- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Маҳаллий хом ашёдан ДСП плиталари ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан импорти юқори бўлган қурилиш материаллари ёки унинг муқобил вариантларини юртимизда ишлаб чиқариш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Хусусан, йилдан-йилга талаб даражаси ортиб бораётган ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турларини тайёрлаш бўйича янги корхоналар ташкил этилмоқда.
Айни пайда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 475 минг куб метр ДСП ишлаб чиқаришга мўлжалланган 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Натижада 2020 йилда 275 минг куб метр ва 2021 йилда эса 200 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш янги қувватлари фойдаланишга топширилади.
Хусусан, жорий йилда Сурхондарё вилоятида умумий йиллик қуввати 195 минг куб метр бўлган 2 та лойиҳа амалга оширилади. Навоий эркин иқтисодий зонасида эса тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси йўналтирилган умумий қиймати 7,5 минг АҚШ доллари бўлган 30 минг куб метр қувватга эга корхона фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида эса “Мўйноқ ЛДСП” МЧЖ томонидан умумий қиймати 8 млн. АҚШ доллари ҳисобига қамишдан ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Натижада, мазкур корхонада йилига 50 минг куб метр ДСП ишлаб чиқарилади ва 200 та доимий ва 1500 та мавсумий иш ўринлари яратилади. Шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида ҳам ДСПнинг муқобил турлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар устида ишлар олиб бориляпти. Эътиборлиси, юқоридаги лойиҳаларнинг аксарияти қамишдан ДСП плиталари ишлаб чиқариш бўйича изланишлар олиб боришяпти.
Маълумки, Республикамизда жами 66,3 минг гектар қамиш майдонлари мавжуд бўлиб, улар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида жойлашган. Шу боис, қамишдан ДСП маҳсулотини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Айни пайтда, ДСП ишлаб чиқариш бўйича 4 та корхона ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 70 минг куб метрни ташкил этади. Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида "Сифат Инвест Компанияси" МЧЖ, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида “Термиз Таъминот” МЧЖ ва Сирдарё туманида жойлашган «Файз» МЧЖ қўшма корхоналари қамиш ва ғўзапоядан ДСП ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, Ўзбекистон туманидаги “Яйпан водий ламинати” МЧЖ эса терак ва бошқа ёғоч қипиқларидан ана шундай маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.