Сендвич панель ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилади


Дунё қурилиш полигонида асосан қисқа фурсатда бунёд этилувчи бино ва иншоотларни қуришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун металлоконструкция, сендвич панель, гипсокартон, йирик панель ва плиталар каби инновацион янги турдаги қурилиш материалларидан фойдаланиляпти. Сўнгги йилларда юртимиздаги амалга оширилаётган бунёдкорликларда сендвич панелларилари кенг қўлланилмоқда. Бугунги кунда юртимизда ҳам ушбу қурилиш маҳсулотларидан ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси мазкур қурилиш материалига бўлган талабни тўла қондириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширмоқда. Хусусан, 2020-2021 йилларда уюшма масъуллигида умумий қиймати 445 млрд сўм бўлган 10 та лойиҳа ишга туширилади. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,8 млн. кв. метрга ортади.

Айни пайтда Республикамизда сендвич панель ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар жами 32 та бўлиб, унинг энг катта қисми Тошкент шаҳрида жойлашган. Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳам ушбу йўналишда йирик корхоналар фаолияти йўлга қўйилади.

Маълумот учун: сендвич панель – уч қаватли, икки чет қатлами металл тунукадан ва ўрта қатлами иссиқлик сақловчи материалларидан иборат прессланиб елимланган қурилиш материалидир. Ундан асосан бино ва иншоотларида ташқи деворбоп ва томёпқич материал сифатида фойдаланилади. Эски биноларни капитал таъмирлашда кенг қўланилади. Сендвич панелининг афзаллик жиҳатлари шундаки, керакли иссиқлик ўтказувчанликка чидамли, иссиқлик самарадорлиги анъанавий қурилиш материалларига қараганда 10 баробар юқори ва энергия тежамкор.

Ҳозирги кунда Тошкент вилоятининг Зангиота ва Юқори Чирчиқ туманларидаги махсус касалхона ва карантин зоналари қурилиш жараниёда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган сендвич панеллардан кенг фойдаланилмоқда.



Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech