- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Таҳлил ва натижа
Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Янги уй-жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объэктлари қурилмоқда. Табиийки, бундай катта ҳажмдаги ишларни сифатли ва ўз вақтида бажаришида қурилиш материалларига бўлган талаб ортади. Шу боис, ушбу йўналишдаги ишларни тўғри йўлга қўйиш, янги турдаги, энергия тежамкор қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, соҳага инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида хукуматимиз томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида эса соҳада жиддий ўзгаришлар кузатилди.
Хусусан, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ўтган 2019 йилда жами 5,0 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш 107,6 фоизга таъминланган.
Статистика маълумотларга кўра, 2019 йил якуни билан: 8180 минг тонна - цемент, 18,8 млн kv.m 2-мм ўлчамда - қурилиш ойнаси, 8,0 млн kv.m - керамик плитка, 38,0 mln.kv.m. – гипсокартон, 110,0 минг тонна - қуруқ қурилиш аралашмалари, 65,1 mln.dona - деворбоп материаллар, 8,0 млн дона – шифер, 96,0 минг тонна – оҳак каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.
Эътиборлиси, ўтган давр давомида маҳаллийлаштириш дастури бўйича импорт ўрнини босувчи керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, керамогранит, безакли ойна, базалт арматураси, гулқоғоз (обой)ни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Бошланаётган янги 2020 йилда эса юқоридаги кўрсаткичлар янада ортиши кутиляпти. Хусусан, 2020 йилда қурилиш материаллари соҳаси бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 22,0 трлн. сўмга етказиш ва ўсиш суръатини 2019 йилга нисбатан 110 фоизга таъминлаш ҳамда 8473та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.