​Ўзбекистон – Aфғонистон: қурилиш материаллари бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда


Ўзбекистон ва Aфғонистоннинг йирик қурилиш компаниялари иштирок этган форумда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ботир Зарипов ва бошқалар икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар барча соҳалар қатори қурилиш саноати равнақида ҳам алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади.


– Давлатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий соҳадаги муносабатлар фаол ривожланмоқда, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бозор конʼюнктурасини ўрганиш, маркетинг ва экспорт шўбаси бошлиғи Рустам Саъдинов. – Истеʼмол бозорини замонавий қурилиш материаллари билан билан тўлдириш, мавжуд талабни тўлиқ қондириш ва уларни қўшни мамлакатлар, шу жумладан, Aфғонистонга етказиб бериш мақсадида ҳукуматимиз томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришга алоҳида эʼтибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида қўшни мамлакатларни ҳам қурилиш маҳсулотлари билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш имконияти яратилмоқда.


Қайд этилганидек, 2017-2020 йилларда қурилиш индустриясини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинган. Унга кўра, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш борасида изланишлар олиб бормоқда.


Aйни пайтда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти тизимида цемент ва боғловчи материаллар, қурилиш ойнаси, керамик буюмлар, деворбоп материаллар, табиий тошларни қазиб олиш, қайта ишлаш, бошқа қурилиш ва пардозбоп материаллари ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, лойиҳа илмий-тадқиқот институти, геология қидирув ташкилоти фаолият юритмоқда.


– Ўзбекистон ва Aфғонистон халқлари муштарак тарихга эга, – деди Aфғонистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Aҳмад Навид Барат. – Кейинги икки йилда Шавкат Мирзиёевнинг Aфғонистонга бўлган муносабати ва олиб бораётган ташқи иқтисодий сиёсати эʼтиборга лойиқдир. Бугунги бизнес-форум ҳам шундай эзгу ниятлар билан ҳамоҳанг бўлиб, ўзбек ва афғон ишбилармонлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда иқтисодий соҳаларда муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Тадбир доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари намойишига бағишланган кўргазма ҳам ташкил этилди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech