- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати: ривожланишнинг янги босқичида
Республикамиз Мустақиллиги йилларида иқтисодиётнинг бошқа соҳа ва тармоқлар қатори қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ҳам жадал тараққий этди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва эзгу ғоялари билан бугун мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг жадаллик билан олиб борилаётганлиги, қурилиш тармоғи ва ҳажми йил сайин ривожланиб бораётганлиги соҳани янада тараққий эттиришни тақоза этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4198-сонли “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада қисқартириш, қурилиш материаллари саноатини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлашни ташкил этишни рағбатлантириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтириш, тармоққа инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар консепсиясида белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш мақсадида қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмаси (кейинги ўринларда – «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси) ташкил этилади.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятининг бошқарув органлари йиғилишларида унинг хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари (улушлари) пакетларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали жамиятни тугатиш масалаларини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Мазкур ҳужжатга асосан:
қурилиш материаллари саноатининг ихтиёрий асосда кирувчи корхоналари «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг аъзолари ҳисобланади;
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади;
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тақдимномаси бўйича уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан сайланади;
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасини жорий таъминлаш ва унинг фаолиятини молиялаштириш уюшма аъзоларининг бадаллари ва ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Қуйидагилар «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича уларга таклифлар киритиш;
юқори қўшилган қийматли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш;
талаб этилаётган сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш турларини кенгайтириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи ва рақобатбардош қурилиш материаллари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган буюмлар билан тўлдириш, шунингдек, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси аъзолари фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
ҳудудларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш истиқболларидан, хом ашё базаси, инфратузилмалар, меҳнат ва бошқа ресурслар ҳамда бозорларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда корхоналарни жойлаштиришга кўмаклашиш.
Қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, 2022 йил 1 январга қадар корхоналарнинг шартномалар бўйича «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасига тўланадиган ажратмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланиши белгилаб қўйилди.
Қарорга кўра, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкасидан геологик ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн кундан ошмаган муддатда берилади.
Шунингдек, саноат кўламида ўзлаштириш учун инвестициялар, шу жумладан хорижий инвестициялар жалб этиладиган норуда фойдали қазилмалар конлари (участкалари)нинг рўйхати тасдиқланди.
Шу билан бирга, қарорда:
2019-2021 йилларда умумий қиймати 1,3 млрд AҚШ доллари, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 692 млн AҚШ доллари миқдорида амалдаги корхоналарни техник ва технологик янгилаш ҳамда янги корхоналар барпо этиш бўйича 67 та инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши;
2021 йилга цемент ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмларини 17 млн тоннага, архитектура-қурилиш ойнасини – 32 млн квадрат метрга, ёғоч-қипиқ плитаси (ДСП)ни – 380 минг куб метрга, газ-бетон блокларини – 700 минг куб метрга, гулқоғозларни – 4,5 млн рулонга, кўп қаватли уйлар қурилиши учун йирик панелли темир-бетон буюмларини – 180 минг квадрат метрга етказган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» AЖ ва қурилиш материаллари саноати корхоналарининг «ҚурилишматериаллариЛИТИ» МЧЖ ихтисослаштирилган лойиҳа илмий-тадқиқот институтини «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси таркибига кирувчи «ЎзқурилишматериалЛИТИ» МЧЖ илмий-тадқиқот ва инжиниринг маркази этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди, қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Технологик ривожланиш агентлиги, «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда қурилиш саноатининг илмий-тадқиқот ташкилотлари билан биргаликда илғор хорижий тажриба ва республиканинг хом ашё салоҳиятини инобатга олган ҳолда янги қурилиш материаллари ва улардан фойдаланиш технологиялари ишланмаларини ташкиллаштириш;
қурилиш материалларининг янги стандартларини фаоллаштириш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, қурилиш тармоғида фойдаланиладиган қоидалар тўпламини ишлаб чиқишда қатнашиш;
ишлаб чиқариладиган қурилиш материаллари ва буюмларнинг барча турларини сертификатлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда қурилиш материаллари саноатининг талаб юқори бўлган йўналишлари бўйича мутахассисларга таълим бериш юзасидан ўқув режалари ва инновацион ўқув курсларини ишлаб чиқиш, шунингдек, замонавий ўқув-методик адабиётлар ва қўлланмаларни тайёрлаш;
кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш, мутахассисларнинг стажировкасини, шу жумладан хориждаги илмий-тадқиқот марказларида стажировкасини ўтказишни ташкиллаштириш;
ишлаб чиқаришга мўлжалланган машиналар, асбоб-ускуналар ва техник тизимлар, саноат объэктлари, шунингдек, энергетика ва муҳандислик инфратузилмаси объэктларининг техник аудити, энергия аудити, диагностикаси ва экспертизасини ўтказиш.
Пировардида айтиш мумкинки, Давлатимиз Раҳбарининг қайд этиб ўтилган қарори, республикамиз қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати тармоғининг яна бир босқичга ривожланиши учун етарлича имконият ва омиллар ҳамда ҳуқуқий асос яратди.