- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Маҳаллий хом ашёдан ДСП плиталари ишлаб чиқариш ривожлантирилади
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қоʼллаб-қувватлаш, экспортбоп, импорт оʼрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш давлатнинг иқтисодий салоҳиятини юксалишида муҳим омил ҳисобланади. Шу боис, ҳукуматимиз томонидан импортни қисқартириш, маҳаллийлаштириш дастури боʼйича сифатли, харидоргир маҳсулотларни тайёрлашга давлат сиёсати даражасида эʼтибор қаратилган.
Қурилиш материаллари саноатида ҳам бу борада изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Оʼзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан импорти юқори боʼлган қурилиш материаллари ёки унинг муқобил вариантларини юртимизда ишлаб чиқариш боʼйича бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Хусусан, йилдан-йилга талаб даражаси ортиб бораётган ёгʼоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турларини тайёрлаш боʼйича янги корхоналар ташкил этилмоқда.
Ҳозирда Қорақалпогʼистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 515 минг куб метр ДСП ишлаб чиқаришга моʼлжалланган 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан, 2019 йилда 40 минг, 2020 йилда 275 минг ва 2021 йилда эса 200 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.
2020 йилда Сурхондарё вилоятида умумий йиллик қуввати 195 минг куб метр боʼлган 2 та лойиҳа амалга оширилади. Навоий эркин иқтисодий зонасида эса тоʼгʼридан-тоʼгʼри чет эл инвестицияси ёʼналтирилган умумий қиймати 7,5 минг АҚШ доллари боʼлган корхона фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Қорақалпогʼистон Республикаси Моʼйноқ туманида эса “Моʼйноқ ЛДСП” МЧЖ томонидан умумий қиймати 8 млн. АҚШ доллари ҳисобига қамишдан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада, мазкур корхонада йилига 50 минг куб метр ДСП ишлаб чиқарилади ва 200 та доимий ва 500 та мавсумий иш оʼринлари яратилади. Шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида ҳам ДСПнинг муқобил турлари ишлаб чиқариш боʼйича лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти. Эʼтиборлиси, юқоридаги лойиҳаларнинг аксарияти қамишдан ДСП плиталари ишлаб чиқариш боʼйича изланишлар олиб боришяпти.
Маълумки, Республикамизда жами 66,3 минг гектар қамиш майдонлари мавжуд боʼлиб, улар асосан Қорақалпогʼистон Республикаси, Сурхондарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган. Шу боис, қамишдан ДСП маҳсулотини тайёрлашга алоҳида эʼтибор қаратилган.
Айни пайтда, ДСП ишлаб чиқариш боʼйича 4 та корхона оʼз фаолиятини бошлаган боʼлиб, уларнинг йиллик қуввати 70 минг куб метрни ташкил этади. Қорақалпогʼистон Республикаси Қораоʼзак туманида "Сифат Инвест Компанияси" МЧЖ, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида “Термиз Таъминот” МЧЖ ва Сирдарё туманида жойлашган “Файз” МЧЖ қоʼшма корхоналари қамиш ва гʼоʼзапоядан ДСП ишлаб чиқариш ёʼлга қоʼйилган боʼлса, Оʼзбекистон туманидаги “Яйпан водий ламинати” МЧЖ эса терак ва бошқа ёгʼоч қипиқларидан ана шундай маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Мақсад ички бозорни маҳаллий, сифатли, импорт оʼрнини босувчи ёгʼоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турлари билан таъминлаш ва янги иш оʼринларини яратишдир.