- Главная
- Matbuot markazi
- Matbuotda nashr etilgan materiallar
- Янги цемент заводини барпо этиш ишлари қизғин давом этмоқда
«ОҲАНГАРОНСEМEНТ» ("ЭВРОСEМEНТ груп" Холдинги таркибига киради) АЖнинг инвестиция дастури бўйича барпо этилаётган заводида янги юқори технологияли ишлаб чиқариш линиясининг асосий бўғини бўлган айланма печь корпуси ўрнатилиши якунланди. Айланма печь замонавий энергия тежовчи технологиялар, хавфсизлик ва технологик жараённи назорат қилиш воситалари билан жиҳозланган. Ускунанинг қуввати янги корхонага ҳар қандай мураккабликдаги қурилиш лойиҳалари учун йилига 3 миллион тонна юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш имконини беради.
Қурилиш майдонида айланма печь корпусининг қисмларини пайвандлаш бўйича ички ва ташқи ишлар амалга оширилди, бандажлар ва таянч роликлари, асосий ва ёрдамчи ҳаракатлантирувчи узатмалар ўрнатилди. Айланма печь юқори технологияли ўлчов асбоблари, сканерлар, газ анализаторлари, манометрлар билан жиҳозланган бўлиб, улар эвазига юқори энергия самарадорлиги таъминланади ва атроф-муҳитга бўладиган таъсир минималлаштирилади, ускунанинг ишлаши ҳақида зарур рақамли маълумотлар тўпланади.
Асосий технологик фильтрларни ўрнатиш якунланди, конвейер ускуналарини ўрнатиш, хом-ашё ва цемент тегирмонларини йиғиш, жағли ва болғали майдалагичларини ўрнатиш давом этмоқда. 110/10 кВли асосий электр станциясининг қурилиш-монтаж ишлари якунланиш босқичида, электр кабеллари тизимини монтаж қилиш ва тарқатиш, янги корхонага ички газ таъминоти тармоқларини ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
«ОҲАНГАРОНСEМEНТ» АЖ майдончасида янги цемент заводи қурилиши коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш билан боғлиқ махсус иш режими шароитига қарамай фаол давом этмоқда. Жамоа ва пудрат ташкилотлари ходимлари ўртасида касаллик тарқалиш хавфини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар бажарилмоқда, барча зарур профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Лойиҳа Россия ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари ва бош вазирлари ҳузурида имзоланган "ЭВРОСEМEНТ груп" ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» ўртасида қурилиш материаллари саноат кластерини қуриш бўйича ҳамкорлик меморандуми ва келишув доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция йўналтирилган.