- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Ўзбекистон-Италия: қурилиш материаллари саноати соҳасида янги қўшма корхона фаолияти сабаб энди манфаатлар янада бирлашди
Ўзбекистон-Италия: қурилиш материаллари саноати соҳасида янги қўшма корхона фаолияти сабаб энди манфаатлар янада бирлашди
Очиғини айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни нафақат халқимиз, балки хорижликлар эътироф этмоқда. Қизғин ҳаёт, ҳар соҳадаги жадаллик, янгиликка интилиш, ўзгаришларга монанд ҳаракатда бўлиш ҳар биримиз учун шиорга айланмоқда. Бугун қайси соҳада юз бераётган ўзгаришларга қараманг, унинг замирида халқ манфаати асосий ўринга чиқмоқда. Aслида, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг асл моҳияти ҳам шунга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бинобарин, соҳалар равнақи ҳақида гап кетар экан, мамлакатимиз қурилиш саноатининг ўтган икки йил мобайнида эришган ютуқларини бир эслайлик. Бунда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар фаолияти алоҳида ажралиб туради. Бугунги кунда мазкур корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда ўз мавқени тўлиқ эгаллаб, маҳаллий хом ашёдан маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилинмоқда.
Бундай эзгу ишларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда жорий йил 8 январда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар барча йўналишлар қаторида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўз таркибида кўплаб корхоналарни жамлаган “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, бунда рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу талаблар эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар эшигини очаётир.
Қувонарлиси шуки, мазкур ациядорлик жамияти кўплаб янги корхоналар фаолиятини йўлга қўйиб, ўз таркибини янада кенгайтирмоқда. Яқинда Навоий вилояти Нурота туманидаги “Ғозғон” қишлоғида табиий пардозбоп тошлардан қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона – “Мармаробод” давлат унитар корхонаси ўз ишини бошлаган эди. Бугун Жиззах шаҳрида яна бир корхона ишга туширилди.
Жиззах шаҳри ҳудудида жойлашган ушбу янги қувват – “Жиззах стоун куалити” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Италия қўшма корхонасидир. У табиий пардозбоп тошлар хом ашёсидан замонавий ва юқори сифатли сунъий тош ва плиткалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Мамлакатимиз ҳудуди норуда хом ашёлари билан бирга табиий пардозбоп тошларнинг улкан заҳирасига бой. Шу каби Жиззах вилояти ҳам табиий пардозбоп тошларнинг катта конига эга.
– Қўшма корхона давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони ва қарори ижроси доирасида Жиззах шаҳрида ўз соҳасининг устаси италиялик инвестор Жованни Петричиоли ва юртимиз тадбиркорлари таъсисчилигида ташкил этилди, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Мақсудбек Юсупов. – Бу мамлакатимизда хорижлик инвесторларга яратилган имтиёз ва устуворликлар, саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғидаги мавжуд имкониятлар ҳамда “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг маҳаллий ҳокимликлар билан яқин ҳамкорликда хорижлик инвесторларга кўрсатилаётган амалий кўмаклар натижасидир. Aйниқса, маҳсулот ишлаб чиқаришда 100 фоиз маҳаллий хом ашёдан фойдаланилиб, йилига 360 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 30 нафар маҳаллий ёшларнинг иш билан таъминланиши ушбу лойиҳанинг иқтисодий асосланганлиги билан бирга юқори ижтимоий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Мамлакатимиздаги соҳа корхоналари табиий тош қоплама буюмлар, мармар, гранит ва травертин блоклари, шағал, қум, чақиқ тош, харсангтошлар, шиша, сопол, фосфор, чинни буюмлари саноати учун хом ашё – дала шпати ва доломит тошлари, пардозбоп майда тошлар ва мармар харсанглари, табиий тош нақшбоп (мозаика), полбоп ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқармоқда. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғи сўнгги икки йилда жадал ривожланиб, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 120 турдаги маҳсулотлар тури 180 тага етказилгани тизимдаги ислоҳотлар туфайлидир.
Ҳозирги кунда юртимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳажмининг кескин ошганлиги боис табиий пардозбоп тошларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Мавжуд эҳтиёжни қондириш бўйича ҳозирги кунда янги қувватларни ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.
– Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилган қулайликлар ва имтиёзлар бизни қувонтиради, – деди италиялик инвестор Жованни Петричиоли. – Италия дунёда тош ва тош маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Жиззахга Италия технологиясини олиб келиб, мамлакат бозорига янги турдаги замонавий ва сифатли маҳсулот чиқараётганимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва юртингиз ҳукумати томонидан берилган кенг имкониятлар натижасидир. Мақсадимиз маҳсулотларини нафақат ички бозорда, балки асосий қисмини хорижий давлатларга экспорт қилишдир.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда 152 та табиий пардозбоп тошлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан йилига 700 минг куб метр тош қазиб олинмоқда. Уларда 6650 минг квадрат метр табиий пардозбоп тошлар плиталари ишлаб чиқарилмоқда.
– Бозорга кириш, айниқса, унга янги маҳсулот олиб кириш осон иш эмас. Лойиҳамизни амалга ошириш учун жами 2583 минг евро, шу жумладан, 600 минг еврога тенг эквивалентда корхонанинг ўз маблағи, 1083 минг евро AТ “Ипотекабанк” кредит маблағлари, 900 минг евро хорижий (Италия) инвестицияси ўзлаштирилди,– деди қўшма корхона раҳбари Aбдуназар Шамсиддинов. – Корхонамизда ўрнатилган технологиянинг асосий жиҳати шундаки, нархи нисбатан арзон бўлган табиий тошлар хом ашёсидан тайёр, замонавий ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариб, қўшимча қиймат яратилади. Бу эса нафақат корхона, балки ишчи-хизматчиларнинг кўпроқ даромад олиб, улар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса шуки, лойиҳани корхонага айлантириш, айниқса, замонавий технология асосида янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини эгаллаш учун билим, тажриба, катта маблағ ва интилиш талаб этади. Aна шундай имкониятлардан унумли фойдаланган жиззахлик ишбилармонлар ўз мақсадига эришганига бугун биз гувоҳмиз. Ушбу янги қўшма корхона мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишига хизмат қилиши ва жаҳон бозорида ўз имкониятларини кўрсата олишига ишонамиз.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзA