Ўзбекистон-Россия: Ҳамкорликда амалга оширилаётган инвестисия лойиҳалари


“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида Россия Федерациясининг “ЭВРОЦЕМЕНТ груп” Холдинги президенти Михаил Скороход билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликда йирик инвестисия лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


Йиғилишда дастлаб “Оҳангаронцемент” AЖ базасида “қуруқ” усулда йилига қуввати 3 млн. тонна цемент ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш, олиб борилаётган бунёдкорликлар ҳақида сўз борди. Шу билан бирга, ҳудудда кластер усулида қурилиш материллари, яъни ер силкинишига бардош берувчи темир-бетонлар ишлаб чиқаришни жорий йилнинг сўнггига қадар фойдаланишга топшириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Aлбатта, бундай маҳсулотларга кундан-кунга талаб ортиб бормоқда. Шу боис ушбу йўналишда янги қувватларни ишга тушириш борасида ҳамкорлик олиб бориляпти.


Учрашувда ўтга чидамли ғишт ишлаб чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Учрашув сўнггида лойиҳаларни амалга оширишда инфраструктура (газ, электр энергияси) яратилишида ишларни жадаллаштириш бўйича келишиб олинди.


Маълумот учун: “ЭВРОЦЕМЕНТ груп” Холдинги Тошкент вилоятида жойлашган “Охангаронцемент” AЖ нинг энг йирик акциядори ҳисобланади. Мазкур Холдинг нафақат Россия Федерациясида балки, МДҲ да қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда етакчи саналади. Унинг таркибида 19 та цемент, шунингдек, бетон ва темир-бетон буюмлари ишлаб чиқарувчи заводлар, металл бўлмаган материалларни қазиб олиш конлари мавжуд.




Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech