- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Жаҳон бозорига юз тутган миллий маҳсулот
Мамлакатимизда сўнгги технологиялар ва инновацион ёндашувлар асосида тайёрланаётган экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар талайгина. Шулардан бири “Пергамент Қуалитй Эхcлусиве” МЧЖ ҳисобланади. Корхона нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ягона флезилин асосли винил гулқоғозлар ишлаб чиқаради. Йилига 2 миллион 640 минг ўрам маҳсулот ишлаб чиқариш натижасида ушбу маҳсулот импортнинг 10 фоизини қопланади. Шу боис корхонада янги қувватла босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 2 бараварга ошади.
“Сузане” брендини танлаган корхонада ҳар дақиқада 5 ўрам гулқоғоз ишлаб чиқарилмоқда. Корхона жорий йилнинг январ-октябр ойларида 39 миллиард сўмлик гулқоғоз ишлаб чиқариб, 1,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Aсосий харидор қўшни давлатлар бўлиб, шу кунларда Озарбайжон ва Ҳиндистонга етказиб бериш борасида келишувлар имзоланган.
Офис ва хонадонлар учун, балки меҳмонхона, ресторан ва бошқа сайёҳлар ташриф буюрадиган биноларни безашга мўлжалланган гулқоғозлар тури қанча кўп бўлса, харидорлар сони шу қадар ортишини ҳисобга олган тадбиркорлар 140 хил дизайнда маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
Ўтмишимиз, тарихимизни гулқоғозларда акс эттиришни мақсад қилган корхона дизайнерлари турли гуллар ва миллий нақшлар билан бир қаторда миноралар суратини чизиш ишларини бошлаб юборишган. Бундай янги кўринишдаги гулқоғозларга хорижда талаб юқори бўлиши ва кўпчиликка манзур бўлиши кутилмоқда.
– Гулқоғозлар эни 53, 70, 160 см узунликда бўлади, – дейди савдо директори Жаҳонгир Раҳимжонов. – Биз харидорлар қизиқиши ва талабани ҳисобга олган ҳолда кўпроқ 1,6 м энликдаги маҳсулотлар ишлаб чиқармоқдамиз. Бозорда гулқоғоз жуда кўп. Шунинг учун бозорда қайси гулдаги маҳсулотимиз кўпроқ сотилаётгани ҳар куни ўрганилади. Қайси бири яхши сотилаётган бўлса, шу туридан кўпроқ ишлаб чиқарамиз.
Германиянинг “Олбрич ГмбҲ” компаниясига тегишли илғор технология ва ускуналар билан жиҳозланган корхонани барпо этиш, жиҳозлаш ва зарур хомашё билан таъминлаш учун 9 миллион евро миқдорида маблағ сарфланган. Бунинг 6 миллион евро миқдоридаги маблағи банк кредити ҳисобидан қопланган.
Эътиборлиси, эндиликда хомашёнинг 30-40 фоизини маҳаллийлаштириш, турдош қурилиш материаллари ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилган.