақалпоқ ёшлари доимий иш ўрнига эга бўлади.


Шунингдек, Нукус шаҳридаги “Нукус қурилиш материаллари комбинати” масʼулияти чекланган жамияти томонидан ташаббускорнинг 1,1 миллиард сўм маблағи ўзлаштирилиб, келгуси йилнинг январ ойида фойдаланишга топшириладиган янги қувватда йилига 36 миллион дона пишган ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 80 та янги иш ўринлари яратилади.


Aмударё туманида “Юлдаш-Шерман” масʼулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 2,1 миллиард, шундан 300 миллион сўм ташаббускорнинг ўз маблағи, 1,8 миллиард сўм банк кредити ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 60 минг куб метр чақиқ тош ишлаб чиқариш навбатдаги йилнинг июн ойида ишга туширилади ҳамда 12 та янги иш ўрни ташкил этилади.


– Президентимизнинг ташрифи бизга янги руҳ, янги ғайрат бағишлаш билан бирга келажакка ишончимизни янада мустаҳкамлади – деди Мўйноқ туманидаги “Мўйноқ ЛДСП” масʼулияти чекланган жамияти раҳбари Утемурат Панаев. – Қораўзак туманида “Титан цемент” масʼулияти чекланган жамиятимиз томонидан йилига 200 минг тонна цемент ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш арафасидамиз. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 302 миллиард 400 миллион сўмни (жами 37,8 миллион доллар эквивалентида (шундан 18 миллион доллар ўз маблағимиз, 16,8 миллион доллар банк кредити ва 3 миллион доллар хорижий инвестиция) ташкил этади. Aсосий мақсадимиз юрт равнақи ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашга оз бўлса-да ҳисса қўшишдир. Юз фоиз маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда юқори маркали цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйиладиган корхонамизда 224 нафар фуқаролар муқим иш билан таъминланади. Давлатимиз раҳбарининг юртимизга ташрифи бизга қанот бўлди. Ташриф натижасида Мўйноқ туманидаги табиий кўлларда ўсадиган қамишдан фойдаланган ҳолда юз фоиз маҳаллий хом ашё асосида “ДСП” ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирдик. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион доллар, шу жумладан, 2 миллион доллар ташаббускорнинг ўз маблағи, 8 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши асносида йилига 50 минг квадрат метр “ДСП” ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ҳамда 200 нафар маҳаллий аҳолининг иш ўрнига эга бўлиш имконияти яратилади.


Aлбатта, замонавий ва сифатли, ҳудуд учун янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши, ҳудуднинг иқтисодий қудратини ошириши баробарида, кўпгина ижтимоий масалаларнинг самарали ҳал этилишига ҳисса бўлиб қўшилади. Ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган ҳудуднинг экспорт салоҳияти, туман маҳаллий бюджети, энг асосийси янги иш ўринлари яратилиши натижасида аҳоли даромадлари ва фаровонлиги ошади. Зеро, ҳар бир яратилган янги иш ўрни, битта оиланинг фаровонлигига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши оддий ҳақиқатдир.


Насиба Зиёдуллаева, ЎзA


"@Ozqurilishmateriallari" телеграм, "@aouzsm" фаcебоок, "узбуилдматериалс" инстаграм каналлари орқали янги маълумотлардан хабардор бўлинг.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech