- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Маҳаллий керамик плиткаларга талаб ортиб бормоқда
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган, талаб юқори бўлган қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган. Вилоят ҳокимлиги ва тижорат банклари билан ҳамкорликда асосий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, ушбу йўналишда инвестиция лойиҳалари амалга ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга мавжуд корхоналарда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, экспорт учун янги жаҳон бозорларини ўрганиш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Айниқса, керамик плитка ишлаб чиқариш йўналиши борасида сезиларли натижага эришиляпти. Боиси, ушбу маҳсулотларга нафақат маҳаллий балки, жаҳон бозорида талаб ўсиб бормоқда. Шу боис корхоналар томонидан янги технологиялар ўрнатилиб, ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтириляпти. Биргина 2019 йилда уюшмага аъзо корхоналар томонидан 8 млн 891 минг метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилди.
Таҳлилларга кўра, энг кўп маҳсулот Фарғона вилоятида жойлашган йиллик қуввати 4,5 млн метр квадрат бўлган “Модерна серамис индустриес Фергана” МЧЖ томонидан тайёрланган. Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган экспортёр корхоналардан бири “Приме серамисс” МЧЖда ўтган йил давомида 1,9 млн метр квадрат керамик плиткалар ишлаб чиқарилган. Шунингдек, “Греат валл серамис индустриес” МЧЖ (1,1 млн метр квадрат), «Ориент-серамис» МЧЖ (440 минг метр квадрат), “Премиум элегант серамисс” МЧЖ (667 минг метр квадрат), “Эҳсан майбод мануфастуринг” МЧЖ (274 минг метр квадрат) каби корхоналарда ҳам маҳаллий керамик плиткалар харидорларга етказилган. Эътиборлиси, 2019 йилда уюшмага аъзо корхоналар томонидан 6 млн долларлик керамик плиткалар экспорт қилинган. Бу борада “Приме серамисс” МЧЖ, «Ориент-серамис» МЧЖ ва “Модерна серамис индустриес Фергана” МЧЖ ларида экспорт кўрсаткичлари юқори ҳисобланади.
Яна бир янгилик, жорий йилдан бошлаб Ангрен шаҳрида Италия технологиялари асосида керама гранит ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Люх Гранит” МЧЖ фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Корхонанинг йиллик қуввати 2, 8 млн метр квадрат бўлиб, шу кунгача 30 минг метр квадрат маҳсулот ишлаб чиқаришга эришди. Мазкур корхона маҳсулотларининг қарийб 60 фоиз ортиғи экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.