Хорижий инвестициялар ҳажми деярли икки баробар ортади


“Кнауф Гипс Бухоро” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона фаолияти тобора ривожланиб бораётир. Чет эллик таъсисчи томонидан 16 миллион евро миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилиши туфайли ўтган йили май ойида бу ерда гипсокартон – Кнауф қопламалари ишлаб чиқариш ҳажми кенгайди.


– Янги лойиҳа натижасида корхонамизнинг ишлаб чиқариш қуввати 40 фоизга ошди, – дейди “Кнауф Гипс Бухоро” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона директори ўринбосари Ўткир Жумаев. – Бошқача айтганда, биз йилига 33,5 миллион квадрат метр гипсокартон тайёрлаш имкониятига эга бўлдик. Шу тариқа, буюртмачиларимизнинг мазкур қурилиш материалига ошиб бораётган эҳтиёжини таъминлаяпмиз. Aлбатта, маҳсулотимиз экспорт ҳам қилинмоқда.


Бухоро вилоятида иқтисодиёт тармоқларига инвестиция, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Биргина 2018 йилда чет эллик инвесторлар иштирокидаги 22 та лойиҳа доирасида 110 миллион AҚШ долларилик сармоя ўзлаштирилди. Лойиҳаларнинг 4 таси амалга оширилди.


“БCТ Cлуcтер” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонанинг Ромитан туманидаги агрокомплекси моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланмоқда. Таъсисчи – Россиянинг “Петромаруз” компанияси томонидан тўғридан-тўғри киритилган 8 миллион AҚШ доллари миқдоридаги сармоя ҳисобидан 210 та замонавий трактор, экскаватор, 139 та култиватор ва бошқа техникалар харид қилинди. Бу эса, пахта етиштириш билан боғлиқ барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.


Мамлакатимизда, жумладан, Бухоро вилоятида барқарор иқтисодий тараққиётга эришишни таъминлашга қаратилган инвестиция сиёсати изчил ва юқори суръатларда давом эттирилмоқда. Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида мазкур йўналишда катта марралар белгиланган. Масалан, вилоятда умумий қиймати ўтган йилга нисбатан икки баробардан зиёд, яъни 246 миллион AҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан 19 та лойиҳа ўзлаштирилади ҳамда қўшимча чет эл сармоялари жалб этилади.


Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги воҳа делегацияси ўтган йили амалий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Белгия, Нидерландия мамлакатларида бўлиб, қатор хорижий компаниялар раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Халқаро миқёсда ўтказилган “Бухоро-агро“ форуми доирасида логистика марказларига эга замонавий иссиқхоналар ва бошқа ишлаб чиқаришлар ташкил этиш бўйича шартномалар имзоланди, келишувларга эришилди. Жорий йилда Туркиянинг “Варнет” компанияси томонидан Бухоро туманида босқичма-босқич амалга ошириладиган иссиқхоналар қуриш лойиҳаси ҳам халқаро ҳамкорлик натижаси бўлди.


Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритаётган “БCТ Cлустер” хорижий корхонаси жорий йилда Бухоро шаҳрида умумий лойиҳа-смета қиймати 52,6 миллион доллар бўлган тўқимачилик комплексини ишга туширади. Корхона йилига 8 минг тонна ип-калава, мазкур хомашё асосида 9 миллион пагон метр ип-газлама ишлаб чиқаради ҳамда тайёрланган матонинг бир қисмидан 500 минг дона тайёр жинси маҳсулотлари тикилади. Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати шундаки, бу ерда 1000 киши иш билан таъминланади.


Замонавий ва сифатли тиббий хизмат ташкил қилишда ҳам хорижликлар билан ҳамкорликнинг ўрни алоҳида. Бухоро шаҳрида Жанубий Кореянинг “Кореа Медикал Фунд Сангwон Cлиниc Ҳумчан” компанияси мазкур соҳага 5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритяпти. Ушбу сармоя ҳисобига бўшаб қолган Банк коллежи биносида ортопедик, нейрожарроҳлик, реабилитация ва физиотерапия маркази ташкил этилади. Ҳозирги пайтда хорижий ҳамкор томонидан бино-иншоотларни реконструкция қилиш ва клиника фаолиятига мослаштириш ишлари олиб борилаётир.


Вилоятда хорижий инвестициялар ҳисобидан қатор қўшимча лойиҳалар амалга оширилади. Шулардан бири Хитойнинг “Хинжианг Рунтиан Wанглуо Кежи Ёухиан Гонси” компанияси сармояси иштирокида ташкил этиладиган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонасидир. Умумий қиймати 68,8 миллиард сўмлик мазкур субъэкт истеъмолчиларга йилига 150 минг тонна гипс аралашмаси, 10 миллион квадрат метр гипсокартон қопламаси ва 80 минг тонна қуруқ гипс аралашмаси етказиб бериш қувватига эга бўлади.


Бухорода туризмни янада ривожлантириш мақсадида соҳа инфратузилмасини мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бирига айланган. Бу борада хорижий инвестициялардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хитойнинг “Бестон Мачинарй” Со L.T.D” компанияси “Зарафшон”, Буюк Британиянинг “Wиде тент сйстем” компанияси “Бухоро Палас” меҳмонхоналарини мос равишда 3 ва 3,4 миллион доллар миқдорида инвестиция киритган ҳолда, реконструкция қилиш ишларини ниҳоясига етказишади. Aнча йиллардан буён ишламаётган мазкур йирик объэктлар фаолиятининг замонавий қулайликларга эга ҳолда тикланиши Бухоро шаҳрининг сайёҳларни қабул қилиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.


Яқинда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари лойиҳалар учун мўлжалланган жой зарур инфратузилма тармоқларига эга бўлиши инвесторларнинг ягона талаби эканини таъкидлади. Инвестиция лойиҳаларини тўғри жойлаштириш айни шу жиҳатдан муҳимдир. Бу хорижий сармоядорларни жалб этиш, кўплаб иш ўринлари яратиш ва катта даромад олишнинг муҳим омили бўлган саноатни тизимли ривожлантиришга хизмат қилади.


2018 йилда ташкил этилган “Бухоро агро” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини йўлга қўйишда инвесторлар учун ажратиладиган ерлар ҳудудининг автомобил трассалари ва темир йўлга яқинлиги, газ, электр энергияси тармоқлари ва сув билан таъминлангани инобатга олинди.


– Давр эришилган ва эришилаётган ютуқлар билан чекланиб қолмасликни, доимо изланиш ва ташаббус кўрсатиб ишлашни тақозо этмоқда, – дейди вилоят инвестициялар бўйича бош бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Давлатов. – Шунинг учун ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан Хитой компаниялари билан қамишни қайта ишлаш, иссиқхоналар ташкил этиш, Чехия, Германия, Испания каби мамлакатлар инвестициялари иштирокида шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш, меҳмонхоналар қуриш, туризмни ривожлантириш бўйича тизимли музокаралар олиб борилаётир. Шу билан бирга, Бухоро вилоятига бириктирилган мамлакатимизнинг Хитой, Исроил, Индонезия ва қатор мусулмон давлатларидаги элчихоналари билан сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech