Энергия тежамкор қурилиш материалларини ишлаб чиқариш янада такомиллаштирилади


Маълумки, жорий йилнинг 9 октябр куни муҳтарам Президентимиз пойтахтимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Олмазор туманидаги Олмазор cитй да қурилаётган турар-жой мажмуасига ташриф буюрган эдилар.


Унда, уйлар сонини кўпайтириш, энергияни тежаш орқали турар жойлар нархини арзонлаштириш кераклиги ва бунинг учун қурилиш материаллари, базалт толаси ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириб, ҳар бир ҳудудга етказиб бериш юзасидан топшириқ берилган.


Шунингдек, жорий йилнинг 28 октябр куни Давлатимиз раҳбарининг “Aҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалалари”га бағишланган йиғилишида уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш зарурлиги, хусусан ғишт ўрнига газобетон ва пенобетондан фойдаланилса, ишлаб чиқаришда газ сарфи 8 баравар камайиши ҳамда иссиқлик сақлаш 5 бараварга ошиши таъкидланган эди.


Дарҳақиқат, қурилиш жараёнида мазкур газобетон ва пенобетон каби деворбоп қурилиш материалларидан фойдаланиш нафақат энергия тежамкорлигига, балки харажатларни камайтириш ва қурилиш жараёнини тезлаштириш орқали иқтисодий самарадорликка эришилади.


Мисол учун, 1 метр куб метр ғишт 1800-2000 кг оғирликка эга бўлса, шу ҳажмдаги газобетоннинг оғирлиги атиги 500-700 кг ни ташкил этади. Бу эса, қурилиш жараёнини нафақат тезлаштиради, балки бино фундаментига тушадиган оғирликни ҳам камайтиради.


Ушбу маҳсулотлардан Европанинг ривожланган мамлакатларида аллақачон кенг фойдаланиб, синалган қурилиш маҳсулотлари сирасига кириб улгурган.

Газобетон, пенобетон ҳамда базалт толасидан фойдаланган ҳолда қурилган уй-жойлар ёзда салқин ва қишда иссиқ, ҳавони мўътадил сақлаши билан аҳамиятлидир.


Қолаверса, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хом ашёнинг барчаси республикамизда мавжуд бўлиб, хом ашёни хориждан олиб келиш зарурияти йўқ.


Мисол учун, базалт толасидан минерал вата ишлаб чиқариш учун Базалт тоши Республикамизнинг Жиззах, Навоий, Самарқанд, Aндижон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида бор.


Газобетон таркибида 70 фоизни ташкил этадиган кварс қуми Навоий, Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида катта захиралари мавжуд.


Шу ўринда қайд этиш лозимки, Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарилишини янада кенгайтириш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.


Хусусан, 2019-2021 йилларда республика бўйича газобетон блокларини ишлаб чиқаришга қаратилган умумий қуввати 2,1 млн. метр куб бўлган 14 та лойиҳалар амалга оширилаётган бўлса, шундан умумий қуввати 325 минг метр куб бўлган 3 та лойиҳа (Тошкент, Жиззах ва Бухоро вилоятларида) жорий йил сўнггига қадар фойдаланишга топширилади.


Базалт толасидан минерал ваталарни ишлаб чиқариш бўйича бугунги кунда 1 та корхона ишлаб турган бўлса, 2020-2021 йилларда қўшимча равишда 3 та лойиҳа ишга туширилиши бўйича тегишли чоралар кўрилади.


Келгусида ҳам уюшма томонидан маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда инновацион, энергия тежамкор, замонавий ҳамда арзон қурилиш материалларини жорий қилиш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар амалга оширилади.




Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech