Цементга бўлган талаб тўла қопланади


Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, импортни қичқартириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳаллий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз иқтисодиётининг энг муҳим бўғимларидан бири бўлган қурилиш материаллари саноатида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасида талаби юқори бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллий ва хорижий бозорда талабни ўрганиш, янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини қайта модернизация қилиш, ушбу йўналишда кўплаб инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш яхши йўлга қўйилган. Жумладан, мамлакатимизда цементга бўлган талабни тўла қоплаш мақсадида бир қатор инвестиция лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этиш натижасида янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

2020-2021 йилларда уюшма масъуллигида 23 та янги цемент заводларини ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4 млн. тонна бўлган энг йирик цемент заводи барпо этилади. "УТД Ҳолдинг" МЧЖ ҚКни ташкил этиш лойиҳа қиймати 400 млн. долларни ташкил этади. Ҳозирда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Вилоятда шунингдек, "Эко цемент" МЧЖ (йиллик қуввати – 810 минг тонна), "Энтер цемент" МЧЖ ҚК (йиллик қуввати – 1 млн тонна), "Жиззах цемент" МЧЖ ҚК (1 млн тонна) ва "Ҳуахин Семент Жиззакҳ" МЧЖ ХК (йиллик қуввати – 1,2 млн тонна) каби корхоналар фаолияти йўлга қўйилади.

Тошкент вилоятидаги «Оҳангаронсемент» АЖ ҳудудида ҳам улкан цемент заводи қад ростлаган бўлиб, ҳозирда ускуналарни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Умумий қиймати 200 млн доллар бўлган ушбу лойиҳа амалга оширилгач, йиллик қуввати 2,4 млн тонна бўлган корхона жорий йилда ўз ишини бошлайди. Эътиборлиси, бу ерда 1000 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2020-2021 йилларда цемент ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 500 млн доллар бўлган инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Ҳудудда умумий қуввати 3 млн тонна бўлган 2 та янги завод фаолияти йўлга қўйилади. Булар, Қораўзак туманидаги "Қаратав Семент Плант" МЧЖ ХК ва Беруний туманида жойлашган "Сарис Каракалпак семент" МЧЖ ХКдир. Айни дамда янги корхоналарни барпо этиш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти.

Шунингдек, Самарқанд ("Ҳенгюан Цемент” МЧЖ КҚ, “Мароканд цемент инвест" МЧЖ ҚК), Қашқадарё ("Карши конч цемент" МЧЖ ХК), Андижон ("ГРС буилдинг материалс" МЧЖ, "Раш милк" МЧЖ, "Ишончли посбон текстиль"), Наманган ("Поп цемент" МЧЖ, "Наманган Жингмингянг марериалс булдингс" МЧЖ ҚК) ва Фарғона (“Жакоб Пфеиффер” МЧЖ ҚК, "Шаффоф Цемент Саноат” МЧЖ ҚК) вилоятларида ҳам янги цемент заводларини қуриш лойиҳалари амалга ошириляпти.

Шу билан бирга «Қизилқумсемент» АЖ, «Бекободсемент» АЖ, «Сурхонсементинвест» МЧЖ ҚК ва “Фарғона Ясин қурилиш моллари” МЧЖ ҚКларида қўшимча янги қувватлар яратилади. Эътиборли жиҳати шундаки, янги цемент заводлари энергия тежамкор, муқобил энергия манбаида ҳам ишлайдиган, экологияга таъсири кам бўлган технологиялар билан жиҳозланмоқда.

Маълумот учун, 2019 йилда амалдаги 28 та цемент заводлари томонидан 11,0 млн. тонна цемент ишлаб чиқарилган. Жорий йилда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида ушбу кўрсаткич 14,5 млн. тоннага етказилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech