- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш ривожлантирилади
Мамлакатимиз қурилиш саноати ва халқ хўжалигида ёғоч-қириндили плиталар (ДСП)га бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан импорт ўрнини босувчи, маҳаллий хом-ашёдан фойдаланган ҳолда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни юртимизда кенг йўлга қўйиш бўйича бир қатор инвестисия лойиҳалари амалга оширилмоқда. Aйниқса, ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.
Уюшманинг 2019-2021 йилларда маҳаллий хом-ашёдан ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқариш инвестисия лойиҳалари рўйхатига кўра, умумий қиймати 80 млн. 800 минг AҚШ доллари бўлган жами 595 минг куб метр йиллик қувватга эга 11 та лойиҳа амалга оширилади ва натижада ушбу маҳсулотга бўлган талабни тўлиқ қоплаш имконияти яратилади.
Aйни пайтда, ушбу йўналиш бўйича 3 та корхона ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 70 минг куб метрни ташкил этади. Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида “Термиз Таъминот” МЧЖ ва Сирдарё туманида жойлашган “Файз” МЧЖ қўшма корхоналари қамиш ва ғўзапоядан ДСП ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Ўзбекистон туманидаги “Яйпан водий ламинати” МЧЖ эса терак ва бошқа ёғоч қипиқларидан ана шундай маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Дастурга кўра, 2020 йилда Сурхондарё вилоятида умумий йиллик қуввати 195 минг куб метр бўлган 2 та лойиҳа амалга оширилади. Навоий эркин иқтисодий зонасида эса тўғридан-тўғри чет эл инвестисияси йўналтирилган умумий қиймати 7,5 минг AҚШ доллари бўлган корхона фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида эса “Мўйноқ ЛДСП” МЧЖ томонидан умумий қиймати 8 млн. AҚШ доллари (шундан, ўз маблағи 2,6 млн. AҚШ доллари, чет эл банк кредити 5,4 млн. AҚШ доллари) ҳисобига қамишдан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада, мазкур корхонада йилига 50 минг куб метр ДСП ишлаб чиқарилади ва 200 та доимий ва 500 та мавсумий иш ўринлари яратилади. Шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида ҳам ДСПнинг муқобил турлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти.
Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишдаги лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қўвватлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.
Мақсад маҳаллий бозорни сифатли, импорт ўрнини босувчи ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турлари билан таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишдир.