- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Навоий вилоятида маҳаллий хом ашёдан ДСП плиталари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ишга туширилди
Навоий вилоятида маҳаллий хом ашёдан ДСП плиталари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ишга туширилди
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан импорти юқори бўлган қурилиш материаллари ёки унинг муқобил вариантларини юртимизда ишлаб чиқариш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Хусусан, йилдан-йилга талаб даражаси ортиб бораётган ёғоч-қириндили плиталар (ДСП) ҳамда уларнинг муқобил турларини тайёрлаш бўйича янги корхоналар ташкил этилмоқда.
Ана шундай корхоналар бири «Навоий» эркин иқтисодий зонасида ўз фаолиятини бошлади. “Зҳонг Тиан” ХК МЧЖ томонидан терак ва ғўзапоядан МДФ ва ДСП ишлаб чиқариш йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 8 млн доллар бўлиб, унга Хитой давлатининг Ҳебеи Нев Силк Роад Импорт анд Эхпорт Траде Co.Ltd. компанияси томонидан 7,5 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинган. Корхона йилига 30 минг. квадрат метр МДФ ва ДСП ишлаб чиқариш қувватига эга.
Мазкур корхонани барпо этиш учун «Навоий» эркин иқтисодий зонасидан 4,4 гектар ер ажратилган бўлиб, бу ерда асосий ишлаб чиқариш биноси ва қўшимча иншоотлар барпо этилди. Корхона сўнгги русумдаги энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган. Эътиборлиси, лойиҳа амалга оширилиши билан бу ерда 70 та янги иш ўринлари яратилди.
Корхона йилига 10,6 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилишни режалаштирилган. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқариш хавфсизлик талабларига риоя қилинган холда йўлга қўйилган бўлиб, маҳсулотлар харидорларга етказиб берилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилда қамишдан ДСП ишлаб чиқариш бўйича 2 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида умумий қиймати 8 млн. доллар бўлган, йилига 50 минг куб метр ДСП ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Мўйноқ ЛДСП” МЧЖ ташкил этилади. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида “Сурхон КСП Гранд” МЧЖ томонидан йилига 150 минг куб метр ДСП ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.