Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича илмий ишланмалар молиялаштирилади


Соҳага инновация ва илм-фанни жорий қилиш орқали ҳар жиҳатдан самарадорликка эришиш мумкин. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларига илмий техникавий ишланмаларни тадбиқ этилиш натижасида янги турдаги, энергия тежамкор, замонавий, жаҳон стандартлари даражасидаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Шу боис «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасида ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 2019 йилда умумий қиймати 7.6 млрд. сўмлик 10 та йўналиш бўйича инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди.

Эътиборлиси, ўтган 2019 йилда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси қошидаги Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий Кенгашига жами 29 та инновацион технологияларни жорий қилиш ва янги турдаги юқори қўшилган қийматли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.

Кенгашнинг қарорига асосан қуйидаги 7 та илмий ишланмалар молиялаштиришга йўналтирилди:

“Иссиқлик электростанцияларининг саноат чиқиндилари (золошлак)дан фойдаланиб янги инновацион қурилиш материали, золобетон блоклари ишлаб чиқариш” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 2.5 млрд сўм);

“Азбозурит ичидан асбестни саралаб олиш технологияси ва унинг иқтисодий самарадорлиги” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 205 млн сўм);

“Маҳаллий хом-ашё асосидаги энергия ва ресурс сарфини камайтирадиган янги куйдирилмасдан олинадиган боғловчилар” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 1.2 млрд сўм);

“Маҳаллий табиий ва иккиламчи ресурслар асосида юқори сифатга эга клинкерли цемент ишлаб чиқариш ва олиш” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 0.8 млрд сўм);

“Автомобиль йўллари қурилишида қўллаш учун маҳаллий хом ашё асосида модификацияланган серобетон ишлаб чиқариш” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 1.6 млрд сўм);

“Таркибида глауконит ва темир мавжуд бўлган чўкинди жинслар асосида пигментлар олиш технологиясини ишлаб чиқиш” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 1.2 млрд сўм);

“Ангрен ва Янгиангрен иссиқлик электр станцияларининг саноат чиқиндиларидан фойдаланиб том ёпиш қопламаси (шифер) ишлаб чиқариш технологияси” (Умумий молиялаштириш ҳажми – 1.7 млрд сўм) лойиҳалари.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech