- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Қурилиш материаллари экспорти ошмоқда
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларига бўлган талаб нафақат маҳаллий балки, жахон бозорларида ҳам ўсиб бормоқда. Aйниқса, гипсокартон, иссиқлик сақловчи шиша момиғи, оҳак, керамик плиткалар, гипс каби маҳсулотлар экспорти йилдан-йилга ортмоқда.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йилда қурилиш материаллари соҳаси учун экспорт прогнози 95,0 млн. доллар миқдорида белгиланган бўлиб, ушбу кўрсаткич экспортер корхоналар томонидан 140 млн. доллар ёки 147%га бажарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил экспорт прогноз кўрсаткичлари тўғрисидаги топшириғига мувофиқ “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги корхоналарга жорий йилдаги прогнози 55,0 млн. доллар миқдорида белгиланган бўлиб, ушбу кўрсаткич 85,3 млн. долларга ёки 155%га етказилди.
Ушбу даврда уюшма аъзо корхоналари томонидан 6,0 млн. долларлик керамик плиткалар, 4,7 млн. долларлик оҳак, 3,9 млн. долларлик гипсокартон, 6,3 млн. долларлик қоғоз, 2,3 млн. долларлик ойна ва ойна маҳсулотлари, 1,8 млн.долларлик гул қоғоз ва бошқа турдаги маҳсулот ва қурилиш хизматлари экспорти амалга оширилди.
Экспорт қилинган анъанавий бозорлар Қозоғистон (керамик плиткалар, оҳак, гипсокартон, иссиқлик сақловчи шиша момиғи(стекловолокно) ва бошқа маҳсулотлар), Қирғизистон (керамик плиткалар, безакли ойна, оҳак ва бошқа маҳсулотлар), Туркманистон (гипсокартон, гипс, ленолеум, лок-бўёқ, қоғоз маҳсулотлари), Aфғонистон (гипсокартон, гипс, банка ва бутилкалар, қоғоз маҳсулотлари) каби мамлакатлар ҳисобланади.
Эътиборлиси, экспорт географияси 2019 йилда Озарбайжон (керамик плиткалар, гулқоғоз, иссиқлик сақловчи ойна момиғи(стекловолокно), қоғоз маҳсулотлари), Туркия (вермикулит, мис ва ПВХ труба ва фитинглар), Россия Федерацияси (керамик плиткалар) ва Украина (иссиқлик сақловчи ойна момиғи (стекловолокно), труба ва фитинглар, банка ва бутилкалар каби маҳсулотлар) каби мамлакатлар ҳисобига янада кенгайди.
2020 йилда республика қурилиш материаллари соҳасига 200,0 млн. долларлик қурилиш материаллари ва қурилиш хизматлари экспорт прогноз кўрсаткичи белгиланган.
2020 йил учун белгиланган экспорт прогноз кўрсаткичларининг асосий улуши 43 турдаги қурилиш материаллари ва хизматларга тўғри келмоқда, жумладан, цемент, алюмин профиллар, керамик плитка, оҳак, гипсокартон, ойна ва ойна маҳсулотлари, гул қоғоз ва бошқалар.
Йилдан-йилга мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материалларига жаҳон бозорида талабнинг ортиши, маҳсулотларнинг сифатли ва жаҳон стандартларига тўла жавоб беришидан далолат беради.