- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Қорақалпоғистон Республикасида цементга бўлган талаб қопланмоқда
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг инфратузилмасини яхшилаш, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада тараққий эттириш асносида кўплаб инвестиция лойиҳалари ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу ерда нефть-газ, металлургия, тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг натижасида эса хорижий инвесторлар иштирокида янги корхоналар фаолияти йўлга қўйиляпти.
2017 йилда Қораўзак туманида ўз фаолиятини бошлаган “КАРАКАЛПАК ЦЕМЕНТ” МЧЖ ҚК ҳам ана шундай инвестиция лойиҳаларидан бири саналади. Умумий қиймати 40 млн АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳанинг дастлабки босқичида 17 млн долларлик инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, 200 нафардан зиёд аҳоли иш билан таъминланган. Корхона дастлаб йилига 200 минг тонна М-400 маркали цемент ишлаб чиқариш қуввати билан бошлаган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 400 минг тоннага етказилди. Ўтган 2019 йилда ҳудудни цемент маҳсулотига бўлган талабини қоплаш мақсадида қўшимча қувватлар ишга туширилди. Ишлаб чиқариш қуввати 2 баробар ортди. Янги ишлаб чиқариш линиясида замонавий энергия тежамкор ускуналар ўрнатилган. Маълумки, мазкур корхонада муқобил ёқилғи тури кўмирдан фойдаланилади.
Қорақалпоғистонда цемент заводлари сони 2 та бўлиб, булар “КАРАКАЛПАК ЦЕМЕНТ” МЧЖ ҚК ва “Титан семент” МЧЖ ҚКдир. Ушбу заводларнинг йиллик умумий ишлаб чиқариш қуввати 600 минг тоннани ташкил этади.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий қисмида, Амударёнинг қуйи қисми, Орол денгизининг жанубий соҳилида жойлашган. Республика жануби - ғарб томондан Қорақум саҳросига туташган. Унинг шимолий-ғарбида Устюрт текислиги, шимолий-шарқий томонида эса Қизилқум саҳроси ястаниб ётибди. Орол денгизининг жанубий ҳудуди қорақалпоқ заминида жойлашган. Қорақалпоғистоннинг умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республиканинг аҳолиси 1 миллион 700 минг кишидан зиёддир.