- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Цемент ишлаб чиқариш бўйича янги инвестиция лойиҳалари
Мамлакатимизда кейинги йилларда улкан даражада қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Кўплаб замонавий бино ва иншоотлар, кўп қаватли уйлар қад ростламоқда. Бу эса қурилиш материалларига айниқса, цементга бўлган талабнинг ортишига сабаб бўлади. Мамлакатда қурилиш материаллари тақчиллига юзага келмаслиги ва маҳаллий бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, вилоят ҳокимликлари ва тижорат банклари билан ҳамкорликда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Биргина цемент ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилда жами 12 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, умумий йиллик қувват 3 млн. 530 минг тоннага ортишига эришилди. 2020 йилда цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида 6 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган.
Жорий йилда «Оҳангаронсемент» АЖ базасида янги цемент заводини барпо этиш энг йирик лойиҳалардан бири саналади. Янги корхонанинг йиллик қуввати 2 млн. 400 минг тонна, лойиҳа қиймати 160 млн. АҚШ долларни ташкил этади. Цемент заводи жорий йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топширилади. Ҳозирда бу ерда сўнгги қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилда Жиззах вилоятида ҳам “Ҳуахин Семент Жиззакҳ” МЧЖ ҚК томонидан янги цемент заводи ўз фаолиятини бошлайди. Умумий қиймати 150 млн. АҚШ доллари бўлган корхонада йилига 1 млн. 200 минг тонна сифатли цемент ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 2020 йилда Наманган вилоятида “Жахон Евро Сервис” МЧЖ, Самарқанд вилоятида “Самарқанд Афросиёб Цемент” МЧЖ, Фарғона вилоятида “Қурилиш ашё сифат сервис” МЧЖлари фаолияти йўлга қўйилади. «Бекободсемент» АЖда эса янги цемент майдалаш тегирмони ишга туширилиши натижасида корхонанинг цемент ишлаб чиқариш қувватлари 500 минг тоннага ортади.