- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Мустаҳкамлик ва умрбоқийлик – фаолиятимиз мезони
Мақола 17.01.2019 йилда чоп этилган.
Асрлар давомида маданий ва маънавий турмуш тарзи ҳамда анъаналар асосида шаклланиб, сайқал топиб келаётган миллий қадриятларимиз халқимиздаги ўзига хос хусусият – бунёдкорлик фазилатининг сабабчиси десак муболаға бўлмайди. Чунки азал-азалдан ўзбек халқи ўзи яшаб турган ҳудуд ва маҳаллаларни обод этиш, эл-юрт фаровонлиги учун бино ва иншоотлар барпо этиш, фарзандлари келажаги йўлида яхши ниятлар билан уй-жой қуриш каби хайрли ишларга бош қўшиб, дуо олган. Бугун республикамиз ҳудудларида бир неча асрлар ўтсада, завол топмай қад ростлаб турган тарихий асори атиқаларимиз, қадимий обидаларимиз ота-боболаримизнинг нақадар юксак маданият соҳиби бўлганларидан дарак беради. Санъат асарлари даражасидаги ушбу тарихий обидаларга боқиб ҳайратга тушади киши. Журналимизнинг ушбу сонини ўқувчиларимизни замонавий усталар – қурилиш материаллари, унда ишлатиладиган буюм ва конструкциялар ишлаб чиқариш бўйича мутахассислар фаолияти ҳамда мазкур тармоқнинг бош ташкилоти бўлмиш «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятининг асосий мақсад-вазифалари билан яқиндан таништириш мақсадида қурилиш материаллари тармоғи ривожи мавзусига бағишладик. Шу мақсадда «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журнали бош муҳаррири «Ўзқурилишматериаллари» Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ботир Комилович ЗАРИПОВ билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
– Ҳурматли Ботир Комилович! Сиз билан суҳбатимиз жараёнида нафақат соҳадаги иқтисодий кўрсаткичлар, балки қурилиш материаллари саноати ривожининг истиқболлари, корпоратив бошқарув тамойиллари тўғрисида ҳам фикрлашишни ҳоҳлардик. Чунки бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари қурилиш материалларини етказиб беришда муҳим ўрин тутувчи «Ўзқурилишматериаллари» АЖ зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
– Бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир фуқароси республикамизнинг барча ҳудудларида баробар олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўлибгина қолмай, мазкур хайрли ишларнинг иштирокчисига ҳам айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ҳар бир инсон бевосита бино ва иншоотлар қурилишида иштирок этмасада, мамлакатимиз ободлиги учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш иштиёқи билан яшамоқда. Чунки қаерда бўлмайлик ҳар бир соҳа ва тармоқда ишларнинг қизғин тус олганини, бунёдкорлик ишларининг туну-кун давом этаётганини кўриб турибмиз. Қаердадир замонавий турар-жой массивлари, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилаётган бўлса, бошқа жойда мураккаб лойиҳа-архитектура конфигурациялари ҳамда конструкцияларидан таркиб топган иншоотлар, яна бир бошқа ерда мавжуд биноларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, пойтахтимизда Марказий Осиё минтақасида такрори йўқ бўлган Ташкент Cитй марказини барпо этиш, Тошкент метрополитенининг ер усти ва ерости линиялари ҳамда янги станцияларини, янги кўприк ва йўл чорраҳаларини қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу каби тизимли бунёдкорлик ишлари натижасида сўзсиз, юқори сифатли қурилиш материалларига бўлган эҳтиёж ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ҳамда унинг таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар, шунингдек, уларда меҳнат қилаётган минглаб ишчи-ходимлар мазкур талабни қондириш мақсадида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш тармоғи ривожига ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Худди шу мақсадларда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, оддий одамларга муносиб яшаш шароитларини яратиш каби эзгу ишларда иштирок этар эканмиз, қурилиш материалларининг янги турларини ишлаб чиқариш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритиш бош мақсадимизга айланган.
– 2016 йил охирида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига мувофиқ Сиз «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раҳбари лавозимига тайинландингиз. Мазкур масъулиятли ишга киришар экансиз жамият фаолиятида қандай асосий муаммоларга дуч келдингиз ва бугунги кунда улар қай тарзда ҳал этилмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ қурилиш материаллари саноати тизимини янада ривожлантириш ва маҳсулот турларини кўпайтириш (диверсификациялаштириш), соҳада замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, тармоқ корхоналарини технологик жиҳатдан янгилаш ва қайта жиҳозлаш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини ошириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий халқаро усулларини татбиқ этиш мақсадида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти сифатида қайта ташкил этилди. Бизнинг олдимизга мамлакатимизда қизғин кечаётган қурилиш объектларини тегишли қурилиш материаллари билан таъминлаш учун зудлик билан амалга оширилиши зарур бўлган янги вазифа ва йўналишлар қўйилган. Хусусан, энг аввало:
● маҳаллий хомашёни чуқурлаштирилган қайта ишловдан ўтказиш, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва ассортиментни кўпайтириш, шунингдек, сифатли қурилиш материалларининг янги турларига бўлган ички талабни қондириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;
● тармоқни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, кенг турлардаги юқори сифатли замонавий қурилиш материаллари чиқариш бўйича етакчи бўлган турдош хорижий компаниялар билан ҳамкорликдаги корхоналар ҳамда ишлаб чиқариш тизимини ташкил этиш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш.
Мазкур жамиятга раҳбар бўлган вақтимда тармоқда дуч келинган энг асосий муаммолардан бири – қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестициявий дастурларни амалга оширишда давлат бошқарувининг маҳаллий органлари (ҳокимликлар), тижорат банклари ҳамда бошқа идора ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилмагани бўлди. Шунингдек, «Ўзқурилишматериаллари» АЖ тизимида лойиҳалаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тадқиқот ишларини олиб бориш, қурилиш материаллари ва буюмлари ишлаб чиқариш соҳасида янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалашга ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институти ҳам мавжуд эмасди. Бугунги кунда мазкур муаммоларнинг зудлик билан бартараф этилишига эришдик.
– Маълумки, молиячилар маблағлар ҳисоб-китоби бобида бошқалардан кўра устунликларга эга бўлганликлари боис яхши бошқарувчилар деб ҳам юритиладилар. Авваллари Сиз «Агробанк» акционерлик тижорат банки раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатгансиз. Айтингчи, банк бошқаруви соҳасидаги билим ва кўникмаларингиз Сизга қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш борасида ҳам асқотмоқдами?
– Аввало шуни айтмоқчи эдимки, банк соҳасида ишлаш осон эмас. Бу соҳада нафақат пул билан, балки инсонлар билан, яъни банк ходимлари билан бир қаторда мижозлар билан ишлай олиш қобилияти зарур. Табиийки, ҳар қандай йирик ташкилот, айниқса, банк бошқарувида мажбуриятлар ва ваколатлар доираси кенгайиб бораверади, демак, инвестициявий, молия-кредит оқимлари, шу жумладан, хорижий ва банк-мижоз ўртасидаги ўзаро алоқаларни тартибга солишнинг турли масалалари бўйича стратегик қарор қабул қилиш борасидаги мажбурият ҳам ортади. Бунда имкониятлар ва вазифаларга мос равишда ҳаракатларни режалаштириш ва истиқболни белгилашни ҳам билиш зарур. Шу боис соҳадаги барча янгиликлар бўйича ахборот йиғиш ва уни тизимлаш, хатога йўл қўймаслик, шу билан бирга ўз билим ва кўникмаларингизни бойитиб, тажрибани муттасил ошириб бориш талаб этилади. Юқорида айтиб ўтилган масалаларда орттирган тажрибаларимнинг барчаси менга «Ўзқурилишматериаллари» АЖдаги фаолиятимда асқотмоқда. Чунки қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳар бир лойиҳани молиялаштириш банк ва хорижий кредитлар билан чамбарчас боғлиқ. Банк соҳасидаги билим ва кўникмалар лойиҳаларни молиялаштириш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ҳал этиш имкониятини кенгайтирмоқда.
– Бугунги кунда ижтимоий турар жойлар қурилиши ҳажмининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда шаҳарларда кўпхонадонли уйлар қурилиши билан бирга, қишлоқ жойларида янги уйлар барпо этиш ҳажми ҳам кўпайиб бормоқда. Шунингдек, туризм инфраструктурасини такомиллаштириш соҳасида ҳам қурилиш ишлари кўлами кенгайиб бормоқда. Бу юкламаларни мамлакатимиз қурилиш ташкилотлари қай тарзда уддаламоқдалар? Янги қурилишларнинг бу каби кўламини таъминлаш учун қурилиш материаллари етарлими? Бунёдкорлик ишларини амалга ошириш жараёнида қайси қурилиш материаллари ва хомашё ресурслари бугунги кунда энг харидоргир ҳисобланади ва буюртмачилар томонидан катта талабгорлик билан ишлатилмоқда. Ва албатта, ушбу қурилиш материалларини узлуксиз равишда етказиб беришда қандай муаммолар мавжуд?
– Барчамизга маълумки, қурилиш ишлари ҳажми ҳар йили 1,5–2 баробарга ўсиб бормоқда ва уларни юқори сифатли ҳамда мақбул қурилиш материаллари билан таъминлаш жуда муҳим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб корхоналар томонидан ички бозорда нефть маҳсулотлари, цемент, қора металлар ижараси, мис, пахта толаси ва бошқа юқори ликвидли маҳсулот турлари, хомашё ва материалларни бозор принциплари асосида биржа савдолари орқали сотиш тартибини босқичма-босқич жорий этишга киришилди.
Қурилиш ташкилотлари ва аҳолининг цемент каби муҳим ва зарур маҳсулотга бўлган талабини тезкорлик билан қондириш мақсадида 2018 йилдан бошлаб «Қишлоққурилишинвест», «Ўзшаҳарқурилишинвест» инжиниринг компаниялари сингари ташкилотлар билан цемент етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузилмоқда. Натижада стратегик муҳим объектлар қурилиши учун ажратиладиган цемент нархи пасайиб, бир тоннаси, ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 367 минг сўмни ташкил этмоқда.
Бугунги кунда керамик плитка, сантехкерамика маҳсулотлари, қурилиш ойнаси, цемент, гипсокартон каби қурилиш материалларига талаб катта. Биз 3Д керамик плиткалари, сантехкерамика, керамогранит, сэндвич панеллар, юмшоқ том усти қопламалари, композит арматура, базальт асосидаги маҳсулотлар, суюқ гулқоғозлар, шиша кристаллити, аралаштиргичлар, иссиқлик ўтказмайдиган материаллар каби импортнинг ўрнини босувчи бинокорлик ашёларининг 15 дан ортиқ турини ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик.
2018 йилда қўлга киритилган ижобий натижаларимиздан яна бири – бу ички бозорда қурилиш материаллари нархи кескин ошишига йўл қўймаслик ва уларни арзонлаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигидир. Хусусан, 2018 йил 20 декабрь ҳолатига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан чиқарилган 1 тонна цементнинг ўртача биржа нархи жорий йилнинг январь ойи (568,4 минг сўм) билан солиштирилганда 432,1 минг сўмни ташкил этиб, 26,2 фоизга, 1 кв.м қурилиш ойнасининг нархи (34,4 минг сўм) 20,1 минг сўмни ташкил этгани ҳолда 41,4 фоизга, 1 дона шифер нархи эса (34,4 минг сўм) 32,0 минг сўмни ташкил этгани ҳолда 6,9 фоизга пасайди.
– Бугунги кунда бутун Ўзбекистон ҳудуди том маънодаги бунёдкорлик майдонига айланди, чунки, қурилиш индустрияси тизими олдига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва 2029 йилгача қурилиш тармоғини ривожлантириш Стратегияси доирасида масъулиятли вазифалар қўйилган. «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамиятининг барча тизимлари ушбу вазифаларнинг фаол иштирокчиси ва масъул ижрочисига айланган. Кўзланган мақсадларга эришилгач ва режалаштирилган объектлар қурилиши якунлангач, Сиз қурилиш соҳасининг истиқболларини нималарда кўрасиз?
– Ҳар бир объект қурилиш ишларининг ниҳоясига етиши ва фойдаланишга топширилиши биланоқ, янги мақсад ва режалар юзага келади. Чунки қурилиш, яъни бунёдкорлик ишлари – бу тўхтовсиз янгиланиб борувчи жараён ҳисобланади. Мен келажакда қурилиш соҳаси, айниқса, Давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган ижтимоий объектлар қурилиши фақатгина илдамлаб, кенгайиб, ривож топиб бораверади деб ҳисоблайман. Менинг бу фикрларим оғзаки гаплар эмас, балки реал фактлар ҳамда истиқболдаги имкониятлар билан асосланган, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун республикамизнинг барча ҳудудларида бой хомашё захиралари мавжуд эканлиги ҳисобга олинган тўла асосли истиқболдир.
Мазкур йўналишларда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун хомашё заҳираларига эга бўлган 924 та кон топилган, бугунги кунда уларнинг 392 тасидан (42,4 %) фойдаланилмоқда. Шу боис мазкур йўналишлардаги ишларни оптималлаштириш мақсадида «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти томонидан Давлат геология қўмитаси билан ҳамкорликда фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 11 ойи давомида Давлат геология қўмитаси томонидан норуда фойдали қазилмаларига эга бўлган ер ости бойликлари майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи 208 та лицензия берилган бўлса, 2018 йил давомида худди шу турдаги 570 та лицензия тақдим этилган. Кўриб турганингиздек, берилган лицензиялар сони ўтган йилнинг тааллуқли даврига нисбатан 2,7 баробарга ошган.
– Маълумки, Европа ва Осиёдаги ривожланган давлатлар бунёдкорлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳам энг янги технологияларни ва «ноу-хау»ларни қўллаш борасида етакчилик қилмоқда. Мазкур йўналишда биз ҳам муваффақият қозона оламизми? Республикамизда қурилиш маҳсулотларининг нафақат хорижий маҳсулотлардан қолишмайдиган, балки такрори йўқ ноёб турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжудми?
– Бугунги кунда қурилиш материаллари бозорида кўплаб янги инновацион технологиялар ва маҳсулотлар пайдо бўлди. Улар орасида энг аввало, 2017 йилда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, қисқа муддат ичида композит материаллар, шиша композит (АСК) ва шишапластик (АСП, АКП) арматуралар, йўл плиталари ва йўлни арматуралаш учун шишапластик ва шишакомпозит тўрлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхонага айланиб улгурган «Универсал ФРП Сйстемс» МЧЖни алоҳида таъкидлаш зарур.
«Мега Инвест Индустриал» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Жиззах вилоятининг Фориш туманида базальтдан узлуксиз тола олиш учун базальт тошини чуқур қайта ишлаш ва базальт композит арматура ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Базальт арматурасининг ўзига хослиги шундан иборатки, ушбу ўта мустаҳкам нометалл композит арматура сув ва тузларнинг емирувчи таъсирига дош берувчи базальт толаларидан иборат. Албатта, у бир қатор камчиликлардан ҳам холи эмас, аммо уларни базальт қўлланилишининг барча турлари бўйича қўшимча ҳисоб-китобларда тўла баратараф этиш имконияти мавжуд. Хорижда бу турдаги арматура бир неча ўн йиллардан бери муваффақиятли ишлатиб келинаётган бўлса-да, мазкур композит арматуранинг барча турлари Ўзбекистон қурилиш бозорида янги материал ҳисобланади. Унинг қўлланилиши келажакда катта имкониятлар яратади. Бугунги кунда уни кам қаватли бинолар қурилиши, турли фундаментларда, йўл плиталари ва шу каби конструкцияларда бемалол қўллаш мумкин. Бироқ ундан кўп қаватли бинолар, кўприк конструкциялари каби қурилишларда фойдаланилганда базальтнинг физик-кимёвий хусусиятларини тайёргарлик ва лойиҳалаш жараёнларидаёқ ҳисобга олиш талаб этилади. Аммо биз, қурилиш соҳасида катта истиқболга эга бўлган ушбу материалнинг сифат хусусиятларини янада яхшилаш мақсадида мазкур йўналишдаги тадқиқот ва синов ишларини давом эттирамиз.
Бундан ташқари биз «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида 212,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги ҳар йили 1,5 млн. тонна цемент тайёрлаш қувватига эга бўлган Шеробод цемент заводи қурилиши ниҳоясига етгани, Тошкентда «Пергамент кволити эксклюзив» МЧЖ томонидан 9,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида бир йилда 2,5 млн. рулон гулқоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини фахр билан айтиш мумкин.
Эндиликда юртимизда маҳаллий хомашёлар – қамиш ва ғўзапоядан ДСП тайёрлаш бўйича ҳам талай лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятида йилига 30 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга туширилди. 2018–2019 йилларда тўла маҳаллий хомашёдан ДСП ишлаб чиқариш бўйича Навоий вилоятида йиллик қуввати 50 минг куб. м бўлган, Сурхондарё вилоятида йиллик қуввати 150 минг куб. м бўлган, Қорақалпоғистон Республикасида умумий йиллик қуввати 50 минг куб. м бўлган лойиҳаларни амалга киритиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда мавжуд маҳаллий хом-ашёлардан газ-бетон блоклар, яъни, энергосамарадор девор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, ушбу маҳсулотлардан йирик объектлар қурилишида фойдаланиш жуда қулай. Хусусан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида умумий йиллик қуввати 1 млн. куб. метр бўлган газ-бетон блоклари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Газ-бетон блокларнинг устунлик жиҳатлари шундаки, бу турдаги қурилиш материали ғиштга нисбатан сезиларли даражада енгил ва энергосамарадор ҳисобланади. Қолаверса, газ-бетон ишлаб чиқаришда табиий газ сарфи пишиқ ғишт ишлаб чиқаришга нисбатан 5–8 баробарга камаяди. Энг муҳими, бу маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун яроқли ерларнинг ҳосилдор қатламига путур етказилмайди.
Шу билан бирга «Ўзқурилишматериаллари» АЖ қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳудудий дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда ҳам бевосита иштирок этмоқда. Хусусан, 2017 йилда республика бўйича бизнинг иштирокимизда умумий қиймати 2,4 трлн. сўм бўлган 2150 та лойиҳа амалга оширилди ва 25,8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 2018 йилда умумий қиймати 6,3 трлн. сўм бўлган 664 та лойиҳанинг амалга оширилиши таъминланди ва 13,5 минг янги иш ўринлари яратилди.
«Ўзқурилишматериаллари» АЖ ҳудудларда қурилиш индустриясини ривожлантириш доирасида замонавий илғор технологияларни татбиқ этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу жумладан, қурилиш материалларининг янги турлари ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш йўналишларида ҳам иш олиб бормоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришга инвестицияларни жалб этиш йўналиши бўйича ҳудудий лойиҳалар ҳамда экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқиш ташаббускорларига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
– «Ўзқурилишматериаллари» АЖ хорижий шериклар билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўналишида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Бугун қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни режалаштириш, ташкил этиш ва маҳсулот чиқаришда айнан қайси мамлакатлар тажрибасидан фойдаланилмоқда? Сиз қайси хорижий компаниялар билан ҳамкорликни афзал, деб биласиз ва қурилиш ишлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш технологияларининг янги турларини ишлаб чиқишда уларнинг ёрдами қанчалик самара беради?
– Муҳтарам Президентимизнинг Россия Федерацияси, ХХР, Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон ва Франция давлатларига юқори даражадаги ташрифлари доирасида 2017–2021 йиллар давомида импортнинг ўрнини босувчи замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида умумий қиймати 2330,3 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 43 та лойиҳани амалга ошириш, бу орқали 4 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш бўйича етакчи хорижий компаниялар билан Келишув ва Меморандумлар имзоланишига эришилди. Улардан 12 та лойиҳа 2018 йил давомида амалга оширилди, 14 лойиҳани 2019 йилда, 17 та лойиҳани эса 2020 ва ундан кейинги йилларда амалга татбиқ этиш кўзда тутилган.
– Илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз, айни кунда юқорида тилга олинган йўналишларда қандай масалалар ҳал этилмоқда? Олиб борилаётган тадқиқотлар орқали ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари сифатини янги ва юқори даражага олиб чиқиш имкониятлари мавжудми?
– Президентимиз фармонида қурилиш тармоғида яқин йилларда ҳал этилиши лозим бўлган асосий вазифалар қатъий белгилаб берилган. Бунинг учун уй-жой ва саноат қурилиши умуммиллий дастурлари амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда мамлакат бозорида уларга бўлган талабни қондириш учун ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ассортиментлар, замонавий материал ва буюмлар турларини кўпайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилиши зарур.
Бугун бутун мамлакат бўйлаб нафақат турар-жой, маъмурий ва туристик объектлар, балки янги саноат объектлари қуриш бўйича ҳам катта кўламдаги ишларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Республикамиз қурилиш комплекси фаолиятининг самарадорлиги қурилиш объектларининг юқори сифатли қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари билан ўз вақтида ва узлуксиз равишда таъминланишига ҳар жиҳатдан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис мамлакатимиз Ҳукумати томонидан қурилиш материаллари танқислигини бартараф этиш ва уларнинг сифатини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу мақсадга эришишда охирги йилларда ривожланиб бораётган тамойил – нафақат қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга инвестицияларни киритиш, балки илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари, шунингдек, хомашё ва тайёр қурилиш материаллари ҳамда маҳсулотларининг техник хусусиятлари ва сифат характеристикаларини яхшилаш бўйича синов ишларини амалга оширишга ҳам эътборни кучайтириш ва инвестицияларни жалб этиш масаласи муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 25 октябрдаги Қарорига мувофиқ «Ўзқурилишматериаллари» АЖ қошида «КурилишматериаллариЛИТИ» масъулияти чекланган жамият шаклидаги ихтисослаштирилган лойиҳалаш илмий-тадқиқот институти ташкил этилган. Биз томонимиздан республикадаги табиий қаттиқ фойдали қазилмалар заҳиралари тўғрисидаги маълумотларга мувофиқ қурилиш материалларига техник-иқтисодий (ТЭО) асослар ишлаб чиқилган. Ҳорижий инвесторларни жалб этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида махсус лойиҳалар тақдимотлари ўтказилганини ҳам таъкидлаш зарур. Шунингдек, энерготежамкор технологиялар ва инновацион-техник ишланмаларга эга бўлган, ишлаб чиқарилаётган қурилиш маҳсулотлари таннархини пасайтиришни таъминлашга имкон берувчи янги заводлар ҳамда саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишлаб чиқилди.
– 2018 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан КНАУФ корхоналар гуруҳи иштирокчилари Кенгаши аъзоси жаноб Николаус Вильгельм Кнауфни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармон имзоланди. Айтингчи, мазкур компаниянинг мамлакатимиз иқтисодиётига қўшган ҳиссаси қандай ва ватанимизни бунданда гуллатиб-яшнатиш йўлидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини нималарда кўрасиз?
– КНАУФ оилавий фирма бўлиши билан бир қаторда, 45 та мамлакатда 28 минг нафардан ортиқ ходимга эга 150 тадан ортиқ корхонани бирлаштирувчи халқаро саноат гуруҳи саналади. Мазкур компания биноларнинг ички ва ташқи пардози учун зарур қурилиш материаллари, иссиқлик ва шовқин ўтказмайдиган ашёлар ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик компаниялардан биридир.
КНАУФ компанияси 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида Ўзбекистон қурилиш индустриясининг энг йирик хорижий инвесторларидан бири ҳисобланади. Унинг Ўзбекистондаги илк йирик инвестицион лойиҳаси «Бухорогипс» ОАЖ қўшма корхонасида қуруқ гипс қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўлган.
2005 йилда жамият акциялари давлат (назорат) пакети эгасига айланган КНАУФ компанияси ишни ушбу корхонани молиявий соғломлаштиришдан бошлади. Бу эса банкротликдан қутулиб қолиш, гипс тоши қазиб олишни ва гипс ишлаб чиқаришни қайта тиклаш имконини берди. Инвестициялар миқдори ўша вақтда 6,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди.
2009 йил октябрь ойи бошида юқори сифатли КНАУФ қуруқ қурилиш аралашмалари тайёрлаш йўлга қўйилгани компаниянинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятининг навбатдаги босқичига айланди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, йилига 25 млн. квадрат метр гипсокартон КНАУФ-тахталар ишлаб чиқариш қувватига эга янги завод қурилиши бошланди. 2011 йилнинг сентябрь ойида эса, энг замонавий, юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган «КНАУФ Гипс Бухоро» МЧЖ ХКнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Инвестицияларнинг умумий миқдори 51,5 млн. долларни ташкил этди. Бугунги кунда турли номларда чиқарилаётган гапсокартон тахталарига Ўзбекистон ички бозорида талаб юқори бўлиши билан бирга, қўшни республикаларга ҳам экспорт қилинмоқда. КНАУФнинг Ўзбекистондаги корхоналарида 235 та иш ўрни яратилган бўлиб, махсус тайёргарликдан ўтган малакали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.
«КНАУФ Гипс Бухоро» МЧЖ ХК корхонаси негизида КНАУФ ўқув маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Мазкур ўқув марказида ёшлар КНАУФ корхоналари тизимида ишлаш учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ўқитилмоқда.
Бугунги кунда компаниянинг 2 та ўқув, 2 та маслаҳат ва 1 та ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. КНАУФнинг комплект тизимини монтаж қилиш технологияларига ўқитиш Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 15 та қурилиш касб-ҳунар коллежлари дастурларига киритилган.
КНАУФ-тахталарнинг ички бозорда бўлгани каби ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини топиши КНАУФ раҳбариятига гипсокартон линиясининг йиллик ишлаб чиқариш қувватини йилига 32 млн. квадрат метргача ошириш учун инвестициялар киритиш тўғрисида қарор қабул қилишига имкон берди. Шунингдек, Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари жадаллашуви муносабати билан қурилиш материаллари бозорида КНАУФ маҳсулотларига эҳтиёжнинг ортиб бораётгани ҳам муҳим роль ўйнади.
Биргина 2018 йилда КНАУФ компанияси «ДЕГ-Деутсче Инвеститионс-унд Энтwиcклунгсгеселлсчафт мбҲ» инвестициялар ва ривожланиш бўйича Германия ҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда гипсокартон ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва гипс тошини қазиб олишга йўналтирилган 19,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги қўшимча инвестицияларни амалга оширди. Унинг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолияти мобайнида Бухоро вилоятидаги корхоналарга киритган инвестициялар ҳажми 75 млн. АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси доирасида охирги 2 йилда қандай ишлар амалга оширилди ва Сизнингча тармоқда қандай салмоқли натижаларга эришилди?
– Акциядорлик жамиятимиз аввало, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ваколатли органлар, қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда айни йўналиш бўйича аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олди.
Бугунги кунда юқори ижтимоий соҳа объектлари қурилиши, турар жой ва нотураржой бинолари ҳамда иншоотлари реконструкцияси учун юқори сифатли, арзон ва замонавий қурилиш материалларига жуда катта талаб юзага келган. Тармоқни ривожлантириш қурилиш ишлари умумий қийматининг 55–60 фоизини қурилиш материаллари ташкил этгани, замонавий архитектура юқори сифатли, арзон, осон ўзлаштириладиган, зилзилабардош инновацион қурилиш материалларининг янги турларига муҳтож эканлиги боис ҳам ўта муҳимдир.
2017 йилгача тармоқ бўйича 7 минг 995 корхона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда мамлакат миқёсида қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи 10 минг 552 та корхона ишлаб чиқарувчи мавжуд. Агар авваллари 120 турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 номдан ортиқни ташкил этмоқда. Мамлакат ишлаб чиқаришининг керамик плитка, сантехкерамика буюмлари, керамогранит, сэндвич-панел, юмшоқ том ёпгич материаллари, базальт арматураси, суюқ гулқоғозлар, иссиқлик ўтказмайдиган материаллар каби авваллари фақат импорт қилинадиган, баъзилари эса қурилиш индустрияси учун янгилик бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга муваффақ бўлгани тармоғимизнинг энг юқори муваффақиятларидан бири десак, муболаға бўлмайди.
Тармоқнинг яна бир муваффақиятли кўрсаткичи – жамият таркибига кирган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг тўхтовсиз ортиб бориш тенденциясининг юзага келгани ҳисобланади. Агар Жамият бўйича экспорт ҳажми 2016 йилда 12,9 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилда 23,7 млн. АҚШ долларини, 2018 йилнинг 9 ойи давомида эса 40 млн. АҚШ долларилик маҳсулот экспортини ташкил этди. Бунинг натижасида мазкур йўналишда белгиланган вазифалар 100,4 фоизга уддаланди.
Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон бозорларида бизнинг керамик плитка, сантехкерамика буюмлари, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишиқ ғишт, табиий тошдан қоплама материаллар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар каби яна кўплаб турдаги қурилиш материалларимизга талаб катта. Яқиндан бошлаб ушбу мамлакатлар қаторига Тожикистон ва Афғонистон ҳам қўшилди, яъни 2017 йилдан бошлаб ушбу мамлакатларга сантехкерамика буюмлари, асбест маҳсулотлари, керамик плитка, қурилиш ойнаси ва цемент каби материалларимиз экспорт қилина бошланди.
Ушбу қисқа суҳбат давомида барча нарсаларни сўзлаб бериш имкони мавжуд эмас. Жамиятимиз эришилган натижаларга маҳлиё бўлишдан йироқ эканлигини таъкидлаган ҳолда қурилиш материаллари экспорти салоҳиятини янада ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириш учун барча имкониятларни ишга солишимизни таъкидлашни хоҳлардим. Шу мақсадда экспорт қилинадиган маҳсулотлар ассортиментини кўпайтириш ва улар экспорт қилинувчи мамлакатлар географиясини кенгайтириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб олиниб, амалга оширилмоқда.
– Фаолиятда илгарилашнинг муҳим жиҳатларидан бири – қурилиш материаллари сифатини, шу билан бирга қурилиш ишлари самарадорлигини ошириш билан бир қаторда қурилиш материаллари таннархини тушириш имконини берувчи ресурсларни ҳамда энергияни тежовчи технология ва инновацион-техник ишланмаларни жорий этиш улардан самарали фойдаланишдир. Мазкур йўналишда қандай ишлар олиб борилмоқда ва қайси мутахассислар, илмий ходимлар ҳамда лабораториялар билан ҳамкорлик қилинмоқда?
– Ушбу мақсадда «ҚурилишматериаллариЛИТИ» ва Жанубий Кореянинг «КИСТ» компанияси билан имзоланган Меморандумларга мувофиқ чиқарилаётган қурилиш материаллари сифатини аниқлаш учун энг янги юқори технологияга эга бўлган замонавий лабораторияни ташкил этиш бўйича мунозаралар олиб борилмоқда.
Айни кунда биз томонимиздан Ўзбекистон Республикасининг «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ «Оҳак ва пишиқ ғишт ишлаб чиқаришда кўмирнинг солиштирма сарфи меъёрини ҳисоблаш Методикаси» ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ноорганик кимё институти қошидаги «СТРОМ» илмий-тадқиқот синов маркази билан ҳамкорликда қурилиш материаллари соҳасида илмий изланиш ишлари олиб борилмоқда.
Халқимиз турмуш фаровонлигининг замонавий ва жўшқин тарзда ошиб бораётгани, жамият ривожланишида шаҳарлар ролининг ортиб бораётгани, шу билан бир қаторда қишлоқлардаги шароитни шаҳардагига тенглаштириш ишлари жадал олиб борилаётгани мамлакат қурилиш саноати зиммасига ҳам ўта масъулиятли вазифаларни юкламоқда. Зеро, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг замирида энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини оширишдек эзгу мақсадлар мужассам. Ўз навбатида, ушбу тизимли ишларда сифат, қурилиш хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳам муҳим ўрин тутади.
Шу боис биз ҳам барча қурилиш ишларининг юқори сифат билан бажарилиши йўлида изланишдан тўхтамаймиз.