- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- «Қурилиш жараёнини онлайн мониторинг қилиш коррупсиянинг олдини олади» — Вазирлик
Янги жорий этилаётган «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими соҳада коррупсия ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Бу ҳақда Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, ҳозирда замонавий коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш мақсадида «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими устида мутахассилар иш олиб бормоқда. Ушбу тизимнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
объэктлар қурилишини молиялаштиришда пудратчи билан буюртмачи ўртасида шартнома имзолангани ва аванс маблағлари тўлангани, ойма-ой бажарилган ишларнинг ҳисоботини юритиш ва бажарилган ишларга нисбатан мутаносиб равишда молиялаштирилгани тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш;
объэктлар қурилишида иштирок этаётган барча пудратчилар ва ёрдамчи пудратчилар ҳақида маълумотларни йиғиш, бажарилган иш ҳажмлари асосида тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, улар томонидан амалга оширилаётган иш турлари бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;
объэктларда қурилиш жараёнларини назорат ва мониторинг қилишда уларни рўйхатга олиш, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш каби қатор вазифаларни ўз ичига олади.
Вазирлик ходимлари сўзларига кўра, қурилиш экспертизасини рақамлаштириш — лойиҳачига масофадан туриб, интернет орқали лойиҳасини экспертизага жўнатиш имконини беради. Экспертлар эса лойиҳани кўриб чиқиб, эътирозли ўринлари бўлса интернет орқали лойиҳачига қайтариб жўнатади. Тайёр ҳолда бўлса, қабул қилади. Мазкур тизимнинг қулайлиги шундаки, лойиҳачиларнинг қоғоз кўтариб сарсон бўлишининг олди олинади.
«Яна бир муҳим жиҳати: бунда лойиҳачи ва унинг ишини кўриб чиққан инспектор бир-бирларини кўрмайди ва табиийки натижада коррупсияга йўл қўйилмайди», — деди вазирлик матбуот котиби Жамолиддин Қаландаров.
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида реал вақт режимида ишлай бошлаши қайд этилди.
Тадбир давомида «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 центябрдаги Президент қарорида белгиланган бошқа муҳим вазифалар ижроси муҳокама қилинди.