Ўзбекистон – Озарбайжон: Йирик лойиҳалар муҳокамаси


Маълумки, жорий йилнинг 14-15 октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга ташриф буюрган эди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Aлиев билан учрашди.


Унда мамлакатлар етакчи компаниялари ва тадбиркорлари даражасида ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа устувор тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, икки томонлама ҳукуматлараро комиссия фаолиятини жонлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлари делегасияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинган эди.


Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасида Озарбайжоннинг “Матанат A” компанияси Вице президенти Майис Қосимов бошчилигидаги ишбилармон доира вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликда фаолият олиб бориш, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича сўз юритилди.


Йиғилишда таъкидланишича, “Матанат A” компанияси томонидан Қашқадарё вилоятида умумий қиймати 20 млн. AҚШ доллари бўлган қурилиш материаллари қоришмалари, гипс ва гипсокартон ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Шу боис, ҳудудда лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган табиий ресурслар базасини шакллантириш учун геологик разведка ишларини амалга ошириш ва бир қатор ташкилий масалаларда уюшма томонидан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича таклифлар билдирилди.


Учрашув сўнггида ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қурилиш материаллари экспортини кенгайтириш, ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech